Аллоҳ таоло ҳар бир эркакка оила раҳбарлигини берган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ
“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар” (Нисо сураси, 34-оят).
Уламоларимиз айтишадики, бу раҳбарлик зулм раҳбарлиги эмас, истаган пайтда истаган буйруқ бериш, аёли ва фарзандларининг хоҳлаган жойига уриш раҳбарлиги эмас, балки хизмат, устозлик, шароит қилиб бериш ва ҳимоя раҳбарлигидир. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларидан бирида: «Қавмнинг саййиди (бошлиғи) уларнинг хизматчисидир» деганлар. Абу Абдурроҳман ас-Суламий ривояти.
Масжид имоми масжид қавмига хизмат қилади. Намозхонларнинг таҳорат олишлари, хотиржам намоз ўқишлари учун зарур бўлган шароитларни тайёрлайди, шу ишга бош бўлади. Масжиднинг иссиқ-совуқ сувларига, хонақоҳдаги гиламларнинг тозалигига эътибор беради.
Корхона раҳбари ходимларига хизмат қилади, уларнинг қулай меҳнат қилишларига шароит қилиб бериб, техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилишларини назорат қилади. Уларга ҳалолликни, омонатдорликни, садоқатни эслатиб, улар учун қайғуради.
Хонадон бошлиғи бўлган эркак оила аъзоларига хизмат қилади. Уларнинг эҳтиёжларини қондиришга, керакли нарсаларини олиб беришга уринади. Дунё ва охирати учун зарур нарсалар билан таъминлайди. Аёли ва фарзандлари бемор бўлсалар, уларни шифокорга кўрсатиб, дори-дармон олиб бериб, муолажаси учун елиб-югуради. Илм-маърифатли бўлишлари, Аллоҳни, Пайғамбарни, Қуръонни, Динни танишлари, ўрганишлари учун барча керакли китобларни, таълимга йўналтирилган дискларни олиб беради. Билмаган нарсаларини ўргатади. Оиладаги раҳбарлик мана шундай бўлади. Шунингдек, оила аъзоларининг диний кўрсатмаларга мувофиқ ҳаёт кечиришларини назорат қилиш, буни йўлга қўйиб бориш ҳам оила раҳбарининг вазифаси ҳисобланади.
Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَاراً وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Хўш, дўзах оловидан ўзни ҳам, уларни ҳам сақлаш қандай бўлади? Албатта, дўзахдан узоқлаштирадиган ва жаннатга яқинлаштирадиган амалларни ўргатиш, шуларни ўрганишга шароит қилиб бериш билан ва ўрганганларига қанчалик амал қилишларини назорат қилиш билан бўлади.
Аёлимизнинг авратлари очиқ-ёпиқлигига жавоб берувчи ҳам, фарзандларимизнинг хулқу атворига ҳисоб берувчи ҳам оиланинг раҳбари бўлган биз эркаклардир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло дўзахнинг ёқилғиси одамлар ва тошлардан иборат эканлигини баён қилмоқда. Демак, ўша ёқилғиларнинг бири бўлиб қолмаслик учун ўзимиз ҳам дўзахдан узоқлаштирадиган ва жаннатга яқинлаштирадиган амалларни қилиб бориб, фарзандларимизга ҳам шуларни таълим берайлик!
Ўғлимиздан: “Усома ибн Зайдни танийсанми?” деб сўрайлик. Агар ўғлимиз “У одам қайси футбол командасида ўйнайди, дада?” деса, ўзимизга қабр кавласак ҳам бўлади.
“Усома ибн Зайд буюк саҳобий Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ўғли бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни ҳам, унинг ўғли Усомани ҳам жуда қаттиқ яхши кўрганлар. Унинг онаси Умму Айман Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энагалари бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлни тақдирлаб, «У онамдан кейинги онам. Аҳли байтимнинг қолгани», дер эдилар. У зот алайҳиссалом Усома ҳақида «Аҳлимнинг менга энг маҳбуби, батаҳқиқ, Аллоҳ унга инъом берган ва мен ҳам унга инъом берган шахс, Усома ибн Зайддир», деганлар” деб фарзандларимизга ўргатайлик!
Ўзимиз билмасак, шу каби тарихий воқеалар ёзилган Ислом тарихига оид китобларни сотиб олиб берайлик! Масалан, “Оламларга раҳмат Пайғамбар”, “Тарихи Муҳаммадий”, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”, “Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?”, “Ислом тарихи”, шунингдек, намозга оид “Мўминнинг меърожи”, “Мен ҳам намоз ўқийман”, тарбияга оид “Оилада фарзанд тарбияси” каби китобларни олиб бериб, намозни, динимиз тарихини, тарбия борасидаги қимматли маълумотларни, бу дин бизгача етиб келгунича кимлар жон фидо этганини ўзимиз ўрганиб, фарзандларимизга ҳам ўргатайлик! Шу каби илмий-маърифий китобларни олиб берсак улкан савобга эришамиз, бордию олиб бермасак, Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор, фарзандларимиз олдида жиноятчи бўламиз.
Дўсту улфатлар билан 20-30 минг сўмга овқатланишни биламиз. Аммо 15-20 минг сўм турадиган бу китобларни олиб беришга келганда ўйланиб қоламиз, пулимиз кўзимизга кўриниб кетади. Ваҳоланки, шу китоблар ўзимизнинг ҳам, оила аъзоларимизнинг ҳам дунёю охиратларига фойдадир. Қилинган тушликнинг фойдаси эса икки-уч соатдан у ёғига ўтмай ҳазм бўлиб кетади.
