Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.
Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг ўз бандаларидан уялиши нима эканини биласизми?
Тавротда айтилган: “Гуноҳ қилишдан уялгин, дарҳақиқат, сени жазолашдан Мен ҳам уяламан”.
Шунингдек, яна илоҳий китобларнинг бирида бундай дейилган: “Бандам Менга бўлган муносабатда адолатсиздир: Мен унинг сўраган нарсасини рад қилишга уяламан, ҳолбуки, у итоатсизлик қилганида Мендан уялмайди ҳам”.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ҳақиқатда Аллоҳ энг ҳаёли, энг саховатлидир. Қачонки бандаси недир сўраб илтижо билан қўл очиб дуо қилса, Аллоҳ бу дуога жавоб қилмасликдан уялади” (Имом Баззор ривояти).
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.