Ислом байроғи остида фаолият кўрсатаётган экстремизмнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихнинг муайян даврида устувор бўлган кўплаб омиллар, турли жараёнларнинг ўзаро таъсирлашувининг натижаси деб тушуниш мумкин. Ўрганиш, дин ниқоби остида пайдо бўлган экстремистик ҳаракатларнинг ғоявий илдизлари ислом тарихининг биринчи асрига бориб тақалишини кўрсатади. «Асримиз вабоси бўлмиш бу жирканч иллатнинг фақат шафқатсиз кўринишларини эмас, балки илдизларига етиб бориб, жамият ҳаётидан, дунё халқлари ҳаётидан уни таг-томири билан суғуриб ташлаш – барча давлатларнинг энг долзарб вазифаси бўлиши керак, бу йўлда барчамиз бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз, қаттиқ кураш олиб боришимиз шарт».
Тарихий манбаларда мазкур оқимларнинг тарқалиши, фаолияти ва уларнинг ўзига хос йўналишлари батафсил таҳлил қилинган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган деярли барча экстремистик гуруҳлар ўша оқимларга хос хусусиятларни ўзида жамлаган ҳолда, улар қўллаган услуб ва ғоялардан кенг фойдаланиб келмоқда.
Ислом ниқобидаги экстремизмнинг илк вакиллари сифатида 657 йили халифа Али розияллоҳу анҳу аскаридан ажралиб чиққан, ўзларини ҳақиқий мусулмон, сафларига қўшилмаганларни «диндан қайтган» деб эълон қилиб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борган «хорижийлар» (арабча – «ажралиб чиққанлар», «исёнчилар») оқими фаолияти фикримизнинг исботи бўла олади.
Демак, Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бўлган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, Ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда, қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳам фирқаларга бўлинмасликка буюрилади. Хорижийлар ўз талқинларидаги «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдори эди. Илк Исломда инсон эътиқодини белгилашда ниятга эътибор берилган бўлса, хорижийлар амалга қараб баҳо берди. Айнан хорижийлар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берган эди. Шунингдек, хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини қилган ишларига қараб баҳолаш керак, деб ҳисоблаб, ўзларининг талқинидаги Ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган эди. Бундай ғоялар ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқишига ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди.
VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми билан аталадиган бир неча фирқалар пайдо бўлди. Ана шундай мутаассиб фирқалар орасида энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа номини олган Нофиъ ибн Азрақ бошчилигидаги «Азрақийлар» оқими алоҳида ўрин эгаллайди. Азрақийлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни «кофир» деб, уларнинг таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар.
IX аср охирида Ироқда юзага келган «қарматийлар» экстремистик ҳаракати эса Ислом арконларини тан олмаган ҳолда, ҳаж амалини ҳам бидъат, бутпарастлик деб эълон қилган эди. Ҳаракат ўз номини унинг асосчиси Ҳамдон ибн Ашъаснинг лақаби Қармат сўзидан олган бўлиб, унинг маъноси манбаларда турлича «калта оёқ» ёки «қизил кўз» каби маъноларда ифодаланган. Қарматийлар Ислом тарихида ўчмас доғ қолдирган жиноятларни содир этган. Улар ҳаж мавсумларида карвонларга ҳужум уюштириб, қароқчилик ва босқинчилик билан кун кечирганлар. Хусусан, 930 йилда улар Маккага бостириб кириб, шаҳарни талон-тарож қилганлар, бир неча минг ҳожиларни ва Макка аҳолисини қатл этиб, асирга олганлар. Улар: «Биз тошга сиғинувчиларга қарши курашмоқдамиз», дея ҳожиларни бутпарастга чиқариб, ўзларининг қабиҳ ишларини оқламоқчи бўлганлар. Каъбани вайрон қилиб, қора тошни иккига бўлиб, Баҳрайнга олиб кетганлар, фақат 20 йилдан кейин катта тўлов эвазига у Маккага қайтарилган.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
Бувайда туман бош имом-хатиби
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати