Ер сайёраси туяқуш тухуми шаклида. Буни Қуръони Каримда аниқ баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَالْأَرْضَ بَعْدَ ذَلِكَ دَحَاهَا
“Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди” (Назиат сураси, 30-оят).
Оятдаги “даҳа” феъли “ёйиб қўйди”, “чўзиб қўйди”, “кенг қилди” маъносини ифода қилади.
Шунингдек, “даҳа” феълининг ўзаги бўлмиш “даҳв”дан олинган “ал-мадҳа” сўзи “туяқуш тухуми турган жой” маъносини ифода қилади. Ҳозирги кундаги кўплаб олимлар “даҳв” калимасини тухумсимон нарса, туяқуш тухумига ўхшаган нарса маъноларини билдирувчи сўз эканини айтмоқдалар. Шундай олимлардан бири Зағлул Нажжордир.
Бугунги кунда космонавтлар орбитадан туриб олган Ер сайёрасининг расмлари бутун дунёга тарқалиб кетган. Унда Ернинг товуқ тухумидек ўта чўзинчоқ (эллипссимон) ёки дум-думалоқ (доирасимон) эмас, балки айнан туяқуш тухуми каби бироз чўзинчоқ ҳолатда экани ҳаммага кўрган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биргина сўз билан Ер сайёрасининг қандай шаклда экани, унинг сирти текис, ёйиқ, яшаш учун қулай тарзда яратганини баён қилиб қўйган.
Қуръони Карим нозил бўлган пайтда Арабистон ярим оролида бирорта обсерватория, астрономик кузатиш станцияси мавжуд бўлмаган, космонавтикага оид ҳеч қандай тасаввур йўқ эди.
Шундай шароитда Қуръони Каримда Ернинг шакли, ҳолати ҳақида аниқ илмий маълумотларнинг берилиши Қуръон Аллоҳ таолонинг ҳақ Каломи эканига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам У Зотнинг ҳақ пайғамбари эканликларига яққол далилдир!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги "Эрали эшон бобо" жоме масжиди замонавий асосда қайта қурилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди.
Масжиднинг очилиш тантанасида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, вилоят ва туман бош имом-хатиблари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланиб, янги масжиднинг эл-юртимиз маънавиятини янада юксалтириш, аҳоли ўртасида эзгулик ва маърифатни мустаҳкамлашга хизмат қилишини сўраб дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган саховатпеша инсонлар ҳаққига эзгу тилаклар билдирилди.
Маълумот ўрнида, барча замонавий талабларга жавоб берадиган ва зарур шароитлар яратилган мазкур жоме масжид бир вақтнинг ўзида 1000 нафар намозхонни қабул қилиш сиғимига эга.
Аллоҳ таоло ушбу муборак масжидни қиёматга қадар Қуръон тиловати, ибодат ва маърифат зиёси тараладиган қутлуғ даргоҳлардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати