Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Май, 2026   |   27 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:30
Қуёш
05:05
Пешин
12:24
Аср
17:24
Шом
19:39
Хуфтон
21:06
Bismillah
15 Май, 2026, 27 Зулқаъда, 1447

Гуноҳдан воз кечиш

23.05.2019   44190   28 min.
Гуноҳдан воз кечиш

Аъу’зу билла’ҳи минаш шайтонир ражи’м

Бисмилла’ҳир раҳма’нир раҳи’м

 

Оламларни тарбият қилувчи Аллоҳ таолога беадад, гўзал ва муборак (баракотли) ҳамд бўлсин. Унинг Зоти азаматига ва салтанатининг буюклигига қандайин ҳамд сазовор бўлса, шундай ҳамду санолар бўлсин. Ва Саййидимиз – Муҳаммад алайҳиссаломга ва унинг аҳли хонадонига ва асҳобларига ва Унга сидқидилдан тобеъ бўлган барча издошларига салоту саломлар бўлсин.

Азиз ва муҳтарам биродарларим!

Аллоҳ таоло жалла жалолуҳу шу муборак ойда барчамизни файзу баракотидан ҳиссаманду ҳиссадор қулларидан айласин! Намозу ниёзларимизни, таровиҳу рўзаларимизни раҳматига эришмоғимиз, ризосини қозонмоғимиз учун васила қилсин.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга нималарни ўргатгани кўпчиликка маълум. Расулуллоҳ бу ҳақда:

«Раббим мени тарбия қилди ва тарбиямни гўзал айлади», – дея лутф этганлар. Бир етим болани Аллоҳ таоло ўзи етиштирди ва улуми аввалину охиринни унга ато қилди. Ҳадиси шарифлари кутубхоналарни шундай тўлдирдики, инсон уларни умр бўйи ўқиб тугата олмайди. Аллоҳ таоло Ул зотга кўп нарсаларни ўргатди, кўрсатди ва ҳеч бир бандага насиб этмаган мартабаларга эриштирди. Унга меърожни насиб этди ва ҳаётлиги даврида ўз даргоҳи иззатига қабул қилдики, бу башар аҳлидан ҳеч кимга насиб этмаганди. Чунки у муборак зот сарвари анбиё – Пайғамбарларнинг сарвари, Ҳабиби Мустафо – танланган севгили қули. Шунинг учун ҳам ул зотга кўп нарсаларнинг сир-асрорини билдирди. Бир ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло буюради:

يَا ابْنَ آدَمَ! هَلْ عَصَيْتُمُونِي فَذَكَرْتُمْ غَضَبِي فَانْتَهَيْتُمْ عَنْ مَعْصِيَتِي، وَهَلْ آتَيْتُمْ فَرَائِضِي كَمَا أَمَرتُكُمْ وَهَلْ آتَيْتُمْ الْمَسَاكِينَ مِنْ أَمْوَالِكُمْ، وَهَلْ أَحْسَنْتُمْ إِلَى مَنْ أَسَاءَ إِلَيْكُمْ، وَهَلْ غَفَرْتُمْ لِمَنْ ظَلَمَكُمْ، وَهَلْ وَصَلْتُمْ لِمَنْ قَطَعَكُمْ، وَهَلْ وَفَيْتُمْ لِمَنْ خَانَكُمْ، وَهَلْ أَدَّبْتُمْ أَوْلَادَكُمْ، وَهَلْ أَرْضَيْتُمْ جِيرَانَكُمْ، وَهَلْ سَأَلْتُمُ الْعُلَمَاءَ عَنْ أَمْرِ دِينِكُمْ؟ فَإِنِّي لَا أَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَلَا إِلَى مَحَاسِنِكُمْ، وَلَكِنْ أَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَنِيَّاتِكُمْ فَأَرْضُونِي بِهَذِهِ الْخِصَالِ عَنْكُمْ.

Шу ҳадисни бироз изоҳласак:

يَا ابْنَ آدَمَ!

Эй одам фарзанди! – деб хитоб қилмоқда Аллоҳ таоло, буни эса Пайғамбаримиз бизга нақл қилмоқдалар. Пайғамбаримиз, Аллоҳнинг сўзларини ўз сўзлари билан гапирган бўлсалар, у ҳадиси қудсий деб аталади.

Нима учун бу китобларни ўқияпмиз? Чунки ундан кейинги келадиган гаплар чиройли... «Сиз шу ишларни қилинг, Мен сиздан рози бўламан! Сиз бу ишларни қилиб, Менинг розилигимни топинг! Бу чиройли амалларни бажариб, Менинг розилигимга эришинг!» – деб айтилмоқда. Биз Аллоҳ розилигига эришишимиз учун шуларни ўқиймиз.

Худди шу сабабдан ҳам бу сатрларни танладим:

هَلْ عَصَيْتُمُونِي فَذَكَرْتُمْ غَضَبِي فَانْتَهَيْتُمْ عَنْ مَعْصِيَتِي؟

«Эй Одам ўғли! Менга исён қилаётганингда, бирор гуноҳ қилмоқчи бўлганингда, менинг гуноҳкорларга ғазаб қилишимни эслаб, ақл-ҳушингни йиғиб, гуноҳ қилишдан ўзингни ҳеч орқага тортдингми?»

Масалан, Юсуф сурасини эсланг, унда айтилишича:

“Ҳақиқатан, Зулайхо Юсуф алайҳиссаломнинг висолига интилди. Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат аломатини кўрмаганида, Юсуф алайҳиссалом ҳам Зулайхога мойил бўлар эди. Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун уни ўз муҳофазамизга олдик, гуноҳдан асрадик[1] дея юқоридаги оятда хабар берилади. Дарҳақиқат, Юсуф алайҳиссалом ғоят гўзал ва энг чиройли пайғамбарлардан бўлганлар. Аммо Ҳазрат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Юсуф алайҳиссаломдан ҳам хушрўй бўлганлар.

 Бир шоир ёзган экан:

«Расулуллоҳнинг юзлари қилич каби ярақлайди». У вақтлардаги порлоқ нарса қилич эди. Чунки у даврда бизнинг давримиздагидек ойналар йўқ бўлган, кумушни ялтиратиб, ойна ўрнида қўлланилган. Шунинг учун ҳам «Қиличдек ялтирайди», – деб айтмоқда. Бошқа бириси эса: «Қанақа қилич? Ой каби, қуёш каби эди», – деб тушунтиради.

Шу муборак кунларда сўраймиз: Аллоҳ таоло ҳаммамизга охиратда жамолини кўришни насиб айласин. Энди мавзуга қайтамиз.

Юсуф алайҳиссалом эшикдан киришлари билан хотинлар қўлларини кесдилар. Қўлларида олма бор эди, аммо улар бу ҳусну жамолни кўришлари биланоқ ҳамма нарсани унутдилар, лол қолдилар, натижада қўлларини кеса бошладилар.

«Бас, қачонки уни кўришгач (улар беихтиёр уни) олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўлларидаги пичоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: "Эй пок Аллоҳ, бу башар (фарзанди) эмас, бу асл фариштанинг ўзи-ку", деб юбордилар»[2].

Юсуф алайҳиссалом Зулайхо волиданинг қўлига тушиб қолди. Юсуф алайҳиссалом ёш бир йигит, Зулайҳо волида эса юқори табақага мансуб вазирнинг аёли. У эшикни ёпиши билан иккаласи ҳам бир-бирига ҳавас қилиб боқди, лекин Юсуф алайҳиссалом шу вазиятда ўзларини тутдилар...

«Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида...»[3]. Ривоятга кўра, ўша вақтда Юсуф алайҳиссалом қаршиларида Яқуб алайҳиссаломни кўрган эканлар. Яқуб алайҳиссалом бармоқларини тишлаб турган ҳолатда намоён бўлибди. Шунда Юсуф алайҳиссалом эс-ҳушини йиғиб, ўзларини қўлга олибдилар. Албатта, буни кўрганларидан кейин нима дедилар:

«(Юсуф) деди: "Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир»[4] – деб, қамоққа киришни афзал кўрди. Нима учун шундай деди? Чунки Аллоҳнинг мукаммал танланган, гўзал, асл ва мукаммал қули, яъни Пайғамбар ўғли Пайғамбар бўлганлиги учун ҳам шундай деди.

Демак, бу ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло биз Одам фарзандларидан: «Бирор гуноҳни қилишга ният қилиб, уни бажариш учун оёғингизни босаётган вақтда Аллоҳнинг ғазабини эслаб, ўзингизни орқага тортингизми? Шу гуноҳни қилмасликка муваффақ бўлдингизми?» – деб сўрамоқда. Бундан агар сиз шундай қилсангиз, мен сиздан рози бўламан, деган маъно чиқмоқда.

