Бугун Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида ўтказилган “Маънавий ипак йўли, Ислом ва ёшлар: замонавий таҳдидлар” мавзусидаги халқаро анжуман ўз ишини якунлади.
Ушбу анжуманда жами 300 делегат иштирок этгани унинг нуфузидан дарак беради.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Россия муфтийлар Кенгаши раиси Равиль Гайнутдин, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ораз, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Максатбек Токтомушев, шунингдек, Хитой, Молдова ва Финляндия мусулмонлари етакчилари, жами бўлиб 14 та давлатдан дин пешволари иштирок этди.
Анжуманда юртимиз номидан чиқиш қилган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровнинг маърузалари конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Анжуман якунлари бўйича қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга мавъиза қилиб бердилар. Мусулмоннинг мусулмонга эҳтироми мавзусида қилинган гўзал суҳбат давомида Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам этиб, борлиқдаги барча нарсани инсонга хизмат қилдириб қўйгани, шундай экан, инсонлар ҳам ўзаро аҳл-иноқ, меҳр-муҳаббатли, бир-бирларига доимо ёрдамчи бўлиб ҳаёт кечиришлари динимиз амри экани эслатиб ўтилди.
Маъруза асносида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар келтириб ўтилди. Жумладан, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба атрофида тавоф қилаётганларини кўрдим. У зот Каъбага қараб бундай дер эдилар: "Сен ва сенинг ҳидинг қандай ҳам гўзал! Сен қандай улуғсан ва сенинг ҳурматинг қандай буюк! (Лекин) Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ наздида мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан ҳам улуғдир" (Имом Ибн Можа ривояти).
Мусулмон кишининг Аллоҳ наздидаги ҳурмати мана шундай баланд экан, ўзаро ҳурмат-эҳтироми ҳам шунга монанд бўлиши таъкидланди. Манфаатли суҳбат якунида бутун дунё мусулмонлари, хусусан, халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқлиги бундан ҳам зиёда бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати