Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июн, 2026   |   13 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:52
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
28 Июн, 2026, 13 Муҳаррам, 1448

Қуръон ила сафар

25.06.2019   5949   2 min.

Аввал, юртимиздаги қироат илми олимларидан энг машҳури бўлган Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлининг “Қуръон қалб шифоси” мавзусидаги туркум маърифий суҳбатларини muslim.uz сайтида намойиш этиш ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу лойиҳамиз муқаддимасида мусулмон дунёсида машҳур бўлган, энг нуфузли қори устозлар чиқадиган «Аҳлул Қуръан» телеканалида намойиш этилган Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлининг таржима ҳоли тўғрисидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Маълумот ўрнида, «Аҳлул Қуръан» («Қуръон аҳли») канали — Қуръони каримни ўргатиш, унга хизмат қилиш, Қуръон ихлосмандларининг унга бўлган муҳаббатини ошириш, Қуръон ахлоқи билан хулқланишга чорлаш, Қуръонни ёйиш орқали динни етказиш жараёнларини амалга ошириш ва бу билан «Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар!» деган муборак ҳадиси шарифга амал қилишга қаратилган сунъий йўлдош орқали намойиш этиладиган телеканалдир.
Ушбу каналнинг мақсадлари:
1. Одамларга Аллоҳ азза ва жалланинг Китобини севдириш.
2. Қуръонни ўрганиш ва ўргатишга қизиқтириш.
3. Қуръони каримга хизмат қилиш услубларини ривожлантириш.
4. Қуръон ҳофизларини халққа кўрсатиш, танитиш, икром қилиш, жамият орасида обрў-эътиборларини юксалтириш.
5. Одамларнинг Қуръонни тушуниш салоҳиятини, онгини ўстириш.
6. Одамларни Қуръонга боғланиш, нафсни поклаш ва Қуръони ҳаёт кечиришга ундаш.
7. Қуръон эъжозлари ва хоссатан, унинг илмий эъжози ҳақида инсонларга маълумотлар тақдим этиш.
Каналнинг мақсадларини амалга оширишда қуйидаги омиллар ишга солинади:
1. Саҳиҳ тиловат ва қироатларда моҳир, пухта бўлган қироат устозларининг ҳаёт йўлларини намойиш этиш.
2. Қуръон таълимига ихтисослашган турли ўқув курслари, марказлар фаолияти ҳақида ҳикоя қилиш.
3. Гўзал овоз соҳибларининг тиловатларини бериб бориш.
4. Қуръони карим таълими бўйича янги-янги услублар билан халқни таништириб бориш.
5. Қуръони карим мусобақалари ҳақида маълумот берувчи репортаж ва кўрсатувлар бериб бориш.
6. Қуръон ҳофизлари, хусусан, кичик болалар орасидаги ғаройиб қориларнинг маҳоратларини халққа намойиш этиш.
7. Катта устозларнинг Қуръонни ўрганиш ва ўргатиш борасидаги тажрибаларидан халқни хабардор қилиш.
8. Қуръони каримга ҳар куни амал қилиш бўйича йўл-йўриқ ва кўрсатмалар, кунлик дастурларни тақдим этиб бориш.
9. Қуръонга муҳаббатли болалар, аёллар, ишчилар ва бошқа шахсларнинг дил сўзларини эшиттириш.
Ушбу видео-суҳбатни қуйидаги тамоша қилишингиз мумкин.

Tas-ix: https://mover.uz/watch/yBe5CfDm/
Youtube: https://youtu.be/f_DkO_KfOrA


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Отамдан қолган сабоқлар: Одамларга руҳиятинг калитини берма

26.06.2026   11547   4 min.
Отамдан қолган сабоқлар: Одамларга руҳиятинг калитини берма

Май ойида саратон ҳаётимизга рухсатсиз кириб келди...

У отамнинг кўкрагида бошланди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин. Кейин касаллик суякларига ҳам тарқалди.

Майдан декабргача бўлган олти ой давомида ҳаётим бутунлай ўзгарди. Доимий текширувлар, шифокор қабули, касалхоналар, энг яхши мутахассисларни излаш ва турли дори-дармонлар...

Бу олти ой давомида бутун ҳаётим отамга ғамхўрлик қилиш атрофида айланди.

Мен отамнинг аста-секин кучсизланиб бораётганини кўрдим. Аввалига ҳасса билан юрарди. Кейин юриш мосламаси билан. Сўнгра ногиронлар аравачасига ўтирди. Охири эса тўшакка михланиб қолди.

Куч-қувват тимсоли бўлган отангизни шу аҳволда кўриш инсон учун энг оғир синовлардан бири экан.

Шу қийин кунларнинг бирида касалхонада мени ҳайратга солган воқеа юз берди.

Мен отамнинг олдига ҳар куни борардим. Баъзан ишдан кейин, гоҳида эса уйдан тўғри касалхонага келардим. Шунинг учун кийимларим ҳам ҳар хил бўларди: расмий ҳам, оддий ҳам.

Бир куни шиппакда бордим. Отам билан бироз ўтирдик. Кейин у киши қаҳва сўради. Мен ошхонага тушдим.

Навбатда турганимда орқамдаги бир йигит мени бошдан-оёқ кузатиб турди. Кейин:

— Сиз телевизорда чиқадиган одаммисиз? деб сўради.

— Баъзан, дедим.

У эса:

— Ростини айтсам, сиз ҳақингиздаги фикрим ўзгариб кетди. Мен сизни бошқачароқ тасаввур қилардим, — деди.

— Нега? — дедим.

— Касалхонага шиппак кийиб келибсиз-ку, — деди.

Ўша пайтда руҳий ҳолатим жуда оғир эди. Бир неча ойлик ташвишлардан чарчаган эдим.

Мен унга:

— Отам саратон билан курашяпти. Сиз эса менга пойабзал ҳақида гапиряпсизми? — дедим.

Ичимда ғазаб қайнарди. Кейин ўзимни босиб:

— Биродар, ҳар бир гапнинг ўз вақти ва жойи бўлади. Айниқса касалхонада. Бу ердаги ҳар бир инсоннинг ўз дарди бор, — дедим.

Воқеа тугади. Аммо менинг ичимда тугамади.

Қаҳвани олиб, отамнинг олдига қайтдим. Отам менинг асабийлигимни дарров сезди.

Ҳаммасини айтиб бердим.

Отам сўзларимни хотиржам тинглади ва бундай деди:

— Агар сен нотўғри иш қилмаганингга ишончинг комил бўлса, нега бир бегона одамнинг гапи сенинг руҳиятингга таъсир қилиши керак?

Мен:

— Лекин унинг гаплари мени қаттиқ ранжитди, — дедим.

Отам бироз сукут сақлаб:

— Нега унинг сен ҳақингдаги фикри сен учун шунчалик муҳим? Сен руҳиятингнинг калитини унинг қўлига топшириб қўйдинг. Одамларга руҳиятингнинг калитини берма. Агар берсанг, улар сени хоҳлаганича бошқаради, дедилар.

Сўнг қўшимча қилди:

— Энг муҳими, сен ўзингдан мамнун бўл.

Руҳиятингнинг калитини ўзингда сақла. Уни ҳеч кимга берма.

Биз қаҳвамизни ичишда давом этдик.

Мен унга:

— Қани энди мен ҳам сиздек хотиржам бўлишни ўргансам, — дедим.

У киши жилмайиб:

— Иншааллоҳ, ўғлим. Агар хоҳласанг, албатта ўрганасан, — дедилар.

Бутун бу ҳикоянинг хулосаси битта:

Руҳиятингиз — уйингиздир. Унинг калитини ҳеч қачон бошқаларга берманг.

Отам вафот этганларидан кейин яна бир ҳақиқатни англадим:

Бу дунёда ота ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ.

У ҳақда қанча шеър ёзманг, қанча сўз айтманг, барибир кам.

Отангиз тирик экан, уни қадрланг. Дуосини олинг. Чунки қабр устида тўкилган кўз ёшлар энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.


Даврон НУРМУҲАММАД