Худованди карим Юсуф алайҳиссаломга лутф қилиб, қамоқдан чиқарди ва вазир қилиб қўйди. Тақдирида бор экан, Зулайҳо волидага уйлантирди, аммо ҳалол йўл билан никоҳ ўқилди. Гуноҳ билан эмас, савоб йўли билан оила қурдилар. Мана сизга Аллоҳдан қўрқиб, гуноҳдан воз кечишнинг ажру мукофоти.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бир кун хизматчиси билан Куфадаги бир масжидга от етаклаб, намоз ўқигани келадилар. Шунда масжиднинг олдида бир кишини кўриб қоладилар ва унга «Илтимос, отимизнинг жиловидан ушлаб турсангиз!» – деб отни топшириб, намоз ўқигани масжидга кириб кетадилар. Намозни ўқиб чиқаётганларида отни ушлаб турганга бераман, деб ҳамёнларидан беш дирҳам оладилар. Аммо ташқарига чиқиб қарасалар, одам ҳам йўқ, от ҳам йўқ. Атрофни қидириб отни топишибди, аммо от эгарсиз. Ҳалиги киши эгарни ўғирлаб, отни эса ташлаб кетибди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу хизматчисига беш дирҳам бериб: «Бориб бозордан эгар олиб кел!» – деб жўнатибди.

Бир оз вақт ўтгандан кейин хизматчи бир эгар билан бозордан қайтибди. Али не кўз билан кўрсинларки, бу ўзларининг эгарлари. Бир озгина олдин буни бир киши эгарчига сотиб кетибди, деб айтади. Шунда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: "Қанчага сотибди?" деб сўрайдилар. Хизматчи: "беш дирҳамга сотган экан". «Вой бу бизнинг эгаримиз-ку!» деб таажжубланган эдим. Сотувчи: «Фойдаси керак эмас, ўғрига берган миқдоримни берсанг кифоя!» – деди.

Бу беш дирҳам масаласини кўрган Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тўпланган одамларга қараб: «Эй, жамоат, қаранг, бу ерда жуда катта ибрат бор! Ҳозир мен бу ўғрига, ўз ҳамёнимдан беш дирҳам ажратиб, кўнглим рози бўлиб, ҳалол қилиб бермоқчи эдим. Сабр қилганда беш дирҳам олар эди. Аммо сабр қила олмади, натижада нима олди? Албатта, беш дирҳам олди. Лекин ҳалолидан эмас, балки ҳаромидан олди. Ўғирлаб сотиб ва қочиб кетди. Аллоҳ унинг тақдирига бугун беш дирҳам топишни ёзган эди. Бироз сабр қилса, ҳалолидан насиб этарди. Аммо у харомга чопиб кетди.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ҳамёнига қарайдиган бўлсак. Унда ўзгарган бирор нарса йўқ. Беш дарҳамни ажратиб, ўша кишига бермоқчи бўлдилар холос. Ниятларига кўра бу ерда у зот савоб олдилар. Беш дирҳам эса чўнтагидан чиқиб, эгарчининг қўлига бориб тушади. Эгарчи ҳам ҳеч нарса йўқотмади. Эгарчи бировдан беш дирҳамга сотиб олди ва бошқа бировга яна беш дирҳамга сотди. Аммо бу ерда одамлар бажарган ишларига кўра ё савоб олмоқдалар, ё гуноҳга ботмоқдалар. Тақдир ўзгармаяпти, аммо ниятига кўра инсон ё гуноҳ, ё савоб олмоқда, яъни ё жаннатий ёки дўзахий бўлмоқда.

Юсуф алайҳиссалом сабр қилдилар, гуноҳга яқинлашмадилар, қамоқни афзал кўрдилар, натижада Аллоҳ унга ҳалол никоҳни насиб этди. Биз бу ривоятларни нимага келтирдик? Инсон ўзини Ҳаром иш қаршисида қандай тутиши лозимлигини уқтирдик, холос. Зеро, инсон фарзандининг ҳаётида ҳар хил вазиятлар бўлади. Баъзи нарсаларни ўзи ҳам, нафси ҳам хоҳлайди. Узатса қўли етади, узиб олади, аммо «йўқ, олмаслигим лозим, бу олма ҳаром!» – деб уни узмайди. Бошқа ердан бирортаси бир лаган олма олиб келади. Агар унинг насибасида олма ейиш бўлса, у ўзгармайди, фақатгина инсон ҳаром қаршисида турганда ўзини тутиши лозим! Шундай қилса, албатта, Аллоҳ у қулини севади.

Бу ерда Аллоҳ яхши кўрган, унга маъқул бўлган амаллар ҳақида суҳбатлашяпмиз. Ўзимизни тутамиз, ҳаромга кўз ташламаймиз. Ўзимизни тутамиз, ҳаромга қулоқ бермаймиз. Ўзимизни тутамиз, ҳаромга кўмаклашмаймиз. Ўзимизни тутамиз, ҳаром жойга қадам ташламаймиз.

Тақво деган нарса нима ўзи? Аллоҳ таоло Қуръони каримда нима демоқда.

«Эй мўъминлар! Тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди»[5].

Демак, инсон бирор гуноҳ ишни қилмоқчи бўлганда, уни қилмай, ниятидан қайтса, бу унинг тақводорлигидан нишона. Бу ерда Аллоҳ таоло шуни сўрамоқда: «Бирор гуноҳ ишга рўпара келганда мени эслаб, ғазабимни ўйлаб ўзингни орқага тортдингми?» Демак, биз рўза тутиб, ҳаромдан чекинишни ўрганамиз. Рамазонда олганимиз ирода тарбиясини ҳар кунимизга тадбиқ қиламиз. Ҳаромга қўл узатмаймиз, унга қарамаймиз, уни гапирмаймиз, уни емаймиз, ҳаромга қадам ҳам ташламаймиз.

هَلْ آتَيْتُمْ فَرَائِضِي كَمَا أَمَرْتُكُمْ؟

«Мен сизга амр қилган фарзларимни буюрган шаклда ўрнига келтириб қўйдингизми? Закот бериш керак бўлса, бердингизми? Намоз ўқидингизми?»

Масалан, Аллоҳ таоло (ақи’мус солаҳ) дейди: яъни, «Намозни тўғри-дуруст иқома қилинг!» – дейди. (Саллус солаҳ!) «Намоз ўқинг!» – демаяпти, «Намозни қоидасига кўра иқома, барпо қилинг?» демоқда. Яъни, чиройли ўқинг, маъносида келмоқда. (Ва ла тазну). «Зино қилманг!» – демаяпти. (Ва ла’ тақрабуз зина’). «Зинога яқинлашманг!» – демоқда. Мўъмин зинонинг яқинига ҳам бормайди. Зинога яқинлаштирувчи ишларни ҳам қилмайди, у ҳақда гапирмайди, унга қарамайди. Зинодан сақланган киши уятли, ор-номусли ва эътиқоди соғлом бўлади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг марҳамати билан, ёрдами билан бўлади.

وَهَلْ آتَيْتُمُ الْمَسَاكِينَ مِنْ أَمْوَالِكُمْ؟

«Мискин-бечораларга, фақирларга молларингиздан бердингизми? Хайру ҳасанот қилдингизми?»

Закот бу фазилат бўлибгина қолмай, мажбурият ҳам. Закот, бу фақирнинг бой устидаги ҳаққи.

«Улар топган мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни закот) бўлган зотлардир». Бошқа кимсанинг ҳаққи. Кимнинг ҳаққи бу? (Лиссоили вал маҳрум) ...фақир ва ночорларнинг ҳаққи бор»[6]. У мол уники эмас-ку, ҳақни ҳақ соҳибига бермоқда. Чунки бу унинг ҳаққи.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ қанча берди? 2,5% бердими? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳишлари билан ҳаммасини берди. Буни кўрган сарвари олам сўрадилар: «Эй Абу Бакр! Аҳли оилангга, болаларинга нима қолдирдинг?»

«Аллоҳ ва Расулини қолдирдим!» – деди.

Нега? Чунки ул зот сиддиқият мақомида эдилар. Бу мақомнинг мартабаси шундай. Сидқ билан берди ва берганда ҳам ҳаммасини берди. Нима учун? Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам йўқликдан, маҳрумиятдан ҳеч ҳам ташвишланмас эдилар. Ул зот ҳам Пайғамбарнинг хос уммати бўлгани учун камбағал бўлиб қолишдан чўчимади.

Менда яхши таассурот қолдирган бир воқеъни сизга айтиб бермоқчиман.

Бир бадавий Пайғамбаримиз саллалоҳи алайҳи васалламни зиёрат қилгани келибди. У бир қишлоқдан, қабиладан, чўлдан келган одам. Жуда ҳам чиройли қўйларни ўтлатиб юрганларини кўрибди ва:

«Ё Расулуллоҳ! Булар қандай чиройли қўйлар-а!» – дебди.

«Сенга жуда ёқдими?» – деб сўрабдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.

«Жуда ҳам чиройли экан! Жуда ёқди, ё Расулуллоҳ!»

«Ундай бўлса, ол ҳаммасини» – деб айтган эканлар.

Биз нима қиламиз? Биз бир донасини сўямиз ёки берамиз, ёки «Шу сонини кесиб, унга бериб юборинг!» деймиз. Кўпинча, каллани пишириш уйда хотинларга мушкуллиги учун: «Бошини, шу нарсаларини бериб юборинг!» деймиз. Аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам нима демоқдалар:

«Ол ҳаммасини!»

«Ҳаммасиними, ё Расулуллоҳ?»

«Ҳа, ҳаммасини!»

Ҳаммасини олибди, жимгина уларни олиб, кечга яқин қабиласига кириб борибди.

"Аллоҳу Акбар! Бу нима? Сен эрталаб бир ўзинг чиқиб кетгандинг. Нима, талончилик қилдингми ёки ўғирлик қилдингми?" – деб таажжубланиб сўрабдилар. Шунда у:

"Муҳаммад берди. Фақирликдан қўрқмайдиган Муҳаммад берди", – деб айтибди.

Бизнинг эса фақирликдан қўрққанимиздан қўлларимиз титрайди: «Ҳой, ҳой, бола-чақангга нима қолади?» – деймиз.

Пайғамбаримиз фақирликдан қўрқмасдан бутун борини берибдилар. Одамлар ҳайрон қолишибди, ҳаммалари мафтун бўлиб, мусулмончиликни қабул қилибдилар. Бир пода қўй яхшими ёки бир гуруҳ мусулмонлар яхшими? Шу қадар мусулмонга эга бўлдилар. Қўйни бердилар, мусулмонни – мўминни олдилар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу билан зарар иш қилмадилар? Янада кўпроқ фойда кўрдилар, чунки холис мусулмонлар кўпайди.

Яъни беришдан қўрқмай берар эдилар. Абу Бакр Сиддиқ ҳам бермоқчи бўлганларида қўрқмасдан ҳаммасини берар эдилар.

«Мискинларга молларингиздан бердингизми?» Берамиз. Нима учун берамиз? Чунки уларнинг ҳақлари бор. Бизнинг молларимизда уларнинг ҳам ҳақлари бор. Уни берган вақтимизда молимиз маънан тозаланади,покланади. Шунинг учун ҳам арабчада закотнинг маъноси тозалаш дегани. Закот беришинг билан молинг покланади. Закот бу – инсоннинг Аллоҳга итоаткорлигини кўрсатадиган белги. Бахил билан сахий мусулмоннинг фарқи закот беришда билинади. Закот берган инсонни бахил деб айтолмайсан. Аммо закот бу – сахийликнинг энг қуйи қисми, энг юқори чўққиси бу сиддиқиятдир. Ниманг бўлса, Аллоҳ йўлида ҳаммасини берасан. Ҳатто жонларини ҳам берганлар. Бир Усмонли шоири шундай дейди:

Жонни жонон сўрабди, бермаслик бўлмас, эй дил,

Ҳар не қилганим билан у на менингдир, на сенинг!..

Жонни жонон хоҳлаганидан кейин бермасдан иложи йўқ? Ахир, бу меники ҳам, сеники ҳам эмас, Уникидир! Шундоқ деб, жонини берибди...

Демак, инфоқ-эҳсон қилганлардан Аллоҳ мамнун бўлар экан.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида рамазоннинг сифатларидан бири ҳақида нима деган эдилар:

«Мувасот – мол билан бировга яхшилик қилиш, молдан бирор нарса бериш дегани». Рамазонда биласиз, Қуръони карим ўқилади, таровиҳ намозлари адо этилади, рўза тутилади. Яна нима қилинади? Хазиналар эшиги очилиб, фақирларга ҳам улуш берилади. Уларни севинтирилади. Шунда Аллоҳ рози бўлади. Нега? Чунки, кўнгил олиш – Каъба қуришдек савоб. Қалбни бузиш – Каъбани бузишдек гуноҳ.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг олдига бориб:

«Қандай чиройлисан, қандай мубораксан, эй Каъба! Нақадар муҳтарамсан, лекин Аллоҳга қасам бўлсинки, мўъмин қулнинг қалби Аллоҳ наздида сендан кўра қийматлироқдир», – дейдилар.

Мўъмин қулнинг қалби Каъбадан кўра ҳурматлироқ. Намозхон, ниёзманд бир фақирга бирор нарса бериб кўнглини олсангиз, қанчалик савоб топган бўласиз!

Истанбулда содир бўлган бир воқеани айтиб бердилар. Жуда ҳам қизиқ, ақлим лол қолди. Қурбон байрами куни намоздан чиқишлари билан бир бой киши у ердаги бир оқ соқолли, ўртача бўйли, жамоатнинг фақир кишиларидан бирини қўлтиғидан тутиб масжид атрофидаги бир қўй подасининг олдига олиб борибди ва:

«Шу қўйларнинг орасидан энг чиройлисини, энг семизини танлагин! Қайси бирининг гўшти ширин ва яхши бўлишини сен яхши биласан. Энг чиройлисини топгин!» – дебди.

Фақир энг катта, энг семиз қўйни танлаб:

«Тақсир шунисини олинг, шуниси энг яхшиси!» – дебди.

«Хўп бўлади! Четга тортгин уни!» – деб буюрибди.

Қўйнинг ҳақини берибдилар. Кейин:

«Буни уйингга олиб бор! Болаларинг билан мазза қилиб егин!» – деб фақирга эҳсон қилиб юборибди.

У бечора бой қўйни ўзига танлаяпти, деб ўйлади. Ҳолбуки, у фақирга бермоқчи эди. Агар қўйни унга беришини билганида эди уяларди, кичигини танлар эди. «Шуниси етади тақсир, шарт эмас!» – деб айтарди. Бой киши ўзига олади деб, энг каттасини, энг семизини, икки баробар қимматини танлади. Бой эса қўйнинг пулини тўлагач, «Буни уйингга олиб бор! Мен бу қўйни сен учун олдим!» – деди.

Бу жуда ҳам ҳайратланарли, шу билан бирга ибратли бир ҳолдир. Қаранг, мен уни танимайман, лекин эшитганимдан кейин дуо қиляпман. Жўмардликни қилган одам аллақачон ўлиб кетди, аммо рамазон ойида Испартада унинг ҳаққига дуо қилмоқдалар. Инсон ўлади, лекин орқасида қилган яхши амали, эҳтиромга сазовор номи қолади.

هَلْ أَحْسَنْتُمْ إِلَى مَنْ أَسَاءَ إِلَيْكُمْ؟

Яна бир савол сизларга: «Сизга ёмонлик қилганга ҳеч яхши муомалада бўлдингизми?»

Ёмонлик қилганга ёмонлик билан жавоб қайтарамиз. Одат шундай. «Нима қилай, у бошлади урушни...» – деймиз-да, костюмимизни ечиб, бир мушт туширамиз, қарабсизки, дўппослашиб кетамиз. Нима учун, ахир? Чунки у бошлади урушни...

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига кўра, Аллоҳ таоло биздан нимани сўрамоқда: «Сизга ёмонлик қилганга яхшилик қилдингизми?»

Покистонда бизга бир киши ҳақида айтиб бердилар. Бир киши деҳқончилик қилаётган одамнинг олдига борибди. Соқолли, нуроний, дарвиш, муборак бир одам. Деҳқонни четга чақирибди ва унга диний нарсалардан насиҳат қилибди. У одам эса «Мени ишимдан қолдириб, шунинг учун чақирдингми?» – деб юзига бир шапалоқ солибди ва унинг оғзи-бурнини қонга бўябди. У эса оғзи-бурнини арта туриб унга қараб: «Узр сўрайман, биродар, сени хафа қилиб қўйдим, сен ҳақсан! Сени ишингдан қолдирмаслигим керак эди!» – деб айтар экан. Буни кўрган у одам қаршисидаги муборак бир инсонлигини англаб, қилган ишидан пушаймон бўлиб, йиғлабди ва қўлларини ўпа бошлабди.

Энди ҳаётингиз хронологиясини бир кўз олдингизга келтириб кўринг-чи; Сизга ёмонлик қилган, яхшилаб жазолаган бирор одамга яхшилик қилдингизми? Демак, Аллоҳ ёмонлик қилганга яхшилик қилганни севади. Шундай қилинса, орада муҳаббат пайдо бўлади, яралар битади. Агар шундай қилинмаса, қон даъвоси тўхтамайди.

«Ёмонлик қилганга яхшилик қилганингизда савоб топардингиз, ризолигимга эришардингиз. Молингиздан берганингизда ризолигимни қозонар эдингиз. Фарзларимни тутганингизда савобимга эришардингиз. Менинг хотирам учун ғазабимдан қўрқиб, бир гуноҳдан ўзингизни тортганингизда, розилигимга эришган бўлар эдингиз».

Бир ҳадиси қудсий ёдимга тушди. Эртага рўзи маҳшарда Аллоҳ таоло бандасига шундай дер экан:

«Бандам! Мен касал бўлдим, мени зиёрат қилмадинг!»

«Субҳаналлоҳ! Эй Раббим, сен оламларнинг Раббисисан, қандай қилиб сен касал бўласан? Бу нима дегани?»

«Фалончи қулим касал бўлганда уни зиёрат қилганингда эди, Мени зиёрат қилгандек савоб топар эдинг».

«Эй бандам! Мен оч қолдим, мени тўйдирмадинг!»

«Фасубҳаналлоҳ! Эй Раббим, сен оламларнинг Раббисисан, сен оч қолмайсан, сен бу сифатлардан поксан!»

Бу нима дегани?

«Фалончи қулим оч қолган эди. Сен уни тўйдирганингда мени тўйдирган бўлар эдинг» – деган ҳадиси шарифлар бор. Аллоҳ таоло қулларининг бир-бирларига меҳру мурувватли, марҳаматли бўлишларини яхши кўради ва рози бўлади.

هَلْ عَفَوْتُمْ لِمَنْ ظَلَمَكُمْ؟

«Сизга зулм қилганни ҳеч кечирдингизми?» Кечиримлилик инсонга жуда катта мукофотлар келтиради. Бу фазилат ҳам ояти каримада мадҳ қилинмоқда:

«Ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир»[7]. Бу – тақво аҳлининг сифати. Ҳозир биз рамазонда тақвони ўрганяпмиз, бир ойлик тақво курсида таълим оляпмиз.

«Тақволи кишилар бўлишингиз учун»[8] деб буюрилмоқда. Хўп, тақво аҳлининг сифати нималардан иборат экан?

«(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларида инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир», жўмарддир – фақирлар учун омборининг, қопининг оғзини очади (вал казиминал ғайз). «Ғазаби келса, ўзига ҳоким бўлиб, ғазабини ютади (вал афи’на анин-на’с). Инсонларни эса кечиради»[9]. Мутасаввиф Юнус Эмро буни шеърий йўлда чиройли қилиб баён этган:

Яратилганни хуш кўр,

Яратувчи туфайли.

Инсонлар хом сут эмган, вафосиз, қусурли, яхшиликни унутувчи бўлсалар ҳам, уларни Аллоҳ учун яхши кўргин. Нима ҳам қилардик бошқа?

Зулм қилганни кечирасан, шундагина жароҳатлар битади, жамоалар гўзаллашади, ёмонлар қилган ишларидан пушаймон бўлади. Ишлар шундагина тузалади. Акс ҳолда жамиятда ишнинг тўғри кетиши қийин.

ﻭَﻫَﻞْ ﻭَﺻَﻠْﺘُﻢْ ﻟِﻤَﻦْ ﻗَﻄَﻌَﻜُﻢْ؟

«Сиз билан алоқасини узган кишининг ҳузурига сиз бордингизми?» Эсидан кўтарилиб кетибди, сизни ҳеч сўрамайди, ҳол-аҳволингиздан хабар ҳам олмайди, алоқани кесибди, сиз эса ҳеч олдига бордингизми? Бу жуда ҳам аҳамиятли.

Устозимиз Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ҳазратлари бир шаҳарга келганда:

«Фалончини зиёрат қилгани борамиз!» – деб қолдилар. Зиёратига борадиган одамимиз ўзларидан ёш, ўзларининг муридлари ва ўзлари ҳақида ёмон гапирган бир кимса эди. Иғвогарлик қилган, одобсизлик қилган, бировлар ҳақида гапирадиган бир кимса... Шунда мен устознинг олдиларига яқинлашдим ва:

«Ота! У одам сиз ҳаққингизда бўлар-бўлмас гапларни гапирмоқда, сизни унча яхши кўрмайди, сизга мухолиф!» – деб айтдим.

Лекин, улар хоссатан унинг олдига бордилар. У менинг ҳақимда гапирмоқда экан, деб ўтирмадилар. Натижада у одамнинг қандай ўзгарганини мен яхши биламан.

ﻭَﻫَﻞْ ﻭَﻓَﻴْﺘُﻢْ ﻟِﻤَﻦْ ﺧَﺎﻧَﻜُﻢْ؟

«Сизга хиёнат қилганга сиз яхши вафоли бўла олдингизми?»

ﻭَﻫَﻞْ أَﺩَّﺑْﺘُﻢْ أَﻭْﻻَﺩَﻛُﻢْ؟

«Фарзандларингизни одобли қилиб тарбия қилдингизми?»

ﻭَﻫَﻞْ أَﺭْﺿَﻴْﺘُﻢْ ﺟِﻴﺮَﺍﻧَﻜُﻢْ؟

«Қўшниларингизни хушнуд қила олдингизми? Улар сизни дуо қиладиларми, мамнунми сиздан?»

ﻭَﻫَﻞْ ﺳَﺌَﻠْﺘُﻢُ ﺍﻟْﻌُﻠَﻤَﺎﺀَ ﻋَﻦْ أَﻣْﺮِ ﺩِﻳﻨِﻜُﻢْ؟

«Адашиб қолмайин деб, нотўғри иш қилиб қўймайин деб, ҳақни ўрганаман деб, диний мавзулардаги мушкулотларингизни олимларингиздан сўрадингизми?»

ﻓَإِنِّي ﻻَ أَﻧْﻈُﺮُ إِﻟَﻰ ﺻُﻮَﺭِﻛُﻢْ، ﻭَﻻَ ﻣَﺤَﺎﺳِﻨِﻜُﻢْ ﻭَﻟَﻜِﻦْ أَﻧْﻈُﺮُ إِﻟَﻰ ﻗُﻠُﻮﺑِﻜُﻢْ ﻭَﻧِﻴَّﺎﺗِﻜُﻢْ

«Чунки шубҳасиз Мен сизнинг шаклу шамойилингизга ва чиройингизга қарамайман». Молу дунёнгиз бор экан, мартабангиз баланд экан, ҳар хил чиройли сифатларингиз бор экан, наслу насабингиз тоза экан. Лекин улар мени қизиқтирмайди. Юзингиз ҳам, суратингиз ҳам ва сизнинг яхши васфларингиз ҳам мени қизиқтирмайди, мен уларга назар ташламайман. Фақатгина қалбларингизга боқаман! Қалбингиз қандай – покми, унда соф ниятлар борми ўзи, шунга эътибор бераман ва ниятларингизга қарайман.

ﻓَﺎﺭْﺿَﻮْنِي ﺑِﻬَﺬِﻩِ ﺍﻟْﺨِﺼَﺎﻝِ ﻋَﻨْﻜُﻢْ

«Мана шу айтиб ўтганларимни, мен хоҳлаган шаклда бажарсангиз, менинг ризолигимни топинг! Бу васфлар орқали Мени рози қилинг!» – деб буюрмоқда Аллоҳ таоло.

Аллоҳ таоло шу муборак таълим-тарбия ойида, тақвони ўрганиш ойида, ибодат ойида, раҳмати жўш урган ойда; аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса жаҳаннамдан озод бўлиш ойида ҳаммамизни тафвиқоти самадониясига мазҳар айласин! Бу табаррук ойнинг хайру баракотидан фойдаланиб, Аллоҳ севган тақводор солиҳ бандалар ҳолига келишни насиб айласин! Ёмон ахлоқларимизни тарк этиб, гўзал хулқ эгаси бўлишимизни насиб этсин!

Биҳурмати асрори суратил фотиҳа...

 

“Рамазон ва тақво” китобидан

 

[1] Юсуф сураси, 24-оят.

[2] Юсуф сураси, 31-оят.

[3] Юсуф сураси, 24-оят.

[4] Юсуф сураси, 33-оят.

[5] Бақара сураси, 183-оят.

[6] Маориж сураси, 24-25-оятлар.

[7] Оли Имрон сураси, 134-оят.

[8] Бақара сураси, 183-оят.

[9] Оли Имрон сураси, 134-оят.

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон қандай қилиб ислом оламининг интеллектуал марказига айланмоқда?

15.05.2026   274   33 min.
Ўзбекистон қандай қилиб ислом оламининг интеллектуал марказига айланмоқда?

I.КИРИШ

Давлат даражасидаги ҳар қандай расмий нутқ икки қатламли интеллектуал архитектурадан иборат. Биринчи қатлам — ташқи мазмун: бунда бунёдкорлик ишлари, эришилган ютуқлар ва навбатдаги марралар баён этилади. Иккинчи қатлам — стратегик нарратив: бу хабарнинг ички қуввати бўлиб, унинг аниқ аудиторияга йўналтирилганини, мафкуравий заминини ва пировард мақсадини белгилайди. Стратегик нарратив кўзга яққол ташланмаса-да, у ташқи мазмунни ҳаракатга келтирувчи, унга ҳаётбахш маъно ва йўналиш берувчи ички драйвер ҳисобланади[1].


Замонавий сиёсий коммуникацияни, айниқса, у кўп қиррали аудиторияга мўлжалланган бўлса, ушбу икки қатлам ўртасидаги нозик мувозанатни англамай туриб таҳлил қилиб бўлмайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси маркази очилишидаги нутқи ана шундай кўп қатламли матннинг намунасидир. Бир қарашда одатий маросимдаги баёнотдек туюлса-да, мазмунан бу нутқ миллий идентификация, халқаро майдондаги позиционаллашув, диний легитимлик ва ички маънавий миссия масалаларини бир вақтда, яхлит риторик тузилмада бирлаштиради.

II.КЎП ҚАТЛАМЛИ НАРРАТИВ: ТЎРТ АУДИТОРИЯ, ТЎРТ ХАБАР

Сиёсий коммуникация назариясида «аудиторияни манзиллаш» (audience targeting) тушунчаси нутқнинг турли тингловчи гуруҳларига бир вақтнинг ўзида, бироқ ҳар бирига ўзига хос тилда мурожаат қилиш қобилиятини англатади[2]. Бу мураккаб санъат бўлиб, ҳар бир аудиторияга тегишли хабарни етказиш билан бирга, умумий матннинг ички изчиллигини сақлашни талаб этади.


Президент нутқи давомида камида тўртта алоҳида аудиторияга мурожаат қилади ва уларнинг ҳар бири учун алоҳида нарратив кодланган. Ушбу хабарлар бир-бирига зид келмай, аксинча, бир-бирини тўлдиради ва яхлит тизимни ҳосил қилади.


2.1. Ички диний аудиторияга нарратив

Нутқнинг диний аудиторияга қаратилган қатлами унинг энг кўп ўйланган ва энг нозик ишланган қисмидир. Чунки диндор қатлам маросимнинг бирламчи тингловчиси ҳисобланади: Муборак Рамазон ойидаги ифторлик кечаси ҳамда Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида сўзланган нутқ ўз-ўзидан диний контекст билан ҳамоҳанглик касб этади.


Давлат раҳбари ўз нутқида марказнинг Мирзо Улуғбек дарвозаси пештоқига ёзилган оятга алоҳида тўхталди:


«Шу боис, Ислом цивилизацияси марказининг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг «Иқро!» — яъни, «Ўқи!» деган муборак оятини муҳрлаб қўйдик»[3].


«Иқро!»[4] — Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган биринчи ваҳийси. Уни пештоққа ёзиш бинонинг бутун миссиясини белгилайди: марказдаги экспозиция, тадқиқот ва таълим жараёнлари ана шу илоҳий буйруқнинг амалий ифодаси сифатида талқин қилинади. Ислом тарихида илм ва ибодат ҳеч қачон бир-биридан ажратилмагани — «Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир[5]» ҳадиси орқали ўз ифодасини топган. Марказ архитектурасида бу анъана визуал тилда намоён бўлмоқда.


Шунингдек, нутқда дунёдаги энг қадимий нусхалардан бири — Усмон мусҳафига алоҳида ўрин берилади:


«Мана шундай ноёб ва муқаддас Усмон Қуръонининг илоҳий шарофати билан юртимиз доимо тинч-осойишта бўлсин, ҳаётимиз қут-баракага тўлсин, деб дуо қиламиз».


Бу ибора тадбирнинг табиатини сиёсий доирадан маънавий мақомга кўчиради. Усмон мусҳафи Марказ учун тарихий артефакт бўлиши билан бирга, ислом уммати учун муқаддас омонатдир. Уни Ўзбекистонда сақлаш ва Марказнинг «қалби» деб аташ мамлакатимизнинг ислом дунёсидаги маънавий масъулиятини рамзий жиҳатдан мустаҳкамлайди.


Таъкидлаш ўринлики, нутқ оддий маросимда эмас, балки Рамазон ойининг ифторлик кечасида сўзланмоқда. Рамазон — покланиш, сабр ва маънавий юксалиш ойи. Бу ойда эълон қилинган ҳар қандай йирик иш диний аудитория учун қўшимча рамзий оғирлик касб этади. Нутқда бу контекст очиқ тан олинади: «Меҳр-оқибат ва эзгулик рамзи бўлмиш Рамазон ойида ҳаммамиз биргаликда кўплаб савобли ишларни амалга оширмоқдамиз.»


Ушбу нутқда давлат ва дин муносабатларидаги позицион ўзгаришни ҳам сезиш мумкин. Бу — янги даврнинг расмий декларацияси бўлиб, у бевосита айтилмаса-да, контекстни англайдиган тингловчига аниқ кўринади.Ўзбекистон яқин йилларгача дин билан мураккаб ва баъзан зиддиятли муносабатда бўлди. Эндиликда давлат ўз тарихининг мураккаб ва зиддиятли босқичларини ортда қолдириб, бугун динни миллий ўзликнинг узвий қисми сифатида қабул қилиш йўлини танлади. Ўзбек сиёсатшунос олими Камолиддин Раббимов ушбу Марказга танланган ном ҳақида фикр билдираркан, буни глобаллашган дунёда энг кучли ва энг жиддий омил ҳисобланадиган ўзлик муҳофазаси билан боғлади. «Давлат томонидан Ўзбекистондаги энг тарихий, чуқур ва катта ўзлик – исломий ўзликка урғу берилиши тарихий жасоратдир», — дейди сиёсатшунос.[6]


Давлат келгусида ислом цивилизациясининг нафақат ҳимоячиси, балки фаол тикловчиси ва тарғиботчиси сифатида гавдаланмоқда. Хусусан, нутқдаги: «Марказда муқаддас динимизнинг эзгу қадриятларини асраб, диний-маърифий соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам ўзининг янги қароргоҳига эга бўлди», — деган сўзлар ушбу ҳомийликнинг амалий тасдиғидир. Сўнгги йилларда Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши ҳам ушбу стратегик йўналишнинг қисмлари ҳисобланади[7]. Бундай ўзгариш уламолар, диндор зиёлилар ва бутун халқ учун нутқнинг энг умидбахш хабари бўлиб хизмат қилади.


2.2. Миллий-интеллектуал аудиторияга нарратив


Нутқнинг миллий-интеллектуал аудиторияга йўналтирилган қатлами бошқа қисмлардан ўзининг теран тарихий узвийлиги билан ажралиб туради. У деярли минг йиллик даврни яхлит бир тизимга бирлаштириб, ўтмиш ва бугун ўртасида мустаҳкам маънавий кўприк ҳосил қилади.


Ушбу тарихий силсиланинг ҳар бир ҳалқаси буюк бир ном билан боғлиқ: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий, Фарғоний. Бу сиймоларнинг ҳар бири ўз соҳасининг юксак чўққисини ифодалаш билан бирга, Ўзбекистон заминининг интеллектуал ва маънавий қудратини намоён этади.


Нутқда алломаларни тақдим этишда ўзига хос ёндашув кузатилади: улар бир вақтнинг ўзида уч хил идентификация орқали намоён бўлади.


Биринчидан, ислом цивилизациясининг муносиб фарзандлари. «Аниқ ва табиий фанлар соҳасида ўз кашфиётлари билан жаҳонни ҳайратга солган улуғ олимларимиз асарлари ҳам исломий муҳит бағрида вужудга келган. Дунёга машҳур бу китоблар «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» деган илоҳий сўзлар билан бошлангани уларнинг муқаддас динимиздан илҳом ва куч олиб яратилганини билдиради». Ушбу ибора алломаларнинг илмий меросини диний контекстга органик равишда жойлаштиради. Шу билан бирга, илм ва дин ўртасида бор деб иддао қилинадиган сунъий зиддият ҳамда сохта дихотомияга (қарама-қаршиликка) ўрин қолдирмайди.


Иккинчидан, ўзбек миллий меросининг вакиллари. «Бизнинг юртимиз», «аждодларимиз», «халқимизнинг ақл-заковати» каби иборалар алломаларни миллий ўзликнинг ажралмас қисмига айлантиради.


Учинчидан, инсониятнинг умумий интеллектуал хазинаси. «Жаҳонни ҳайратга солган кашфиётлар» урғуси ушбу шахсларни миллий доирадан глобал миқёсга олиб чиқади. Мазкур уч қатламнинг параллел ишлаши тингловчида ўзини бир вақтнинг ўзида мусулмон, ўзбек ва жаҳон цивилизациясининг вориси сифатида ҳис қилиш имконини беради. Муҳими, бу учлик ўртасида ҳеч қандай ички низо туғилмайди.


Миллий-интеллектуал нарративнинг кулминацион нуқтаси — «Учинчи Ренессанс» формуласидир. Бу тушунча Марказ экспозиция залларининг номларида ҳам ўз аксини топган: «Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр», «Биринчи ва Иккинчи Ренессанс», «Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори». Демак, Марказнинг бутун ғоявий архитектураси айнан шу консепсия атрофида қурилган.


Ушбу формула тарихий параллелликни юзага келтирадию Бу параллеллик тингловчига ҳам тарихий ғурур («шундай буюк ўтмиш ворисимиз»), ҳам тарихий масъулият («яна шундай буюкликни тиклашга мажбурмиз») ҳиссини юклайди.


Зиё аҳли — тарихчилар, олимлар ва тадқиқотчилар учун бу формула катта резонанс уйғотади. Улар ўтмишдаги Ренессанслар қандай шароитда гуллаб-яшнаганини ва нима сабабдан инқирозга юз тутганини теран англайдилар. Шу боис, Учинчи Ренессанс ҳақидаги ҳар қандай баёнот табиий равишда савол туғдиради: бугунги илмий-ижтимоий муҳит ўша даврдаражасидами?


Саволнинг мавжудлиги формуланинг ҳам кучини, ҳам масъулиятини белгилайди. Унинг кучи — миллий амбицияни уйғотиб, халқни йирик мақсад йўлида бирлаштиришида. Масъулияти эса шундаки, Ренессансни шунчаки фармон билан эълон қилиб бўлмайди — у табиий равишда вужудга келиши керак.


Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳукмдорлар режаси эмас, балки олимларнинг эркин ва ижодий изланишлари маҳсулидир.


Учинчи Ренессанснинг ҳақиқатга айланиши учун бир неча зарурий шартлар мавжуд: энг аввало, эркин илмий муҳит. Интеллектуал ва методологик эркинлик — тараққиётнинг асл пойдеворидир. Аждодларимиз ғайриоддий саволлар бериш ва янги усуллар кашф этишдан қўрқмаганлар. Сўнг, илм ва маънавият бирлиги: алломалар ўз кашфиётларини Яратганни таниш воситаси деб билганлар. Ибн Синонинг ибодати ва Берунийнинг эътиқоди илм билан зид келмаган, аксинча, уни бойитган. Бу ҳамоҳанглик бугун ҳам ҳаётий заруратдир. Шунингдек, авлодлар узвийлиги — тарихий “устоз-шогирд” анъанасининг тикланиши. Марказ шунчаки экспонатлар сақланадиган музей эмас, балки тирик билим ўчоғига айланиши лозим.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу шартларни амалга оширишда бевосита масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин ва бунинг учун етарлича имкониятларга ҳам эга. Эркин илмий муҳитни қувватлаш, илм ва амал бирлигини шахсий намуна орқали кўрсатиш, диний таълим тизимида устоз-шогирд анъанасини давом эттириш — буларнинг барчаси бугунги кунда диний идора тизимидаги таълим даргоҳларини қолган таълим муассасаларидан ажратиб турувчи устувор фарқидир.


2.3. Халқаро аудиторияга нарратив

Халқаро аудитория билан мулоқот — сиёсий коммуникациянинг энг нозик қирраси ҳисобланади. Ички аудиторияга мурожаатда нутқ муайян маданий кодларга, умумий тарих ва муштарак қадриятларга таяниши мумкин. Ташқи дунё билан алоқада эса бундай умумий замин кўпинча мавжуд эмас, ҳар бир давлатнинг ўз манфаатлари, ўзига хос идрок филтрлари ва мулоқотдан кутилмалари бор. Шу боис халқаро нарратив универсал тил топишни, умуминсоний қадриятларга таянишни ва турли маданий контекстларда бир хил тушунилишни талаб этади.


Ушбу нутқ халқаро майдон учун мўлжалланган учта параллел йўналишни муваффақиятли бирлаштирган: халқаро эътирофга эришиш, универсал қадриятларни илгари суриш ва глобал ҳамкорлик тизимига интеграциялашув.


Нутқдаги «жаҳон жамоатчилиги, айниқса, ислом ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди» деган ибора стратегик аҳамиятга эга. Бу халқаро легитимацияни ички аудиторияга намойиш этиш ҳамда халқаро ҳамжамиятга «сиз аллақачон ушбу жараённинг иштирокчисиз» деган ишорани беришдир.


Сиёсатшуносликда бу механизм «ижтимоий исбот» (social proof[8]) деб аталади. Бошқалар томонидан маъқулланган ташаббусга қўшилиш табиий эҳтиёжга айланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси тилга олиниши лойиҳага глобал миқёсдаги мақом беради. Рўйхатда келтирилган Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, БАА, Россия, Туркия, Германия, Италия каби давлатлар бир нечта йирик геосиёсий блокни бир лойиҳа атрофида бирлаштиради.


Ушбу рўйхатнинг риторик кучи унинг қамровидадир. Одатда манфаатлар тўқнашуви марказида турадиган Россия ва АҚШ, Саудия Арабистони ва Ҳиндистон ёки Хитой ва Франция каби давлатларнинг бир вақтда тилга олиниши «Ислом цивилизацияси» тушунчасининг очиқ ва бирлаштирувчи майдон эканини исботлайди.


Халқаро аудитория учун энг тушунарли восита — универсал қадриятлар тилидир. Нутқда қўлланилган «илм», «маърифат», «цивилизациялар диалоги», «бағрикенглик» ва «гуманизм» тушунчалари ҳар қандай маданий муҳитда ижобий қабул қилинади.


Айниқса, «цивилизациялар диалоги» ибораси Самуел Ҳунтингтоннинг «цивилизациялар тўқнашуви» назариясига конструктив муқобил сифатида хизмат қилади. Ифторлик маросимида турли миллат ва диний конфессия вакилларининг иштирок этиши ушбу диалогнинг абстракт ғоя эмас, балки тирик ҳаётий тажриба эканини кўрсатади. Ўзбекистон цивилизациялараро мулоқотни эълон қилибгина қўймай, уни амалда жорий этаётган давлат сифатида намоён бўлади.


«Бағрикенглик» ва «гуманизм» тушунчалари ҳам махсус кодланган. Ғарб ҳамкорлари буни демократик принциплар билан боғласа, Ислом дунёси вакиллари динимизнинг асл моҳияти — раҳмат ва адолат эканини англайди. Шундай қилиб, битта ибора икки хил аудиторияда ижобий ассоциацияларни уйғотади.


Марказнинг халқаро интеллектуал тизимга интеграциялашуви келгуси стратегиянинг асоси сифатида кўрсатилган. ICESCO, IRSIKA, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ва TURKSOY каби ташкилотлар учун офислар ташкил этилиши Марказнинг халқаро мақомини мустаҳкамлайди.


Ушбу интеграциянинг стратегик вазни ниҳоятда катта. Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорлик Ўзбекистонни глобал академик исломшунослик харитасига жойлаштиради. ICESCO орқали Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таълим ва фан тизимига кириш таъминланади. TURKSOY эса туркий халқлар маданий бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу каби кўп томонлама ҳамкорлик Ўзбекистонни бир вақтнинг ўзида Ғарб академик доиралари, Ислом ҳамжамияти ва Туркий дунё марказига айлантиради.


Халқаро нарративнинг туб қатламида Ўзбекистон имиджини тубдан қайта шакллантириш жараёни ётибди. Узоқ йиллар давомида мамлакат ташқи дунё учун ёпиқ ва изоляцияга мойил давлат сифатида гавдаланган эди. 2016-йилдан кейинги ислоҳотлар — чегараларнинг очилиши ва иқтисодий либераллашув, халқаро ҳамкорлик ва очиқ дипломатия бу кўринишни парчалай бошлади. Лекин имидж ўзгариши учун фақатгина сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар етарли бўлмайди, у маданий-интеллектуал асосга ҳам эҳтиёж сезади.


Ислом цивилизацияси маркази айнан шу асосни яратади. У халқаро ҳамжамиятга янги бир портретни тақдим этади: Ўзбекистон — минг йиллик интеллектуал анъана эгаси, Беруний ва Ибн Синоларни етиштирган ва бугун ана шу меросни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштираётган мамлакат. Бу нарратив иқтисодий кўрсаткичлардан кўра кучлироқ таъсир қилади, чунки у инсон ҳиссиётига ва маданий қизиқишига мурожаат этади.


Жосепҳ Най таърифлаган «юмшоқ куч» (soft power) тушунчасига кўра, энг самарали таъсир ўтказиш воситаси пул ёки қурол эмас, балки ўзига жалб қилиш қобилиятидир[9]. 2025-йилнинг ўзида минглаб халқаро меҳмонлар, президентлар ва олимларнинг ташриф буюриши ушбу «юмшоқ куч»нинг самарали ишлаётганидан далолат беради.


Шу маънода халқаро нарративнинг ҳаётийлигини таъминлашда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг халқаро фаолияти — хорижий диний муассасалар билан ҳамкорлик, халқаро илмий анжуманларда иштирок, чет тилларида илмий нашрлар — ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Марказ инфратузилма бўлса, уни интеллектуал мазмун билан тўлдириш — уламоларнинг шарафли вазифасидир.


2.4. Ислом дунёсига йўналтирилган нарратив


Ислом дунёси — ўзига хос ранг-барангликка, бой теологик мактаблар ва маданий анъаналарга эга улкан маънавий-геосиёсий макондир. Ушбу ҳудуднинг ҳар бир бўлаги ўз тарихий тажрибаси ва илмий салоҳияти билан ислом цивилизациясининг умумий тараққиётига ҳисса қўшиб келади. Бундай мураккаб майдонда Ўзбекистоннинг ўз ўрнини намоён этиши одатий сиёсий-дипломатик вазифа эмас, балки чуқур теологик ва тарихий пойдеворни талаб қиладиган жараёндир. Мазкур нутқ ислом дунёсига қаратилган нарративда айнан шу асосни мустаҳкамлаш вазифасини бажаради ва учта параллел йўналишда ривожланади: тарихий ворисликни тасдиқлаш, замонавий ислом оламида ўзига хос нишни эгаллаш ҳамда мўътадиллик моделини тақдим этиш.


Ислом оламида маънавий-тарихий ваколат уч асосда шаклланади: илмий мерос, муқаддас масканларга яқинлик ва теологик изчиллик. Ўзбекистон биринчи омил — илмий мерос бўйича ислом дунёсида тенгсиз мавқега эга. Имом Бухорий ҳадис илмининг энг буюк намояндаси сифатида эътироф этилади, у зотнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» тўплами Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба ҳисобланади. Имом Термизий ҳадис илмининг улкан устуни, Имом Мотуридий эса сунний ақида мактабининг асосчиларидан биридир. Бугунги кунда ҳам дунё мусулмонлари орасида «мотуридийлик» таълимоти кенг тарқалган бўлиб, у ўз ҳаётийлигини йўқотмаган. Баҳоуддин Нақшбанд эса бутун ислом оламида, хусусан, Марказий Осиё ва туркий халқлар орасида тасаввуфий тарбияни ёйган буюк муршиддир.


Бу номларнинг зикр этилиши мусулмон оламида кучли резонанс уйғотади. Мазкур алломалар фақат Ўзбекистоннинг тарихий сиймолари эмас, бутун ислом умматининг умумий меросидир. Уларнинг ватанида Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ана шу буюк меросни қайта жонлантириш ва уни жаҳон мусулмонлари учун очиқ, умумий илмий майдонга айлантириш рамзидир. Нутқда келтирилган халқаро меҳмонлар ва диний етакчиларнинг ташрифи ушбу марказнинг умумисломий ҳамжиҳатлик кўпригига айланиб бораётганини амалда тасдиқлайди.


Бугунги кунда ислом дунёсида турли диний-ҳуқуқий ва ижтимоий ёндашувлар ўртасида ўзига хос рақобат мавжуд. Ўзбекистон ушбу ранг-баранглик ичида ўзининг «мўътадил, тарихан асосланган ва интеллектуал» йўналишини илгари суради. Бу ёндашув радикал қарашлардан холи бўлган, бағрикенгликни устувор деб биладиган, минг йиллик анъаналарга таянувчи ҳанафий мазҳаби ва мотуридийлик таълимотини замон талабларига мос тушунтира олади. Бу ерда ислом дини чекланган маросимлар тўплами эмас, инсоният тараққиётига хизмат қилувчи юксак цивилизация сифатида тақдим этилади. Мазкур позиция Ўзбекистонга ислом оламидаги турли қутблар ўртасида мулоқот майдони яратиш ва ўзаро бирдамликка хизмат қилувчи илмий аргументларни таклиф этиш имконини беради.


Ўзбекистон нафақат мўътадиллик ғоясини тарғиб қилади, балки ушбу моделнинг тирик намунаси эканини ҳам намоён этади. Ифторлик маросимида турли миллат ва диний конфессия намояндаларининг иштирок этиши — ушбу бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.


Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ислом оламидаги илмий-маданий рақобатда узоқ муддатли истиқболни кўзлайди. Тан олиш керак, Ўзбекистон замонавий тарихимизда ушбу интеллектуал майдонга бироз кеч кириб келди. Саудия Арабистони ўнлаб йиллар давомида улкан молиявий ресурслар эвазига глобал ислом таълимотини шакллантиришга интилди. Туркия Республикасининг Диёнат ишлари бошқармаси ўз таъсирини кўплаб мамлакатга ёйди[10]. Ушбу жараёнда Ўзбекистон моддий ресурслар жиҳатидан ҳозирча уларга тенг кела олмаслиги мумкин.


Бироқ интеллектуал ва тарихий капитал борасида мамлакатимиз мутлақ устунликка эга. Бухорий ва Термизий номлари — ҳеч қандай «петродоллар» билан сотиб олиб бўлмайдиган маънавий хазинадир. Мотуридийлик мактаби эса беш юз йиллик табиий ва тизимли ривожланиш маҳсулидир. Ушбу улкан капиталдан самарали фойдаланиш учун фақатгина маблағ эмас, балки изчиллик, сифат ва стратегик ёндашув талаб этилади.


III.ГЕОМАДАНИЙ НАРРАТИВ: ТАШҚИ СИЁСИЙ ЎЛЧАМ

Геомаданий стратегия — бу маданий меросни ташқи сиёсатнинг фаол ва таъсирчан воситасига айлантириш санъатидир. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб дунё сиёсатида ҳарбий ва иқтисодий қудрат билан бир қаторда маданий таъсир ўтказиш омили ҳам ҳал қилувчи рол ўйнай бошлади. Постсовет даврида «юмшоқ куч» рақобати янги босқичга кўтарилди: эндиликда давлатлар армия ва иқтисодиётдан ташқари, ўзининг маданияти, таълим тизими, тили ва тарихи орқали ҳам халқаро майдонда мавқеини мустаҳкамлашга интилмоқда.


Ўзбекистон ушбу рақобат майдонига бироз кечикиб кирган бўлса-да, ўзига хос ва салмоқли интеллектуал «қуроллар» билан кирди. Ислом цивилизацияси маркази ана шу стратегик ҳаракатнинг энг кўзга кўринадиган ифодасидир. Лойиҳанинг моҳиятини англаш учун аввало унинг тарихий контекстини, сўнгра учта параллел геомаданий нарративни таҳлил қилиш лозим.


Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ғояси 2017-йилда, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида эълон қилинди[11]. 2016-йил сентябрида ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги янги раҳбарият ташқи сиёсатда кескин бурилиш ясади: қўшни давлатлар билан чегаралар очилди, Афғонистон билан муносабатлар янги босқичга чиқди, ғарб инвестициялари ва халқаро ташкилотлар учун эшиклар кенг очилди.


Мазкур ўзгаришлар фақат иқтисодий ёки дипломатик характерга эга эмас, балки чуқур маданий ва идентификацион асосга ҳам эга бўлиши лозим эди. Чунки эндиликда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги қиёфаси, унинг обрўси ва иттифоқчилар билан мулоқот тили янги стратегик аҳамият касб этади. Ислом цивилизацияси маркази ғояси айнан шу қидирувларга жавоб сифатида дунёга келди.


Лойиҳанинг БМТ минбаридан эълон қилиниши ҳам тасодифий эмас. Бу — маданий ташаббусга глобал легитимлик бериш ҳамда уни халқаро платформада муҳрлашнинг энг самарали йўли эди. Шу лаҳзадан бошлаб Марказ миллий лойиҳа доирасидан чиқиб, халқаро миқёсдаги мажбуриятга айланди. Дипломатик амалиётда бу жуда муҳим: глобал даражада эълон қилинган лойиҳа ички сиёсий тебранишларга нисбатан анча чидамли бўлади.


2017-йилдан 2025-йилгача бўлган саккиз йиллик қурилиш даври Ўзбекистон учун кенг кўламли ислоҳотлар — иқтисодий модернизация, ҳуқуқий ўзгаришлар ва туризмнинг жадал ўсиш даврига тўғри келди. Марказ мазкур янгиланишларнинг маданий рамзи сифатида шаклланди, унинг очилиши бир маънода Янги Ўзбекистоннинг ўзини дунёга қайта тақдим этишидир.


Жосепҳ Най 1990-йилда «юмшоқ куч» тушунчасини таклиф этар экан, уни мажбурлашга эмас, балки жалб қилиш орқали таъсир ўтказиш қобилияти деб таърифлаган эди. Ушбу кучнинг учта асосий манбаси мавжуд: маданий мерос, сиёсий қадриятлар ва халқаро институтлар. Найнинг фикрича, ҳарбий куч душманни бўйсундиради, иқтисодий куч манфаат уйғотади, маданий куч эса бошқаларнинг ўз хоҳиши билан сизга хайрихоҳ бўлишини таъминлайди.


Ўзбекистон юмшоқ куч борасида улкан салоҳиятга эга бўлса-да, бу имконият узоқ йиллар давомида етарлича ишга солинмади. Ал-Хоразмий, Ибн Сино ва Беруний каби сиймолар жаҳон миқёсида танилган интеллектуал «брендлар» ҳисобланади. Масалан, бугунги рақамли дунёнинг асоси бўлган «алгоритм» атамаси Ал-Хоразмий номидан келиб чиққан, бу сўзни дунёнинг ҳар бир бурчагида дастурчилар ишлатади. Шунингдек, алгебра фани унинг «Ал-жабр» асари билан боғлиқ. Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» эса Европада «Авиценна» номи остида беш аср давомида асосий дарслик бўлиб хизмат қилган.


Ушбу интеллектуал мерос — ҳеч қандай табиий бойлик ёки ҳарбий босимсиз қўлга киритилган глобал эътирофдир. Бироқ эътироф ўз-ўзидан сиёсий таъсирга айланиб қолмайди, уни институционал тарзда «капиталлаштириш» зарур.


Ислом цивилизацияси маркази айнан шу капитализация инструменти вазифасини ўтайди. У Ал-Хоразмий номи билан Ўзбекистон номини глобал онгда бир контекстга боғлайди. Хорижий меҳмон Марказда нафақат тарихий экспонатларни кўради, балки Ўзбекистоннинг интеллектуал анъанаси ҳамда бу анъананинг замонавий давлат томонидан қадрланишини ҳис қилади. Натижада у ўз мамлакатига Ўзбекистон ҳақидаги янги, ижобий тасаввур билан қайтади.


Ушбу механизм таълим ва академик соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун ўта муҳимдир. Оксфорд ислом тадқиқотлари марказининг Тошкентда офис очиши фақатгина дипломатикҳодиса эмас. Бу Ўзбекистон олимларининг глобал академик тизимга киришини осонлаштиради, миллий тадқиқотларимизнинг нуфузли нашрларда кўринишини таъминлайди ва мамлакатимизни жаҳон исломшунослик харитасида мустаҳкам ўринга жойлаштиради.


Юмшоқ кучнинг узоқ муддатли самарадорлиги шундаки, у давлатлараро муносабатларни ҳарбий ёки иқтисодий ўзгаришлардан қатъи назар сақлаб қолиш қувватига эга. Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларда муайян қийинчиликлар юзага келган тақдирда ҳам, ўрнатилган маданий ва интеллектуал ришталар муносабатларнинг буткул узилишига йўл қўймайди. Бу стратегик жиҳатдан ўта муҳим маънавий суғурта ҳисобланади.


Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга ва минтақанинг барча давлатлари билан бевосита чегарадош мамлакатидир. Шу билан бирга, минтақанинг ўзи Россия, Хитой ва Ғарб каби йирик геосиёсий кучлар ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётган мураккаб майдондир. Ушбу рақобат шароитида Ўзбекистоннинг тутган ташқи сиёсий позицияси миллий идентификациянинг ҳаётий заруратидир. Россия билан яқинлашув кўпинча совет меросини ёдга солади, Хитой йўналиши иқтисодий прагматизмни устувор қўяди, Ғарб йўналиши эса либерал-демократик қадриятларни илгари суради.


«Учинчи Ренессанс» ва Ислом цивилизацияси маркази нарративи Ўзбекистонга мутлақо мустақил йўл очиб беради[12]. Ушбу ғоя юқоридаги қутбларнинг ҳеч бирини инкор этмаган ҳолда, уларнинг ҳеч бирига тўлиқ боғланиб қолмаслик имконини яратади. Бу ўзига хос тарихий ва маданий идентификацияга асосланган суверен позициядир. Мазкур ёндашувнинг дипломатик қулайлиги ҳар қандай геосиёсий куч билан ўз тилида мулоқот қилиш имкониятидадир. Россияга: «Биз умумий совет ўтмишига эга бўлсак-да, тарихий илдизларимиз ва цивилизациявий асосларимиз анча қадимий», деб узоқ ўтмишга ишора қилиш мумкин. Хитойга: «Буюк Ипак йўли даврида биз ўзаро маданий ва илмий жиҳатдан бир-биримизни бойитганмиз», деган тарихий ҳамкорлик эслатилади. Ғарбга: «Биз Ренессанс анъанасинингдавомчисимиз», дея цивилизациявий яқинлик кўрсатилади. Ислом оламига: «Биз дунё тан олган буюк мусулмон алломаларнинг ватанимиз», деб маънавий етакчилик тасдиқланади.


Ушбу кўп векторли геомаданий позициянинг амалий натижаси нутқда санаб ўтилган давлатлар рўйхатида яққол намоён бўлади. Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, БАА, Россия, Туркия, Германия, Италия, Саудия Арабистони ва Ҳиндистон каби давлатларнинг Марказ қурилишига ўз мутахассислари билан ҳисса қўшиши — юмшоқ куч дипломатиясининг ноёб ғалабасидир. Геосиёсий рақибларнинг ягона маданий лойиҳа атрофида бирлашиши Ўзбекистоннинг нейтрал ва конструктив майдон ярата олганидан далолат беради.


Минтақавий миқёсда эса Марказ Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг нафақат иқтисодий, балки маданий ва интеллектуал маркази сифатида позициялайди. Қўшни давлатлар иқтисодий қудрат ёки сиёсий изоляция йўлидан бораётган, айримларининг эса ресурслари чекланган бир пайтда, Ўзбекистон «маданий мерос картаси»ни муваффақиятли ўйнаб, минтақада етакчилик нишини эгалламоқда.


Ҳар қандай халқаро мулоқотда энг муҳим омил — умумий тушунчалар тилини топишдир. Ким мулоқот тилини ва ундаги рамзларни белгиласа, ўша жараён йўналишини ҳам бошқаради. Нутқдаги «илм», «Ренессанс», «цивилизациялар диалоги», «бағрикенглик» ва «гуманизм» каби тушунчалар замонавий халқаро дипломатик лексиканинг универсал элементларидир.


Хусусан, «Ренессанс» сўзи Ғарб аудиторияси учун алоҳида маънога эга. Европада XIV–XVI асрлардаги Уйғониш даври инсон қадри ва илм-фаннинг янги босқичга кўтарилиши сифатида Ғарб цивилизациясининг бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Ўзбекистон ўзини «Учинчи Ренессанс» ватани сифатида тақдим этар экан, у Ғарбнинг маданий хотирасига мурожаат қилади, бу эса тингловчида танишлик ва илиқ хайрихоҳлик туйғусини уйғотади.


Шунингдек, «цивилизациялар диалоги» тушунчаси Самуел Ҳунтингтоннинг «цивилизациялар тўқнашуви»[13] назариясига самарали муқобил бўлиб, Ўзбекистонни глобал мулоқотнинг ижобий иштирокчиси сифатида намоён этади.


Халқаро мулоқот тилини шакллантириш нафақат тушунчалар танлашда, балки нутқнинг умумий архитектурасида ҳам кўринади. Ўзбекистон ҳақидаги хабар қуйидагича шакллантирилган: мамлакат — қадимдан цивилизациялар туташган чорраҳа, халқ — илмни муқаддас биладиган миллат, замин — жаҳонга буюк алломаларни туҳфа этган макон ва бугунги авлод — ана шу улкан меросни замонавий дунёда тиклаётган ворислардир. Ушбу ҳикоя ҳар қандай маданий ва сиёсий контекстда қабул қилинадиган универсал нарративдир.

IV. ХУЛОСА

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси маркази очилишидаги нутқи — Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал ва геомаданий манифестидир. Ушбу матн тўрт хил аудиторияга йўналтирилган мураккаб нарративлар тизими орқали давлатнинг ички ва ташқи стратегиясини яхлит бир қолипга бирлаштиради.


Таҳлил натижасида қуйидаги стратегик хулосаларга келиш мумкин:


Биринчидан, Ўзбекистон миллий ўзлигини нафақат этник ёки ҳудудий чегаралар, балки улкан цивилизациявий мерос асосида қайта шакллантирмоқда. «Учинчи Ренессанс» ғояси диний қадриятлар ва илм-фанни бир-бирига қарама-қарши қўймайди. Аксинча, уларни умумий тараққиётнинг икки ажралмас қаноти сифатида тақдим этади. Бу модел жамиятдаги турли қатламлар — диндорлар, зиёлилар ва ёшлар учун умумий ғоявий платформа вазифасини ўтайди.


Иккинчидан, ислом дунёсига йўналтирилган нарратив Ўзбекистоннинг маънавий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Мамлакатимиз бошқа диний марказларнинг тайёр моделларини қабул қилувчи пассив субъект эмас, балки ўзининг мотуридийлик ва ҳанафийлик анъаналарига таянган ҳолда «мўтадил ислом» моделини экспорт қилувчи фаол марказга айланмоқда. Бу — радикализм ва ёт ғояларга қарши энг самарали интеллектуал иммунитетдир.


Учинчидан, халқаро майдонда Марказ Ўзбекистоннинг «кўп векторли геомаданий дипломатияси» учун ноёб инструмент бўлиб хизмат қилади. Геосиёсий қутблар (АҚШ, Россия, Хитой, Ислом дунёси) ўртасидаги зиддиятлар шароитида маданий мерос лойиҳаси барча томонларни бирлаштирувчи нейтрал мулоқот майдонини яратади. Бу Ўзбекистоннинг халқаро имиджини «ёпиқ давлат»дан «цивилизациялар чорраҳаси ва илм-фан ўчоғи»га ўзгартириш имконини беради.


Тўртинчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Марказ билан ҳамнафас фаолият юритиши диний муассасаларнинг замонавий илмий ва ижтимоий жараёнлардаги ролини оширади. Марказ берган улкан инфратузилмани жонли илм, халқаро ҳамкорлик ва муносиб ворислар билан тўлдириш — эндиликда нафақат диний идоранинг, балки бутун илмий ҳамжамиятнинг стратегик вазифасидир.


Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ушбу нутқ ва унинг ортидаги лойиҳа Ўзбекистоннинг келажакдаги ўрнини белгиловчи узоқ муддатли марафондир. Унда муваффақият қозониш учун фақат тарих билан фахрланиш эмас, балки ўша буюк меросга муносиб замонавий интеллектуал маҳсулот яратиш талаб этилади. Ислом цивилизацияси маркази — бу якун эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг глобал маънавий ва илмий майдонга қайтишининг расмий дебочасидир.
 

Муҳаммадамин Исмоилов, 
Мир Араб олий мадрасаси талабаси

Мақолалар