Рамазонда ифторлик ва саҳарлик дастурхонини таомлар билан безаш аёлу қизларимиз, опа-сингил ва келинларимизнинг юмушлари сирасига киради. Аслида бу ой кам таом ейиладиган, очлик ва очлар ҳоли ҳис қилинадиган мавсумдир. Аммо шу ойда ҳам таомни кўп ейишга уринамиз. Аёлларимиз ифторлик дастурхонига шунақа кўп таом ҳозирлашадики, уни қўйгани хонтахтада жой етишмайди. Қорин очлиги сабаблими ёки бошқами, жуда кўп нарса пиширилади. Бир неча хил таомлар, сомса, печене, турли салатлар, шарбатлар ва ҳоказо.
Куни бўйи оч юрган тана бирданига шунча нарсани еб, уни ҳазм қилишга қийналади, ошқозонга юк бўлади, семириш, ҳаракатнинг кескин камайиши содир бўлади.
Аёл-қизларимиз фақат ейиладиган, керакли миқдордаги таомларни ҳозирлаб, қолган вақтларини ошхонада ўтказмасдан, Аллоҳ таолони зикр қилиб, танани озиқлантиришга бўлган уринишларини камайтириб, руҳнинг озуқасига кўпроқ эътибор қаратсалар оила аъзолари кўп овқат еб, қийналиш муаммосидан қутулган, келинлар эса зикрнинг савобига эришган бўлардилар.
Кўп таом егандан кейин унинг устидан кўп сув ичишга тўғри келади. Бу эса танани оғирлаштириб, дангаса бўлишга, ибодат қилиш, илм ўрганиш ва яна бирор фойдали ишлар билан шуғулланишдан сусткашлик қилишга олиб келади.
Саҳарликда рўза тутишга қувват бўлсин деб кўпроқ таом еймиз. Балки буни тушунса бўлар. Аммо ифторлик дастурхонини меъёридан оширмаслик керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда “Ишларнинг хайрлиси ўртачасидир” деганлар.
Ушбу оят ва ҳадисга амал қилиб, таом ейиш борасида ҳам ўртача йўлни тутсак, ҳам ҳадисга амал қилган бўламиз, ҳам ўзимизни ҳазмда қийналиш муаммосидан қутқарган бўламиз. Зеро, уламолар мазкур оятдаги “исроф қилманг” жумласини “Тўйгандан кейин таом еманг” деб тафсир қилишган.
Биз шунча нозу неъматлар билан ифторлик қилаётганимизда, рўзамга қувват бўлсин деб саҳарликда кўп овқат еб ўтирганимизда қўшнимизни эслаб қўяйлик! Улар ҳам биз каби саҳарлик ва ифторлик қилишяптимикин ёки уларнинг дастурхонида биздаги таомнинг ўндан бири ҳам йўқмикин?!
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Ифторликда кўп овқат еб, нафас олишга ҳам қийналиб турган пайтимизда улар ёдимизга келсин! Имкон қилиб, икки-уч хил таомимизнинг ярмини уларга олиб чиқиб берсак, қанча савобга эришамиз, иймонимиз комил бўлади.
Азиз диндошлар, таомланишда меъёрга амал қилайлик! Рамазон ойида яшаётганимиз, рўза тутаётганимиз ўзимизга билинсин! Очлик, ташналикни ҳис этайлик! Ана шунда биз бир ой давомида ҳис қилган ҳолат ён қўшнимизнинг бутун йил давомида ҳис этадиган ҳолати эканини англаб етамиз ва уларга ёрдам беришга шошиламиз!
Аллоҳ таоло барчамизни исрофдан сақланиб, меъёрида таомланишимизни ва фақирлар ҳолидан тез-тез хабар олиб туришимизни насиб этсин!
Довудхон домла мавъизалари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мутафаккир алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зотан, инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг асарларидаги эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ва мўътадиллик, илм-фан, ақл ва тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига оид қарашлар ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой тарихий-маданий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамияти берилиши диққатга сазовордир. Ҳануз ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган мазкур таълимотнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида муҳтарам юртбошимиз: “Мотуридий таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Сўнгги кунларда мамлакатимиз тарихида, хусусан, мотуридийшунослик соҳасида юқорида зикр қилинган ишларга ҳамоҳанг бўлган улкан тарихий воқелик содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкиллаштириш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, олим асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр қилиш, унинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, эсдалик сувенирлари, почта маркалари, тақвимлар ва бошқа кўргазмали ахборот воситаларини муомалага чиқариш, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.
Мазкур Қарорнинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Таъкидлаш лозимки, Қарор юртимизда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янада рағбатлантириш, бу борада амалга оширилаётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш, Имом Мотуридий сиймосини халқимизга янада кенгроқ танитишга хизмат қилиши билан бирга, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига алоҳида масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар, илмий тадқиқот мавзуларини Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгилаб, асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштиради.
Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида кенг эътироф этилади. У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар эътиқод мусаффолигини асраб-авайлаш, мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, ислом ниқоби остидаги оқимларнинг бузғунчи ғояларга қарши раддиялар беришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Хусусан, турли адашган оқимларнинг ғояларига қарши нақлий ва ақлий далиллар асосида раддия бериш методологияси ҳамда маърифий асосларини ишлаб чиққан Имом Мотуридий мазкур хизматлари учун “Имом ал-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақида ал-муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчи” деган шарафли номларга сазовор бўлган. Алломанинг Абу Муин Насафий, Абу Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби издошлари унинг йўлини муносиб давом эттириб, ихтилофли ақидавий муаммоларга илмий ечим топиш, мўътадил таълимотни одамлар орасида кенг тарқатишга улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Мотуридийнинг мутаассибликка қарши кураш методологияси ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга асослангани сабабли бузғунчи оқимлар фаолиятига барҳам беришда ўта самарали бўлган. Ушбу методологиянинг асосини олимнинг “Қуролингни илмда яса”, деган ҳикматли сўзи ташкил қилган. Бугунги кунда Имом Мотуридийнинг ушбу ҳикмати мамлакатимизда муваффақиятли қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси билан ҳар томонлама муштарак эканлигини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб, Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш ёшлар тарбиясида, шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини қарор топтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нақадар юксак аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Марказда бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Энг биринчи навбатда, Марказ қошида ташкил қилинган Халқаро илмий ҳайъат фаолиятини алоҳида тилга олиш зарур. Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герцеговина, Германия, Россия, Малайзия каби мамлакатларнинг етук олимлари, маҳаллий мутахассисларни ўз таркибида жамлаган ушбу Ҳайъат илмий тадқиқот мавзуларини мазмунан бойитиш ва янада такомиллаштириш, Марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишда беназир платформа вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, Ҳайъат аъзолари Имом Мотуридий сиймосини жаҳонга танитишга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Ислом тафаккури институти, Салжуқ университети, Анқара Йилдирим Боязид университети, ал-Азҳар университети, Малайзия ислом илмлари университети каби жаҳоннинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорликка оид меморандумлар доирасида мотуридийлик таълимоти тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, шунингдек, замонавий исломшуносликка оид долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Марказ томонидан Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий мероси бўйича халқаро танлов ўтказилди. Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия жорий қилинди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш билан бирга, Марказ фаолиятини ҳам хорижда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини яратиш, қўлёзмалар асосида илмий танқидий матнларини тайёрлаш, шу асосда халқчил рисолаларни нашр қилиб, аҳоли, айниқса ёшлар орасида мотуридийлик таълимотидаги бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бугунги кундаги долзарб муаммоларга бағишланган 40 га яқин монография, китоб ва халқчил рисола чоп этилди.
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, уни маҳаллий ва халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу Қарор нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсдаги мотуридийшунослик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори