Танловга!
Дунёнинг бир чеккасида номи оламга маълум ва машҳур бўлган бир шаҳар бор эди. Шаҳар ниҳоятда обод; кўркам бинолари, озиқ-овқатга тўлиб тошган расталари ҳар қандай кишининг ҳавасини уйғотар, одамлари ўзига тўқ, деярли муҳтожликда яшайдиган одамнинг ўзи йўқ эди.
Бу ерда ҳар куни зиёфатлар, кўнгилочар томошалар, ва бир-биридан қизиқарли тўй-у тантаналар бўларди. Дастурхонларда бўш ернинг ўзи қолмас, ортиб қолган нарсаларни эса биров бир тийинга олмас эди...
Жазирама кунларнинг бирида ўша бадавлат шаҳарнинг ичида бир нотаниш кимса пайдо бўлди. У оппоқ ёпинчиқ ўраб юзини беркитиб олган, кўчада кимни кўрса унга салом бериб кўнглини олган, одамларга илиқ сўзлар айтиб эзгуликка даъват қилар эди.
Бу ҳол шаҳар маъмурининг қулоғига етиб боргач, ўша ҳар йили бир пайдо бўладиган нотанишнинг мақсадини билмоқчи бўлиб, уни ҳузурига чақиришларини буюрди. Бироз ўтиб, нотанишнинг ўзи шаҳар маъмурининг ёнида пайдо бўлди. Ва унга қараб:
− Салом сенга эй Аллоҳнинг бандаси, – гап бошлади у, − қутлуғ кунларинг муборак бўлсин!
− Нималар деяпсан ўзинг?! Ўзи шундоқ ҳам ҳар кунимиз қутлуғ бўлса, яна қанақа кун ҳақида айтяпсан? – ҳайрон бўлиб сўради маъмур.
− Қандай бўларди, Яратганга кечалари дуо қиладиган, ундан гуноҳларни кечиришликни сўраб илтижо қилинадиган, кечалари ибодатга қоим бўлиб, унга истиғфорлар айтиладиган, одамларга ҳайр-у саҳоват қилиб, уларнинг кўнгилларини оладиган, кўзни, қўлни, тил ва дилни гуноҳлардан муҳофаза қилиб, фақат яхшиликлар қилинадиган кунларни айтяпман-да! – жавоб берди нотаниш.
Маъмур унинг сўзларини тинглаб, истеҳзоли кулиб қўйди. Ва деди:
− Менга қара ҳой нотаниш йўловчи! Бизнинг ҳеч нарсадан кам жойимиз йўқ! Ҳар нарсамиз етарли, одамларнинг қорни тўқ, устлари бут! Ҳар кунимиз байрам, зиёфат! Энди менга айтчи, сен айтган ишларни қилишликдан бизга нима наф?! Сен яхшиси, йўлингдан қолма...
Нотаниш кимса бошқа сўз айтмади. Ва бир зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди.
Орадан бир неча кунлар ўтди. Шаҳар аҳли ҳар доимгидек «ширин» ҳаётида яшашда давом этди. Ҳар кунлари бир хилликда – базм-у жамшидларда ўтар, бу кунларнинг ўз поёнига етиши эса ҳеч кимсанинг ҳаёлига ҳам келмас эди.
Бир куни шундай бўлди: шаҳарда қурғоқчилик бошланиб, экинлар нобуд бўлди. Расталар тез орада бўшаб одамлар оч қола бошлади. Энди ўша тотли дамлар йўқ, ҳаммаёқни қаҳатчилик эгаллаб бўлган эди. Ушбу ҳолатни кўриб одамлар негадир ўша нотаниш кимсани йўқлаб қолишди. «Балки унинг айтганларини қилсак, Яратган бизларни кечириб, яна аввалги ҳолимизга қайтариб қўяр?!» деб ўйлашарди улар. Шаҳар маъмури зудлик билан ўша нотанишни олиб келишга буюрди. Бироқ...Энди кеч эди! Ўша нотанишни ҳеч қаердан топа олишмади...
Ўша нотанишнинг исми – Рамазони Шариф эди! Шаҳар аҳлининг ҳолига тушишликдан Аллоҳнинг ўзи сақласин...
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ
Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиш босқичида маҳалла институти давлат ва жамият ўртасидаги олтин кўприк вазифасини ўтаб, ислоҳотларнинг бош ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Айниқса, 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши ушбу тизимни янги сифат босқичига олиб чиқди.
Бугун маҳалла шунчаки маъмурий ҳудуд эмас, балки инсон қадри улуғланадиган, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар бевосита жойида ҳал этиладиган энг халқчил тузилмага айланди.
Маҳалланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, аввало, унинг бетакрор тарбия мактаби эканлигида намоён бўлади. «Бир болага етти маҳалла ота-она» тамойили асосида шаклланган муҳит ёш авлод қалбига миллий қадриятларни сингдириш, катталарга ҳурмат ва жамоавий масъулият ҳиссини уйғотишда беқиёс аҳамиятга эга.
Жорий йилда маҳаллаларда маданий-маърифий тадбирларнинг янгича мазмун касб этиши, кексалар ўгити ва жамоатчилик назоратининг кучайиши жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтирмоқда.
«Маҳалла еттилиги» тизимининг тўлиқ мустақиллиги ва уларга берилган кенг ваколатлар натижасида «хонадонбай» ишлаш механизми ўз самарасини бермоқда. Маҳалла бюджетининг шакллантирилиши эса инфратузилмавий муаммоларни — йўл, ичимлик суви ва энергия таъминоти каби масалаларни тезкор, манзилли ҳал этиш имконини берди.
Шу билан бирга, маҳалла тинчлик ва ижтимоий адолатнинг бош кафолатидир. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳар бир маҳалла билан узвий боғлангани ёрдамга муҳтож қатламни аниқлаш ва уларни манзилли қўллаб-қувватлашда шаффофликни таъминлади.
Профилактика инспекторлари ва фаолларнинг ҳамкорлиги натижасида «хавфсиз маҳалла» тамойили ҳаётга татбиқ этилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва оилавий тотувликни асраш борасида мутлақо янги тизим яратилди.
Хулоса қилиб айтганда, маҳалла — кучли фуқаролик жамиятининг пойдеворидир. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёт кечиришига, давлатнинг халққа янада яқинлашишига хизмат қилмоқда. Зеро, маҳалла обод ва тинч бўлса, бутун мамлакатда барқарорлик ва юксалиш бардавом бўлади.
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши тумани “Чим” жоме масжиди имом-хатиби