Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.
Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
#xabar #haj2026
Жорий йилги Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари мамлакатимиз бўйлаб қизғин давом этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сирдарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан Ҳаж мавсуми учун бириктирилган гуруҳ раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Машғулотларда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш маркази директори Мақсуд Каримов ҳамда соҳа мутахассислари қатнашдилар.
Йиғилишда гуруҳ раҳбарларига Ҳаж мавсумидаги муҳим вазифалар эслатиб ўтилди. Элликбошиларга зиёратчиларга Исломнинг бешинчи рукни бўлган Ҳаж ибодати мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ҳаж сафарига доир қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни пухта билиш, муборак сафар давомида зиёратчилар билан доимо хушмуомалада бўлиш, ўзаро ёрдам муҳитини шакллантириш, зикру ибодатларни кўпайтириб, беҳуда ишлардан тийилиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати