Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Март, 2026   |   1 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:35
Аср
16:47
Шом
18:40
Хуфтон
19:52
Bismillah
21 Март, 2026, 1 Шаввол, 1447

Келажакка яхши ном қолдирайлик...

14.08.2019   2737   3 min.
Келажакка яхши ном қолдирайлик...

Яратганга шукрки мусаффо осмон остида, дорул-омон ва жаннатмонанд ватанда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз. Тинчликни ҳар ким ҳар хил тушунади.  Кимдир бутун олам тинчлигини тушунса, кимдир юртининг тинчлигини тушунади, яна кимдир шаҳри, қишлоғи, маҳалласи ёки оиласи тинчлигини тушунади. Яна кимлардир эса фақат ўзининг тинчлигини тушунади.

Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган шундай бир анъана борки, ота-боболаримиз, онахон ва бувижонларимиз доимо Яратгандан,  аввало, олам тинчлигини кейин юрт тинчлигини илтижо қилиб, сўнгра бошқа хайрли ниятларни рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилишадилар. Юртимиздаги шу кунгача эришилган ютуқларнинг барчаси, иқтисодий ривожланишлар, таьлим соҳасидаги ютуқлар, ободончиликлар, шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб кўркамлашаётгани, барча-барчаси мана шу олий неьмат- тинчлик боисидандир.

 Минг афсуслар бўлсин, айрим нокас кимсалар борки, катта-катта фитналарни қўзғаб вайронагарчилик, зулм ва зўравонлик билан тинч аҳолини қўрқувга солиб, минглаб оилаларни пароканда қилиб, қанчадан-қанча шаҳар ва қишлоқларни барбод қилишади, минглаб бегуноҳ инсонларни ноҳақ ўлимига сабабчи. Улар ўзларига динни ниқоб қилиб, дин номидан қинғир ишларини қилаётган қонхўр ваҳшийлардир.

Баъзи бир мамлакатларга  назар ташлайдиган бўлсак, нокас кимсалар у ерда ҳар куни ўзларининг тўс-тўпалон, уруш-қирғинбарот қон тўкишдек қабиҳ ишларини олиб бормоқда. Тадқиқотчиларнинг айтишича энди бу давлатлар олдинги ўрнини топиши учун яьни, яна қайта аввалги ривожланаётган ҳолатига келиши учун қарийб бир аср вақт керак бўлар экан. Бу ўртача икки инсонннинг ҳаёти демакдир. Бу қандай даҳшат ва аянчли. Аниқки, фитна чиқарганлар, ноҳақ қон тўкканлар бу дунёда ҳам охиратда ҳам хору зор бўлишади.

 Солиҳ амал қилувчиларни эса амали зое қилинмайди. Зеро, Ислом таьлимотида: ҳар бир қилинган заррача амал мукофот ёки жазосиз қолмайди,- деб таькидланади.

Шундай экан биз тинч ва осойишта мустақил диёрда яшаётганимизга беҳад шукрона айтиб, бу тинчликдек буюк неъматнинг қадрига етишимиз лозим бўлади.  Бу тинчликнинг қадрига етиш деганда – оиламизга, халқимизга, юртимизга манфаатли ишларни қилишимиз, зарарли ишлардан ўзимизни тийишимиз тушунилади. Шунингдек, тинчлик сояси остида билим ва ҳунарларимизни оширайлик, одобимизни яхшилайлик, муомаламизни ривожлантирайлик, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайлик, урушиб қолган оилаларни яраштириб қўяйлик, боқувчисини йўқотганларга ёрдам берайлик, озодалик ва ободончилик ишларига қарашайлик, ортимиздан боғлар қолдирайлик, соф динимизни, миллий урф-одатларимизни асрайлик, аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меьросларини кенгроқ ўрганайлик ва ҳаётимизга тадбиқ қилайлик ва яна шунга ўхшаш эзгу ишларни қилайликки, яшаётган умримиздан маьно ҳосил бўлсин, ортимиздан яхши ном қолсин.

 

Музаффар Қосимов, 

Хожа   Бухорий  ислом   билим   юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рамазон ойи: Нега ҳар доим 30 кун бўлмайди?

18.03.2026   6855   4 min.
Рамазон ойи: Нега ҳар доим 30 кун бўлмайди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дунё мамлакатлари турли тақвимларда йил, ой, кун ҳисобини юритади. Энг кенг тарқалгани – милодий деб аталадиган Григориан тақвими ҳисобланади. Ислом мамлакатларида ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий тақвимлар мавжуд.

Кўп Ислом мамлакатларида амал қилинадиган ҳижрий-қамарий тақвим ойнинг фалакдаги ҳаракатига асосланади. Ҳилол (янги ой) кўрингандан кейинги кун янги ойнинг биринчи куни ҳисобланади. Ҳижрий-қамарий ойлар 29 ёки 30 кун бўлади. Шу сабабли ҳижрий-қамарий йил 354-355 кун бўлиб, милодий йилдан 10-11 кун кам бўлади.


Ҳижрий-қамарий тақвимнинг биринчи куни Муҳаррам ойининг биринчи кунидан бошланади. Ҳижрий-қамарий йил бўйича ойлар тартиби қуйидагичадир: Муҳаррам, Сафар, Рабиул аввал, Рабиул охир, Жумодул аввал, Жумодул охир, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда, Зулҳижжа.

Қуръони каримдаги Тавба сурасининг 36-оятида Аллоҳ таоло ойларни 12 та қилиб белгилагани қайд этилган. Бу ойлар инсонга ёрдамчи бўлиб, умрини, вақтини, ишларини режалаштиришда, ҳисоблашда лозим бўлади.


Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Ислом тақвимини жорий қилишга маслаҳат қилишган ва катта келишув бўлган. Ҳижрий-қамарий тақвимдан фойдаланишга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида, яъни 16-ҳижрий йилнинг Рабиул аввал ойида қарор қилинган ва 1-Муҳаррам 17-ҳижрий йилнинг боши деб ҳисобланган.

Ҳижрий-қамарий йилнинг бошланишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган саналари асос қилиб олинган. Бу милодий 622 йилга тўғри келади. “Ҳижрий” деган сўз “ҳижрат (кўчиш)га тегишли”, “қамарий” эса “ойга тегишли” деган маънони билдиради.

Милодий сана ойлари 28 ёки 29 ҳамда 30 ё 31 кунлик бўлгани каби ҳижрий ойлар, жумладан, Рамазон ойи ҳам гоҳида 29, гоҳида 30 кунлик бўлиши мумкин. Ҳижрий ойнинг милодий ойдан фарқи шуки, масалан, март ойи доимий равишда 31 кунлик бўлса, ҳижрий ойлар ҳилолнинг янгиланиши билан боғлиқ бўлгани учун қайси ой неча кунлик бўлиши ойнинг кўринишига қараб аниқланади.


Ислом дини таълимотларида муборак Рамазон ойи ва ҳайити кунини белгилашда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифлари асос қилиб олинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам охиратга риҳлат қилгунларига қадар тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Шулардан аксарида йигирма тўққиз кунлик, озроғида ўттиз кунлик бўлган.

Бу борада Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда зикр қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида 29 кун тутган рўзамиз 30 кун тутганимиздан кўпроқ эди” (Имом Аҳмад ривояти).


Демак, Рамазон ойи неча кун бўлса, шунча кун рўза тутилади ва ўша мукаммал рўза ҳисобланади.

Ҳижрий ойларнинг йигирма тўққиз ёки ўттиз кунлик бўлишини қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам кўриш мумкин.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойга хотинларидан ийло қилдилар. Йигирма тўққиз кун ўтгандан сўнг эса эрталаб (ёки кечқурун) кирдилар. Шунда у зотга: “Сиз бир ой кирмасликка қасам ичган эдингиз?” дейилди. У зот: “Ой йигирма тўққиз кун (ҳам) бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Шунга кўра, ҳеч ким ўзича Рамазон доим ўттиз кун бўлади, деб ҳукм чиқариши асло тўғри эмасдир. Бундай дейиш саҳиҳ ҳадислар ва уламолар ижмоси (иттифоқи)га зиддир.


Демак Рамазон ойи 29 кунлик бўлиб келган тақдирда ҳам биз оят ва ҳадисларга мувофиқ бир ой мукаммал рўза тутган бўламиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази