Замонавий воқеалик диний экстремизм ва халқаро терроризмнинг салоҳияти ҳам сифат ва миқдор жиҳатдан жиддий ўсганини кўрсатмокда. Бу эса ўз навбатида диний терроризмнинг глобал хавфсизликка йуналтирилган жиддий таҳдидга айланаётганини бугундаги воқеаликлардан кўриб, билиб турамиз. Глобаллашув жараёнлари ва йирик геосиёсий давлатлар орасидаги узаро манфаатлар тўқнашуви ва шу билан бирга фан – техника ютуқларидан бор бўйича фойдаланиш халқаро терроризмнинг “бой озуқа”си хисобланади.
Диний экстремизм жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш, ўз ғояларини муросасизлик ва мутаассибларча тарғиб қилишдан иборат. Марказий Осиёда қуриб олган шундай ташкилотлар минтақа халқлари учун минг йиллардан бери анъанавий ҳисобланган ҳанафий мазҳаби ва мотуридия ақидасини рад қилиб, аҳолии ўртасида сиёсийлаштирилган ислом ғояларини сингдиришга ва бу билан ёшлар онгини заҳарлаб, ўзларининг разил ва қабиҳ ғояларини амалга оширишда улардан ишчи қурол ўрнида фойдаланишга уринмоқдалар. Терроризм муайян сиёсий мақсадлар устига қурилган зўравонликка асосланган кучдир. Уларнинг мақсади ўз режаларини амалга ошириш жараёнида, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, ахолининг кенг қатламларини қўрқув ва ваҳима остида ушлаб туриш. Терроризмнинг бош мақсади қонуний ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишдан иборат.
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, одамларимизнинг тўқ ва фаровон яшаётганликлари, яратиб берилган имтиёз ва эркинликлар, энг асосийси, тинч хаётимиз ана шу халқаро террористик ва диний экстремистик ташкилотлар ва уларнинг маънавий раҳнамоларига ёқмаяпти. Шу боисдан улар зўр бериб, ўз ғаразли мақсадлари – ғояларини ёйишга, миллат бирлиги, юрт тинчлигига раҳна солишга уринишмоқда.
Диний – экстремистик гуруҳларнинг бош мақсади – «халифалик» ёки «ислом амирлиги» тузиш шиори остида хокимиятни эгаллашдир. Ушбу мақсадга эришиш йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтишмайди. Аввало, аҳолига ҳанафийлик мазҳабига зид мутаассиб ғояларни сингдириш, ижтимоий – сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, ҳукуматга тазйиқ ўтказиш, аҳоли орасида қўрқув, поракандалик, давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакиллантириш ҳамда Республика раҳбарияти томонидан дин соҳасида олиб борилаётган сиёсатни обрўсизлантириш каби оралиқ мақсадларига бўйсиндирилган фаолият олиб боришга ҳаракат қилишади. Уларнинг асосий фаолият услублари экстремистик руҳдаги адабиётлар, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш, ўз аъзоларини давлат тизилмаларига киритишга интилиш, мавжуд ижтимоий – сиёсий воқеаликни кескин қоралаш, давлат ва диний идора вакилликларини обрўсизлантириш ҳамда шу билан бирга террористик ҳаракатларни ўтказишдан иборат.
Минг афсуслар бўлсинким, ақидапараст оқим ва гуруҳларнинг ёвуз фаолияти туфайли, дунёнинг турли нуқталарида минг-минглаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилмоқда.
Диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг пешволари биринчи навбатда ёшларимиз орасига кириб олишга, уларнинг энди шаклланаётган онги, тасаввурини ўзларининг ботил ва ёвуз йўлларига солишга интилишади. Бу мақсад йўлида ҳеч нарсадан тойишмайди. Турмушнинг кичик муаммоларини дастак қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш орқали ўз йўлига тортиш синалган усуллардан бири.
Ёки қадим кадриятлар, мустаҳкам ақидаларни бузиш, уларни бошқача талқинга солиш ҳам кўп қўлланиладиган усуллардан бири.
Ақидапараст оқимлар биринчи навбатда келажагимиз бўлмиш ёшларга кўз тикишлари бежиз эмас. Бугунги ёшлар эртанги кунимизни, тараққиётини белгилаб берувчи кучдир.
Динимизда тарбияга алоҳида ўрин берилиши бежиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас», — деб марҳамат қилганлар. Фарзандларимизнинг фаол, ватанпарвар ёшларга айланиши кўп жиҳатдан ота-онага боғлик. Халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” мақоли бежиз айтилмаган. Бу борада нафақат ота-она маҳалла-кўй, ўқув даргоҳлари, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида иш олиб боришлари даркор.
Ёшларимизни нотаниш, мақсади ёвуз бўлган даъватчилардан асраш лозим. Биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарлашга қаратилган ғоялардан қатъият билан ҳимоя қилсаккина, ҳар қандай ғаразгўй кучлар юртимиз мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига раҳна сола олмайди.
Ў.Жуманазаров
Ҳазорасп тумани “Шохпир” масжиди имом-ноиби
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати