Умму Ҳоний – исмлари Фаҳитадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибнинг қизи бўлиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг опасидир. Исмлари хусусида турли ривоятлар мавжуд. Масалан: Ҳинд, Атиқа ёки Фотима каби исмларни келтирган ровийлари ҳам бор. Аммо, энг машҳур бўлгани Фаҳитадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ёш кичик бўлган. Ахлоқ ва фаросатда беназир аёл бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналари Омина онамизнинг вафотидан сўнг Ҳадича бинти Ҳувайлид розияллоҳу анҳога уйлангунларига қадар амакилари Абу Толибнинг уйида яшадилар.
Бу йиллар давомида ўзларини Абу Толиб оиласининг бир аъзосидек кўрар, асло ёлғизликни ҳис этмасдилар. У пайтда Фаҳита кичкина бир қиз эди.
Вақт ўтиб Фаҳита вояга етди. Қавми ичида мавқеи улуғ, сўзини ўтказа оладиган, Маҳзум ўғилларининг энг кўзга кўринган кишиларидан бири Ҳубайра ибн Ваҳб, Фаҳитани сўраб келганида Абу Толиб розилик билдирди. Фаҳита Ҳубайрадан икром ва эҳтиром кўрди. Унинг ҳимоясида бахтиёр ҳаёт кечирди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлди. Аҳли оиласини, қариндошларини ва қавмини Исломга даъват этди. Бир қисми унга ишонди ва тўғри йўлни топди, бир қисми ишонмади ва кофир бўлди. Ҳубайра адашганлар орасида эди. Мушриклар иймон келтирмайгина қолмай, зулм ва жафо билан, Исломнинг ёйилипшга тўсқинлик қилардилар. Аммо, Ҳубайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталаридаги қариндошликка риоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятларига ҳурмат кўрсатар эди. Дастлаб, Фаҳита ҳам эрига эргашиб, Исломга кирмади.
Лекин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган мўжизалардан бири “исро ва меърож” воқеаси айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳонийнинг уйида меҳмон бўлиб содир бўлди. Умму Ҳоний бу кеча ҳақида шундай ҳикоя қилади:
“Исро воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда меҳмон эканликларида бўлди. Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини ўқиб, ухладилар. Биз ҳам ухлаётган эдик. Эрта билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни уйғотдилар ва:
— Эй Умму Ҳоний! Кўрганингдек хуфтон намозини ҳам бу ерда ўқидим. Ҳозир ҳам сизнинг ёнингизда бомдод намозини адо қилдим, — дея таъкидладилар. Сўнгра уйдан чиқиш учун ўрниларидан турдилар. Мен кетмасин деб, ридоларининг бир учини тутдим. Қоринлари кўринди. Кўйлаклари Мисрда тўқилган, катандан қилинган оҳорли кўйлакка ўхшар эди.
— Эй Аллоҳниш пайғамбари, буни инсонларга айтманг. Сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади, — дедим.
— Аллоҳга қасамки, бу воқеани уларга айтаман, — дедилар. Шунда мен бир ҳабаш жориямга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кузатиб бор. Инсонларга нима ҳақида гапирганларини ва уларнинг жавобларнин эшит”, дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимиздан чиқиб, бошқа кишиларга ҳам бизга айтган гапларини айтдилар. Кўпчилик ўзини йўқотиб қўйди ва:
— Буни қандай исботлайсан, эй Муҳаммад. Биз бундай нарса ҳақида ҳеч эшитмаганмиз, — дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам :
— Далил шуки, мен фалон водийда, фалон кишиларнинг карвонига дуч келдим. Уларнинг туялари бир ҳайвондан ҳуркиб, қочиб кетган экан. Мен уларга туялари турган жойни кўрсатдим. Бу мен Шомда бўлган пайтимда юз берган эди. Сўнгра йўлимда давом этдим. Макка яқинидаги Тихома деган жойда Дажнон тоғига дуч келганимда фалон-фалон кишиларнинт карвонига тўқнаш келдим. Улар ухлаб ётардилар. Сув солинган бир идишлари бор эди. Устига бир нарса ўралганди. Ёпкични олиб, ичидаги сувни ичдим. Кейин қандай бўлса, шундай қилиб устини ўрадим. Ҳозир эса уларнинг қофиласи Макка яқинида, Танъим йўлидаги Байзо тепалигидан тушяпти. Олдинда рангги қорага мойилроқ кулранг туя бор. Туянинг устида бири қора, бошқаси оқиш иккита ҳарор* бор, — дедилар.
Бу гапни эшитганлар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган йўлга югурдилар. Илк кўрганлари туя бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тасвирлаганларидек кўринишда эди. Кейин карвондан идишни сўрадилар. Улар идишда сув тўла бўлганини, сўнг устини ўраб қўйганларини, уйғонганларида эса ичида сув қолмаганини тасдиқладилар.
Маккага қайтганларида бошқа карвонни ҳам учратдилар. Берилган саволга улар ҳам: “Тўғри сўзлабди, валлоҳи, у айтган водийда туямиз ҳуркиб қочди. Шунда бир овоз эшитдик. У овоз туямизнингг турган жойини айтди. У ерга бориб, туяни топдик”, дея жавоб бердилар”.
Исро ва меърож мўжизаси ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. Албатта, У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир”(Исро сураси, 1-оят).
Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи поклаб ёд қилмоқда ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни исро қилдиргани, яъни кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда. Оятдаги “Ўз бандаси”дан мурод, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Ушбу ояти каримадаги “Масжидул Ҳаром” ибораси Маккаи Мукаррама шаҳри маъносида келган. Исро кечасида Пайғамбаримиз Каъбаи Муаззама атрофидаги масжидда эмас, шаҳарнинг бир тарафида жойлашган амакиларининг қизи Умму Ҳониънинг уйида ухлаб ётган эдилар.
“Масжидул Ақсо”дан мурод Шоми Шарифдаги Байтул Мақдисдир. “Ақсо” сўзи “узоқ”, “чет” маъноларини билдиради. “Масжид” эса “ибодатхона”, “саждагоҳ” деган маъноларни англатиши ҳаммага маълум. Ўша пайтда Байтул Мақдис Маккаи Мукаррамага нисбатан узоқ ва энг четдаги ибодатхона ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уни “Масжидул Ақсо” деб номлади. Аллоҳ таоло Масжидул Ақсонинг атрофини баракали қилиб қўйганини ҳам айтмоқда.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Дин ва жамият
Ислом дини кишини ҳаддан ошиш, зўравонлик ва адоватдан қайтаради. Ҳар бир ишда ўрта йўлни тутиш, ақл билан иш кўриш, адолат ва инсофни сақлаш асосий мезонлардан экани таъкидланади.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар динимизга хос муқаддас тушунчаларни нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Улар диннинг асл моҳияти бўлган тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва эзгулик ғояларини бузиб, одамлар қалбига мутаассиблик уруғини сочишга ҳаракат қилмоқда. Бундай кимсалар хорижда туриб ижтимоий тармоқлар орқали ақидавий, фиқҳий, маҳзаб масалаларида халқимизни чалғитишга уриниб, мутаассиблик ва бошқа ёт ғояларни тарғиб қилиб, оммани шубҳалар гирдобига тортишга уринмоқда.
Ҳақиқий диндорлик одамлардан узилиш, ҳаётдан четлашиш ёки бошқаларга нисбатан қаттиққўллик қилиш эмас. Балки ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ҳурмат кўрсатиш, оилага масъулият билан қараш, жамиятга фойда келтириш ва ибодатни ихлос билан адо этишда намоён бўлади. Мутаассиблик эса шу мувозанатни бузади. Бундай киши ўз фикрини ягона ҳақиқат деб билади, бошқа қарашларни эшитишни истамайди. Фақат ўз фикрини ўтказишга уринади. У кўп ҳолларда диннинг асл моҳиятини эмас, балки ўзининг тор ва бирёқлама тушунчасини ҳимоя қилади. Шу сабабли мутаассиблик жамиятда муросасизлик, адоват ва бўлинишларга сабаб бўлади.
Аслида, чин мусулмон ўз эътиқодида мустаҳкам бўлиши билан бирга, бошқаларга нисбатан ҳам одоб, ҳурмат ва инсоф билан муносабатда бўлиши керак. Дин номидан қўполлик қилиш, одамларни камситиш, жамият тинчлигига рахна солиш ёки зўравонликни оқлаш қораланган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар бир ишда – хоҳ у дунёвий бўлсин, хоҳ охират амали бўлсин – ўртача бўлишга чақириб: “Ишларнинг энг яхшиси ўртачасидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бу эса Исломда инсон ҳаёти бир томонга оғишган эмас, балки мувозанатли бўлиши кераклигини кўрсатади.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “...Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар” (Ҳадид сураси, 27-оят), дейилган. Демак, киши ўз табиатига оғирлик қиладиган даражада ҳаётдан узилиб, тоат-ибодатга берилиб кетмаслиги керак.
Яна бир оятда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Мусулмон киши дунёни деб охиратни унутиши, охиратни баҳона қилиб, зиммасидаги бу дунё ишларини ташлаб қўйиши жоиз эмас.
Мутаассиблик илмсизлик сабабли келиб чиқади. Илмли киши ҳеч қачон ўзгалар билан тортишмайди ва ҳар ишда ўзиникини маъқуллайвермайди. Аксинча, ҳақ гап айтилганида тан олади. Шунинг учун фарзандларимизга ёшлигиданоқ диний билимларни чуқур ўргатиб, турли фитналардан огоҳ этиб боришимиз зарур. Зеро, ҳақиқий илм эгаларини ҳеч қандай бузғунчи ғоялар чалғита олмайди.
Ғафуржон ЭШОНҚУЛОВ,
Ургут туманидаги “Чубин” масжиди имом ноиби
Ҳ. Садриддинов уюштирди.
"Ҳидоят" журналини 7-сонидан