Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2019 йил 25 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг педагог-ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши фиқҳ ўқитувчиси” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Бу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда олиб борилади.
Фиқҳ илми илмлар ичида фазл ва шарафга эга илмдир. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасининг 122-оятида фиқҳ илмини ўрганишга чақиради:
“Мўъминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Ҳар бир фирқадан бир тоифаси динда фақиҳ бўлиш учун қолсаларчи? Қавмлари уларга қайтганларида уларни огоҳлантирардилар, шоядки эҳтиёт бўлсалар”.
Мазкур оятда мусулмонлар жангга чақирилиб турилган бир даврда бир тоифа кишилар жангдан қолиб фиқҳ ўрганмайдиларми? – деб фиқҳнинг фазилати ва шарафи жангдан ҳам юқори эканлиги айтилмоқда. Демак, ҳар бир қавмдан бир гуруҳ кишилар сафарбарликдан қолиб бўлса-да, динни чуқур ўрганишга, унда фақиҳ бўлишга ҳаракат қилишлари лозимлиги ушбу оятда таъкидланмоқда. Шу маънода ҳадиси шарифда ворид бўлади:
“Олимларнинг сиёҳи шаҳидларнинг қони билан ўлчанади ва олимларнинг сиёҳи оғир келади. Ваҳоланки, олимларнинг сиёҳи ишларидаги мартабанинг энг пасти ва шаҳидларнинг қони ўз аҳволларининг энг юқорисидир”.
Фиқҳ илмининг бошқа илмлардан афзаллиги тўғрисида ҳадиси шарифлар жуда кўп. Жумладан:
“Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда:
“Бир фақиҳ киши шайтонга мингта обиддан кўра қаттиқроқдир”.
Ҳанафий мазҳабимизда кечаси туриб ибодат қилишдан кўра, китобларга назар солмоқ, илм таҳсил қилмоқ афзал ҳисобланади.
Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Ҳар бир илм билан шуғулланиб кўрдим. Бирорта илмни фиқҳдан кўра фойдалироқ топмадим. Фиқҳ билан қанча кўп шуғуллансам, шунча дақиқ маъноларни кашф этдим”.
Танлов юқори савияда ташкиллаштирилди.
Танловда қуйидаги иштирокчилар қатнашдилар:
Танловни ўтказишдан мақсад – педагог-ўқитувчиларнинг мутахассисликлари бўйича билим савияси ва кўникмаларини янада ривожлантириш, касбий маҳоратини ошириш ҳамда фаолияти бўйича замонавий услублари ва тажрибасини оммалаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, фан ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини ошириб бориш, таълим-тарбия жараёнига янги педагогик технологияларни жорий этиш, педагог-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб қилиш, диний таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, педагог-ўқитувчиларнинг тажриба алмашишини йўлга қўйиш кабилардан иборат.
Иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб бориш ҳакамлар ҳайъат томонидан олиб борилди. Ҳакамлар хайъати таркиби қуйидагича:
Танлов 4 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шарт ҳакамлар ҳайъати томонидан 25 баллик тизимда баҳоланиб борди.
Танлов шартлари:
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Хаитбоев Муҳаммадали қори қироат қилгандан сўнг, Мир Араб олий мадрасаси устози Исмоилжон домла дуои хайр қилиб бердилар.
Тадбирни Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров очиб бердилар. Сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари М.Комилов сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тиладилар.
Иштирокчиларнинг чиқишлари қуръа ташлаш йўли билан аниқланди.
Мусобақа кўтаринки кайфиятда ва юқори савияда бўлиб ўтди. Ҳар бир шартда иштирокчилар ўзларининг чиқишлари билан ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларнинг диққат марказида бўлдилар.
Мусобақа якунига кўра биринчи ўринни Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев билан қўлга киритди. Биринчи ўрин ғолиби энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида пул мукофоти, 1-даражали диплом, рангли телевизор ҳамда бир йил давомида ойлик иш ҳақига 40% устама мукофотлари билан тақдирланди.
Иккинчи ўринни Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Акмалхон домла Ғаниев қўлга киритди. Иккинчи ўринни олган иштирокчи 2-даражали диплом, микротўлқинли печь ҳамда бир йил давомида ойлик иш ҳақига 30% устама мукофотлари билан тақдирланди.
Учинчи ўринни эса Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Жалолиддин домла Холмўминов қўлга киритди. Учинчи ўринни эгаллаган иштирокчи 3-даражали диплом, чангютгич ҳамда бир йил давомида ойлик иш ҳақига 20% устама мукофотлари билан тақдирланди.
Қолган иштирокчилар эса китоблар тўплами ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.
Мусобақа якунида Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар тайёрлаш ва таълим бўлими мудири С.Шерхонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибият бўлими бошлиғи М.Ҳомидов сўзга чиқиб, иштирокчиларга, ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
кабинет мудири Абдуллоҳ Қосим
Манба: https://islaminstitut.uz
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби