Танловга!
Ҳадиси шарифларда рўзанинг фазли ва унинг фойдалари гўзал тарзда ифода этилган. Хусусан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Рўза қалқондир». Ҳадиси шарифдан рўзанинг қалқон эканлиги аён бўлмоқда, аммо бир савол туғилиши мумкин: Рўза нимадан қалқон бўлади? Муҳаддис уламолар бу саволга бир қанча жавоблар беришган.
Ҳадиси шариф бошқа ровийлар тарафидан ҳам ривоят қилинган. Уларнинг баъзиларида «дўзахдан қалқондир», баъзиларида эса «модомики, ғийбат билан у (қалқон)ни тешиб қўймас экан» маъносидаги зиёдаликлар мавжуд. Булардан ҳадисдан рўзанинг дўзахдан қалқон эканлиги ирода қилинганини тушуниш мумкин. Ушбу жавобни буюк муҳаддис уламолардан бири Ибн Абдулбар айтганлар.
«Ниҳоя» китобининг соҳиби Ибн Асир Жазарий ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлаганлар: «Рўзанинг қалқон эканлиги у ўз соҳибини унга азият берадиган шаҳватлардан ҳимоя қилиши маъносидадир».
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий эса шундай дейдилар: «Рўза қалқон, чунки у инсонни шайтон ва нафснинг ёмонлигидан ҳимоя қилади, у иккисини инсондан узоқлаштиради ва уларга қарши чиқади. Шунинг учун ёмон сўзлар ва амаллардан тилни пок сақлаш билан рўзанинг қалқонлик маъносини мукаммал қилиш унинг ҳаққи саналади. Бу маънога ҳадиси шарифларда ҳам ишоралар мавжуд».
Юқоридаги шарҳлар зоҳиран қараганда бир-бирига тескаридек туюлади, аммо аслида улар бир-бирига зид эмас, балки улар бири бошқасини қўллайдиган маънодадир. Абу Бакр Ибн Арабий барча маъноларни жамлайдиган тарзда шундай шарҳ берганлар: «Рўза дўзахдан сақловчи қалқондир. Чунки, у нафс шаҳватларидан тийилишдир, дўзах эса (ҳадиси шарифда зикр этилганидек) шаҳватлар билан ўраб қўйилган. Хулоса шуки, рўза бу дунёда турли хил шаҳватлардан тўсувчи экан охиратда дўзахдан қалқон бўлади». Демак, биз рўза тутиш билан гуноҳлардан тийилсак ва қалқонимизга турли хил шикастлар етишидан сақлансак у охиратда биздан дўзах оловини тўсади. Бу эса биз орзу қилган энг улкан ютуқдир. Аллоҳ барчамизга тутаётган рўзаларимиз охиратда қалқонимиз бўлишини насиб айласин!
«Фатҳул мулҳим» китоби асосида
Ийсохон Яҳё тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан