Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Май, 2026   |   5 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
04:58
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:46
Хуфтон
21:17
Bismillah
23 Май, 2026, 5 Зулҳижжа, 1447

2019 йил учун закот, фитр ва фидя нисоблари эълон қилинди

06.05.2019   13965   2 min.
2019 йил учун закот, фитр ва фидя нисоблари эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2019 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича

ҚАРОРИ 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий     2019 йил (ҳижрий 1440 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1 грамм тиллонинг бугунги кунда бозорларимиздаги ўртача нархи 200 000 (икки юз минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, закот нисоби 85 (саксон беш) грамм тилло, яъни 17 000 000 (ўн етти миллион) сўм деб белгилангани ва мазкур сумманинг қирқдан бир (1/40) ҳиссаси, яъни 425 000 (тўрт юз йигирма беш минг) сўмни закот ниятида чиқарилиши ҳақидаги хулосаси маъқуллансин.

Маълумки, фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан тўрт нарсадан чиқарилади. Улар буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан () 4 килограммдир.

Шунга кўра, бу йилги ФИТР садақасининг миқдори Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга кўра:

2 килограмм буғдойдан 6 000 (олти минг) сўм;

≈ 4 килограмм арпадан 10 000 (ўн минг) сўм;

2 килограмм майиздан 70 000 (етмиш минг) сўм;

≈ 4 килограмм хурмодан 100 000  (юз минг) сўм бўлади.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 15 000 (ўн беш минг) сўм, деб белгилансин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси раиси, муфтий                                         Усмонхон АЛИМОВ

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Инсон қадрини улуғлаш ва саховатнинг юксак намунаси

22.05.2026   2336   4 min.
Инсон қадрини улуғлаш ва саховатнинг юксак намунаси

Муносабат

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва туб янгиланишлар замирида эзгу мақсад — инсонни улуғлаш, унинг дарду ташвишлари билан яшаш ғояси мужассамдир. Айниқса, диний-маърифий соҳага, миллий ва диний қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган юксак эътибор ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили халқимиз қалбида эртанги кунга бўлган ишончни, Яратганнинг берган неъматларига шукроналик ҳиссини янада мустаҳкамламоқда.

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Олийжаноб, халқчил ва савобли ушбу тамойиллар, айниқса, имон-эътиқод, эзгулик фазилатлари янада жўш урадиган муборак кунларда, қутлуғ Қурбон ҳайити айёми арафасида ўзгача бир тароват ва амалий ифода касб этмоқда.

Давлатимиз Раҳбари томонидан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш юзасидан янги таклифлар тақдимоти билан танишилиб, 690 миллиард сўм маблағ ажратилишини маъқуллаганлари бутун юртдошларимизни янада тўлқинлантириб юборди. Давлат кучи ва эътибори билан ажратилган бу катта маблағнинг айнан "Вақф" фонди ҳисобидан йўналтирилиши бизнинг зиммамизга улкан, шарафли масъулият юклайди. Бу ишонч фонднинг ҳар бир ходимидан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ғайрат, фидойилик талаб этади.

Халқнинг омонати бўлган бу маблағларни Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, тўлиқ шаффоф, адолатли ва манзилли тарзда ўз эгаларига етказиш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз. Зеро, бу хайрия ишлари шунчаки кўрсаткичлар учун эмас. Уларнинг замирида минглаб хонадонларга қайта кириб келадиган умид ва қувонч мужассам.

Мазкур маблағлар ҳисобидан оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Бу дегани, 10 минг оиланинг қайта бахтга эришиши, оналар кўзидаги ёшнинг тинишидир. Шунингдек, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари харажатлари, шу жумладан, камида 350 нафар оғир беморда жигар ва буйрак кўчириш амалиёти харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Кўрсатилаётган бу саховатлар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, шунингдек, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган қаҳрамонларимизнинг 8 минг нафардан зиёд фарзандлари алоҳида эътиборга олиниб, уларнинг омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ўтказиб берилиши фарзандларимиз бизга омонат, деган улуғ ғоянинг амалий исботидир.

Шу билан бирга, давлат таъминотидаги оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар озиқ-овқат тўпламлари билан таъминланиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли тоифалари учун эҳсон дастурхонлари ёзилиши, зиёратгоҳлар ва диний таълим ташкилотларида қурбонлик тадбирларининг ўтказилиши байрам шукуҳини ҳар бир хонадонга олиб киради.

Муқаддас ислом динида инсонларга яхшилик қилиш билан бирга, Аллоҳнинг уйларини обод этиш, ўтганларнинг қабрларини зиёратгоҳга айлантириш энг улуғ савобли амаллардан саналади. Давлат раҳбари томонидан кўрсатилган бу галги ғамхўрлик доирасида диний-маърифий соҳа алоҳида эътиборда тутилиб, жойлардаги 500 та масжидда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида замонавий таҳоратхоналар қурилиши, реконструкция қилиниши ва таъмирланиши, шунингдек, қабристонлар обод этилиши ушбу эзгу ишларнинг ниҳоятда гўзал ва узвий давоми бўлди.

Муҳтарам Президентимиз ушбу тадбирларнинг шаффоф ва манзилли ташкил этилиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқларни бердилар.

Ҳадиси шарифда: "Ким бир мўминнинг дунёвий ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло унинг қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деб марҳамат қилинади. Бугун юртимизда давлат даражасида олиб борилаётган бу тизимли саховат ва мурувват тадбирлари айни шу илоҳий даъватнинг жамиятдаги жонли намунасидир. Тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган юртга мана шундай барака ва хайр-саховат ярашади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди жамоаси мана шундай улуғвор жараёнларда халқимизга хизмат қилиш йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солиб, зиммадаги масъулиятли вазифани юксак ғайрат ва виждон амри билан адо этишга киришган. Зеро, инсон қадри улуғланган юртда ҳамиша барака, тинчлик ва тараққиёт бардавом бўлади. Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз фаровон, муборак айёмлар қутлуғ бўлсин!

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари,

"Вақф" хайрия жамоат фонди раиси

 

МАҚОЛА