Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар ва ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил:
Қаришингдан олдин ёшлигингни;
Касал бўлишингдан олдин соғлиғингни;
Камбағал бўлишингдан олдин бойлигингни;
Банд бўлишингдан олдин бўшлигингни;
Вафотингдан олдин ҳаётингни».
*****
Иймон энг буюк неъмат. Иймонли ҳолда яшаш энг буюк ҳаёт. Иймонли ҳолда ўлиш энг бахтли ҳолда ўлишдир. Аммо иймонли ҳолда ўлиш учун иймони тақозо қилган тарзда яшаган бўлиш керак.
*****
Қалбдан чиққан нарса қалбларни тешиб ўтади. Тил учида айтилган сўз эса, қулоқдан нарига ўта олмайди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ
*****
Ким Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ ўша бандасидан ҳамма нарсани қўрқадиган қилиб қўяди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ
*****
Мўмина аёлнинг пардози
Бир мўмина аёлдан пардозланиш учун нималардан фойдаланиши ҳақида сўрадим. Қуйидагича жавоб берди:
«Ростгўйликни лабим учун, Қуръонни овозим учун, раҳм-шафқатни кўзим учун, эҳсонни қўлим учун, истиқоматни барча аъзоларим учун, Аллоҳга ихлос қилишни қалбим учун ишлатаман».
*****
Ажиб одамлар орасида яшаяпмиз.
Бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган кимса омонатдорлик ҳақида гапирса!
Хоин кимса хиёнатнинг зарарлари ҳақида гапирса!
Қўрқоқлар шижоат ҳақида асарлар ёзиб, шеърлар битса!
Ўғри, порахўр, судхўрлар ҳалоллик ҳақида ваъз ўқиса!
Беҳаё, ярим-ялонғоч, бетгачопар аёл-қизлар иффат, уят, ибо, мулойимлик ҳақида гапирса!
Золимлар адолат ҳақида насиҳат қилса!
Ташқи кўринишида, юриш-туришида, ҳаёт тарзида маънавият, зиёнинг асари йўқ кимса маънавий юксалиш, ахлоқий фазилатлар ҳақида нутқ қилса!
*****
Инсонлар қилган ёмон ишинг сабабли ўтмишингдаги барча яхшиликларингни унутадилар.
Аллоҳ таоло чин тавбанг сабабли ўтмишингдаги барча ёмонликларингни кечиради.
«Ховатир роқия журнали»
*****
Ким бир соатлик машаққатга бардош бермаса, бир умр жаҳолат хорлигида қолади.
Асмаъий
*****
Болажоним, шараф, баъзилар ўйлаганидек, фақат жасадда бўлмайди. Балки шараф сўзларда, ваъдада, амалда, муҳаббатда ҳам бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Муваффақиятли шахсга ҳужум қилиш ўрнига ундан-да муваффақиятлироқ бўлишга ҳаракат қил! Ҳасад билан ҳавас ўртасидаги фарқ шудир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
1. Дуо қилиш. Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир.
Солиҳлардан бири айтади: "Аллоҳга қасам! Арафа куни бирор дуо қилсам, бир йил ўтмасидан туриб уни худди ёришган тонг каби амалга ошганини кўрдим".
Ўтган солиҳлар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди. Қанчадан қанча орзу-умидлар ва дуолар арафа кунида ижобат қилинган.
2. Ушбу дуони кўп қилиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.
3. Аллоҳдан дўзахдан паноҳ сўраш. Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!”.
4. Такбири ташриқ айтиш. Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
5. Рўза тутиш. Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Арафа кунингиз муборак бўлсин. Аллоҳ таоло сизни бу куннинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД