Буюк тобеинлардан Ато ибн Ясор раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига бир киши келиб: «Бир аёлга совчи қўйдим. Менга турмушга чиқишдан бош тортди. Бошқа одам совчи қўйса, унга турмушга чиқишни истаб, (совчига рози бўлибди). Аёлнинг қилган ишидан ғазабланиб, уни ўлдирдим. Энди менинг тавба қилишимга имкон борми?» деб сўради.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ундан: «Онанг ҳаётми?» дея сўрадилар. У «Йўқ» деб жавоб берди. Шунда у киши: «Аллоҳга тавба қил! Имконинг борича солиҳ амалларни адо этиб У Зотга қурбат ҳосил қилишга урин!» дедилар.
Мен Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: «Нима учун у одамдан онаси тириклигини сўрадингиз?» деб сўрасам, у киши: «Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбуброқ, У Зотга яқинлаштирадиганроқ амални билмайман» дея жавоб бердилар».
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Бирру вас сила» номли китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар Аллоҳ раҳмли бўлса… нега (жаҳаннам)ни яратган?!
“Қандай қилиб Аллоҳ бизга раҳм қилади… кейин эса бизни жаҳаннамда азоблайди?!”.
Доктор Мустафо Маҳмуднинг жавоби атеист кишининг қалбини ларзага солди: “Аллоҳ жаҳаннамни сизни азоблаш учун яратмаган, балки уни бу оламдаги зулм, ёвузлик ва кибр билан “чириб кетган” нафслар учун гўё бир “ахлат қутиси” сифатида яратган!”.
Шунинг учун, у шунчаки жазо эмас, балки заруратдир?
Аслида дўзахнинг борлиги Аллоҳнинг раҳматини комиллигидан: “Мазлумга раҳм золимни йўқ қилинишидадир, – ҳаққа раҳм – ботилга ўз жойини кўрсатиб қўйилишидадир”.
Жаҳаннам – жаннатга лойиқ бўлмаган барча нарсаларнинг жойидир. У – борлиқни “ифлослантирган” нафслардан поклайдиган манзилдир. Бу – муҳаббат ва тинчлик мантиғини рад этган қалбларнинг борадиган манзилидир.
Хулоса: Аллоҳ инсонларга зулм қилмайди. Балки инсонлар ўз амаллари билан ўзлари учун “жаҳаннам”ни яратадилар. Жаҳаннам – инсон ўзи ихтиёр қилган йўлнинг “ойна”даги аксидир.
Аллоҳ таоло ушбу мутлақ адолатни бундай ифода қилади:
أَفَنَجْعَلُ ٱلْمُسْلِمِينَ كَٱلْمُجْرِمِينَ مَا لَكُمْ كَيْفَ تَحْكُمُونَ
“Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?! Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!” (Қалам сураси, 35–36-оятлар).
“Атеист дўстим билан мулоқот” китобидан
Доктор Мустафо Маҳмуд раҳимаҳуллоҳ