Шу кунларда кўпчиликнинг оғзида бир хил гап: “Доллар 9000 бўлибди, энди нима бўлади?”
Бундай хавотирли савол Аллоҳ таолога бўлган таваккулнинг озлигидан келиб чиқади.
Ҳа, доллар ошди ва бунинг эвазига нархлар қимматлади. Лекин ризқ Воҳид, Қаҳҳор, Раззоқ бўлган Зотнинг зиммасида. Доллар пайдо бўлмасидан олдин одамлар очликдан ўлаётганмиди?! Юртларда қаҳатчилик бошланганмиди?! Доллар нима у?! Банданинг ризқини белгилаб берадиган, унинг оч қолиш ёки қолмаслигини ҳал қилиб берадиган кучми?! Биз мусулмонмиз! Мусулмон одам “Менинг ризқимни Роббим беради” деган эътиқодда бўлиши керак!
Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига шундай хитоб қилади:
وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا ۖ لَا نَسْأَلُكَ رِزْقًا ۖ نَّحْنُ نَرْزُقُكَ ۗ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَىٰ
“Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз Сиздан ризқ сўрамаймиз, (балки) Ўзимиз Сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат – жаннат (аҳли) тақвоникидир” (Тоҳа сураси, 132-оят).
Хўш, бошимизга ташвишлар, мусибатлар нима сабабдан келади?
Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай деган:
وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ وَمَا أَنْتُمْ بِمُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ
“(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.) Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор (ҳақиқий) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир” (Шўро сураси, 30-31-оятлар).
Салафи солиҳларнинг бирларига: “Нархлар қимматлади” дейилди. Шунда у киши: “Уни истиғфор билан туширинглар!” дедилар.
Демак, бошимизга тушаётган мусибатлар, нархларнинг қимматлаши каби муаммолар бизнинг содир этган гуноҳларимиз сабабли бўлади. Шу боис ихлос билан “Астағфируллоҳ”ни кўп айтишимиз керак.
Бир аъробийга: “Бир бурда нон бир динор бўлибди” дейилганда, у: “Аллоҳга қасамки, агар буғдой дони бир динор бўлса ҳам, бу мени ташвишга солмайди. Мен Аллоҳга, У Зот менга буюрганидек ибодат қиламан. У Ўзи ваъда қилганидек менга ризқ беради” деди.
Биз кўпинча ўзимизга буюрилган ишларни унутиб, Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган масалада югуриб-еламиз. Яъни ризқ масаласида. Аммо ўзимизга буюрилган ибодатларни қилишда, бандаликни ўз ўрнига қўйишда сусткашлик қиламиз. Аллоҳ бизга буюрган ибодатларни ўз вақтида адо этсак, У Зот бизнинг ризқимизни зиёда қилиб беради.
Банданинг ризқида танглик бўлиши қилган гуноҳлари сабабидан экани ушбу ҳадисда ҳам таъкидланади.
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда содир этган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади” деганлар.
Шу боис гуноҳларимизга кўп истиғфор айтиб, тавбада бардавом бўлайлик!
Инсонлар Салама ибн Динорнинг олдига бориб, унга: “Эй Абу Ҳозим! Кўрмайсизми, нарх-наво қимматлабди” дейишди. Шунда у киши: “Бундан нега ташвишланяпсизлар?!! Нарх-наво арзонлигида бизга ризқ берган Зот нарх-наво қимматлаганда ҳам бизга ризқ беради” дедилар. Мана бу таваккул ва ишончнинг юксак кўринишидир.
Агар махлуқларнинг ризқи долларга боғлиқ бўлганида, доллар ошган пайтда осмонда парвоз қилаётган қушлар, денгизда сузиб юрган балиқлар ва қуруқликдаги барча жонзотлар очликдан ўлиб кетган бўларди.
Аллоҳ таоло бизни ибодатда, тавбада бардавом бандаларидан қилиб, ризқимизни зиёда ва баракали этсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кўп ёки тез овқат ейиш бўйича “мусобақа”лар оммалашиб бормоқда. Баъзилар буни шунчаки қизиқарли шоу деб билса, бошқалар уни рекорд ўрнатиш воситаси сифатида қабул қилади. Бироқ Ислом таълимотида ҳам, замонавий тиббиётда ҳам инсон организмини зўриқтириши ва исрофга йўл қўйиши тақиқланади.
Ислом меъёрни буюради
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).
Ушбу оят нафақат овқатнинг ҳалол бўлишини, балки унинг миқдори ҳам меъёрда бўлиши лозимлигини англатади. Зеро, ортиқча овқат ейиш ҳам исрофнинг бир кўриниши ҳисобланади. Бу оят “бутун тиб илмини ўзида жамлаган оят” дея ҳатто ғайридинлар томонидан эътироф этилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига қаддини тутиб турадиган бир неча луқма кифоя. Жуда бўлмаса (ошқозонининг) учдан бирини таомига, учдан бирини ичимлигига, учдан бирини нафасига (ҳавога) ажратсин”, дедилар (Имом Темизий, Имом Ибн Можа ривояти).
Бу ҳадис соғлом овқатланишнинг энг қисқа ва мукаммал дастури саналади.
Ибн Сино: “Касалликнинг иккита сабаби бор. Бири кўп ейиш, иккинчиси тўқ қоринга ейиш”, деган.
Илмий факт: ошқозон тўйганини дарҳол билдирмайди
Инсон овқатланаётганда тўйиш ҳақидаги сигналлар ошқозондан мияга тахминан 15-20 дақиқа ичида етиб боради. Шу сабабли жуда тез овқатланган одам эҳтиёжидан анча кўп овқат истеъмол қилади.
Тадқиқотларда тез овқатланувчи инсонларда ортиқча вазн, семириш, 2-тур қандли диабет хавфи юқори экани аниқланган.
Ошқозоннинг имконияти чекланган
Оддий ҳолатда инсон ошқозонининг ҳажми тахминан 1-1,5 литр атрофида бўлади. У маълум даражада кенгайиши мумкин, аммо қисқа вақт ичида бир неча литр овқат ва суюқлик қабул қилиш ошқозон деворини зўриқтиради. Кўп овқат ейиш эса, ошқозоннинг ҳаддан ташқари кенгайиши, ошқозон ҳаракатининг вақтинча тўхтаб қолиши, ҳатто ошқозон ёрилиши каби ўлимга олиб келади.
Аниқ факт: хот-дог ейиш мусобақаларида ўлим ҳолатлари кузатилган
Тез овқат ейиш мусобақаларида энг катта хавфлардан бири – бўғилиш.
Хот-дог, гамбургер ёки катта бўлакли гўштни жуда тез ютиш натижасида овқат нафас йўлига тушиши мумкин. Бундай мусобақалар вақтида бўғилиш сабабли бир қанча иштирокчилар вафот этгани кузатилган.
Юрак ва қон айланишига таъсири
Катта ҳажмдаги овқат ҳазм қилиниши учун ҳазм тизимига кўпроқ қон юборилади. Бу ҳолат юрак уришининг тезлашишига, қон босимининг ўзгаришига ва юрак ишининг оғирлашишига сабаб бўлади. Юрак-қон томир касаллиги бор инсонларда бу ҳолат янада хавфли.
Инсон танаси – омонат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенда танангнинг ҳам ҳаққи бор”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, инсон танаси билан тажриба ўтказиш, уни кўнгилочар мусобақалар учун зўриқтириш Исломнинг инсон саломатлигини асраш тамойилига зиддир. Шунинг учун, инсон ўз жонига ҳам, танасига ҳам қасддан зарар етказмаслиги лозим.
Хулоса
Мўмин киши овқатни нафсни қондириш ёки рекорд қўйиш учун эмас, балки Роббисига ибодат қилишга қувват бўлиши мақсадида, меъёр билан истеъмол қилади. Чунки меъёр – Исломнинг гўзал фазилатларидан бири, саломатлик эса Аллоҳнинг энг катта неъматларидандир.
Даврон НУРМУҲАММАД