Жорий йилнинг 15-16-октябрь кунлари Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган “Фиқҳий ихтилофларни маданий бошқариш” мавзусидаги конференцияда сўзга чиққан Миср диёри муфтийси Доктор Шавқий Аллом жумладан шундай деди: “Бу йилги анжуман фиқҳий ихтилофлар нуқтаи назаридан нафақат фикрий ва ахлоқий муаммоларни ҳал қилади, балки ушбу ихтилофлардан тўғри ва оқилона фойдаланиш орқали замонавий цивилизация шароитида фатво бериш ва фиқҳий ҳамкорликни йўлга қўйишда энг фаол механизмга айланади. Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, ҳар йили ушбу конференцияни бутун ислом уммати катта қизиқиш ва эътибор билан кузатиб боради. Зотан, ушбу конференцияда кўтарилган масалаларнинг муҳимлиги ва катта эътиборга моликлиги ҳамда унда кўтарилган масалаларнинг ечими ва хулосалари тез орада ислом умматининг юксалишига хизмат қиладиган дастурул амалга айланиши билан бир қаторда, террористик ва экстремистик гуруҳларнинг режаларини барбод қиладиган кучга айланади”.
Доктор Шавқий Аллом ўз сўзида яна қуйидагиларни қўшимча қилди: “Бу йилги анжуман энг муҳим диний мавзулардан бири бўлмиш “фиқҳий ихтилофларни маданий бошқариш” масаласини тадқиқот ва маслаҳат учун иш столи устига қўйди. Ушбу масала ҳозирги тез ўзгариб бораётган замонда умматнинг эҳтиёжи энг кўп тушаётган замонавий масалалардан эканлиги ҳам барчага маълум. Зеро, фиқҳий ихтилофлар мусулмон уламолари наздида соғломлаштирувчи восита сифатида баҳоланиб, у ислом фиқҳининг ҳаётийлиги ва ҳар қандай замон ва маконга мос келишини ўзида акс эттиради. Дарҳақиқат, бошқа умматларда камдан кам учрайдиган фиқҳдаги шундай соғлом рақобат ислом қонунчилиги ва фиқҳининг бойиб боришида фаол ўрин тутган.
Шавқий Аллом ўз сўзида давом этиб: “Ихтилофларни бошқариш масаласи узоқ кечган тарихий даврлардан кейин ҳам ҳамон инсоният онгини машғул қилиб келмоқда. Инсоният ўтган вақт давомида баъзида ихтилофларнинг самарасидан манфаат топган бўлса, баъзида эса, диний мутаассиблик ёки гуруҳвозлик ёҳуд мазҳабпарастлик оқибатида кўп қийинчилик ва машаққатларни бошидан кечирган. Шунинг учун фиқҳий ихтилофлар масаласини маданий муомала орқали ҳал этишнинг мусулмонларнинг бирлигини таъминлашда, уларни бошқа турли динлар, маданиятлар ва цивилизациялар билан тинч-тотув яшашларида таъсири каттадир. Батаҳқиқ, мусулмон уммати ихтилофларнинг кўплиги ва манбаъсининг хилма-хиллигига кўра муташаддид кучларнинг аралашувидан жуда катта зарар кўрди. Такфир масаласига ўта шиддатли тус берилдики, уни фақат мусулмонни диндан чиқариш мақсадида ишлатишга ўтиб қолинди. Такфир масаласи шу даражада кенг авж олиб кетдики, алалоқибат Аллоҳ таоло ҳаром қилган ноҳақ қон тўкилишигача бориб етди. Ундай кучларнинг қадами қаерга етмасин, ўша ерда фитна тарқалди. Натижада, бутун оламга ҳақиқий маънодаги хавфу хатарни юзага келтирди. Фиқҳий ихтилофни бошқаришдаги қолоқ ва қотиб қолган бундай ҳаракатлар бизларнинг юртимиз ва халқларимизга яхшиликни истамайдиган баъзи бир давлатлар ва кучларнинг режасига жуда мос келди. Оқибатда, ана шундай қолоқликдан динимизга, халқимизга ва тинчлигимизга раҳна соладиган хатарлар пайдо бўлди. Ҳозирги кунда уламолар ва фуқаҳоларнинг зиммасида ана шундай бузғунчи фикрларга қарши туриш масъулияти бордир”-деди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими мудири
Ҳ.Ишматбеков
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.
Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.
Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.
Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини иймон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) деганлар.
Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.
Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.
Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради. "У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 5-оят).
Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”
Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).
Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тенг. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.
Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД