24 октябрь куни Россия Федерациясида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шакиров халқаро анжуман доирасида Россия мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Талъат Тожуддин жаноблари билан учрашди.
Мулоқотда Муҳаммад-Акмалхон Шакиров бош муфтий Талъат Тожуддинга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломларини етказди. Ўз навбатида, Талъат Тожуддин Ўзбекистон делегациясининг халқаро анжумандаги иштирокини юқори баҳолади.
Ўзаро суҳбатда бош муфтий жаноблари Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган даврларни хотирлаб, табаррук устозлардан сабоқ олгани, хусусан, Юсуфхон тўра Шокирхон ҳазратларидан дарс олганларини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, у Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси ўртасидаги дўстона муносабатлардан бағоят мамнун эканини билдирган. Келгусида ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишини билдирди. Келгусида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларида россиялик ёшларни ўқитиш ва диний соҳа ходимларининг малакасини оширишнинг йўлга қўйилиши жуда катта самара беришини қўшимча қилди.
Бундан ташқари учрашувда икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликнинг ўзига хос ўрни борлиги, ўтган йиллар мобайнида Россиядаги дин пешволарининг юртимизга ташрифи ва ўзбекистонлик уламоларнинг Россия Федерациясига сафарлари ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанини алоҳида қайд этилди.
Анжуман тафсилотларини сайтимизда кузатинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар.
Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз. Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан.
Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди”.
Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.
Даврон НУРМУҲАММАД