Биз шу ейилган таомнинг қувватини гуноҳ, маъсиятларга ишлатиб қўйишимиз ҳам мумкин. Аммо китоблар ҳеч қачон гуноҳга ишламайди. Аксинча, фарзандларимизнинг бахту саодати, келажакда баркамол инсон бўлиши учун хизмат қилади. Олиб берилган китоблар токи ўқиб, фойдаланиб турилар экан, сизу бизнинг вафотимиздан кейин ҳам қабримизга унинг ажридан келиб туради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар инсон вафот этса, амаллари тўхтайди. Фақатгина учта ишдан, садақаи жориядан ёки фойдали илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан унга савоб бориб туради” (Имом Муслим ривояти).
Биз олиб берган китоблар бу ҳадисдаги учта ишни ҳам ўз ичига олади. Аввало у сиздан садақаи жория бўлади, қолаверса, у сизнинг қолдирган илмингиз бўлади. Сўнггида эса ўша китобларни ўқиган фарзандларингиз дуо қилишни, вафот этганлар ҳақига истиғфор айтишни ўрганади. Улар сизу бизнинг ҳам ҳақимизга дуойи хайрлар қилади.
Азизлар, шунинг учун фарзандларимизга китоб олиб берайлик, оиладаги раҳбарлигимизни унутиб қўймайлик, охиратда ўзимиз учун ҳам, улар учун ҳам жавоб беришимиз эсимиздан чиқиб қолмасин!
Аллоҳ таоло бу борада барчамизга Ўзи куч-қувват, ёрдам, ҳиммат, ғайрат ва енгиллик берсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугун – Ёшлар куни.
Аввало, шуни айтмоқчиман: Эй ёшлар, сизлар нақадар бахтлисиз!
Сизлар илм олиш учун эшиклари очиқ бўлган юртда яшаяпсиз. Илм олишни истасангиз, касб-ҳунар ўрганишни истасангиз ҳам, олий таълим олишни истасангиз ҳам имкониятлар бор. Ота-онангиз тинч осмон остида сизнинг камолингизни орзу қилиб яшаяпти.
Бу неъматларнинг қадрига етинг.
Ҳар бир неъматнинг шукри бўлади. Ёшлигингизнинг шукри – уни Аллоҳ рози бўладиган йўлда сарфлашдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152-оят).
Азиз ёшлар!
Бугун дунё сиз учун курашмоқда. Аммо бу кураш қурол билан эмас, қалбингиз учун курашдир.
Бир томонда муаллим устозларингиз чақиради.
Иккинчи томонда нафс чақиради.
Бир томонда ота-онанинг дуоси.
Иккинчи томонда интернетдаги номаълум одамларнинг чақириқлари.
Бир томонда юртимиз уламолари.
Иккинчи томонда ўзини “ҳақиқат тарафдори” деб кўрсатадиган, аммо аслида ёшларни фитна, ғазаб ва адоват сари етаклайдиган бузғунчи оқимлар.
Улар сизга: “Фақат биз ҳақмиз”, дейди.
Аммо уларнинг ортидан борган қанча ёшлар ота-онасидан, илмидан, юртидан айрилди, энг ачинарлиси эса, хотиржамлигини ҳам йўқотди. Улар бахт излаб чиқиб, бахтини йўқотди.
Ислом эса, инсонни ота-онасига меҳрибон, юртига фойдали, илмга ташна, одобли ва раҳмли бўлишга чақиради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларнинг қадрига етмайди: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Ёшлик ҳам мана шу икки неъматнинг энг гўзал давридир.
Бугун телефонингизда биргина тугма билан дунёнинг ҳар хил фикрлари кириб келади.
Аммо унутманг...
Ҳар кўп кузатиладиган одам ҳақ бўлавермайди.
Ҳар чиройли гап жаннатга олиб бормайди.
Баъзан энг хавфли заҳар энг ширин идишда бўлади.
Шайтон ҳам ҳеч қачон инсонни: “Кел, гуноҳ қил”, деб бошламайди. Аввал: “Фақат битта видео кўр”, дейди. Кейин: “Фақат битта шубҳали саҳифани ўқиб кўр”, дейди. Сўнг эса қалб аста-секин нурини йўқота бошлайди.
Бугун сен кимни тинглаётганинг – эртага ким бўлишингни белгилайди.
Ким билан юрганинг – қаерга боришингни белгилайди.
Нимани кўраётганинг – қалбинг қандай бўлишини белгилайди.
Шунинг учун уламоларга маҳкам ёпишинг.
Диёрингиз уламоларига яқин бўлинг.
Жонажон ватанингизни дўст тутинг.
Илм-ҳунарни ҳаётингизнинг энг гўзал лаҳзасига айлантиринг.
Ота-онангизнинг розилигини йўқотманг.
Чунки ота-онанинг биргина дуоси баъзан инсонни дунё ва охират саодатига олиб боради.
Азиз ёшлар!
Ёшлик – ўтиб кетадиган фасл.
Бугун кучли оёқлар бир кун қарийди.
Бугун ўткир кўзлар бир кун хиралашади.
Бугун тез югураётган юрак ҳам бир кун тўхтайди.
Аммо ёшлигингизда ватанингизга қилган бир фидоийлик, бир садақа, бир илм, бир яхшилик Қиёмат кунигача сиз билан қолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганлар: Қиёмат куни банда беш нарсадан сўралади. Улардан бири “Ёшлигини нимага сарфладинг?”.
Шундай экан, бугун жавобини тайёрлайлик.
Эй ёшлар!
Сиз бу юртнинг умидисиз.
Ота-онангизнинг қувончисиз.
Устозларингизнинг мевасисиз.
Умматнинг эртанги кунисиз.
Шундай экан, ҳеч ким сизнинг пок қалбингизни ўғирламасин.
Ҳеч ким сизни илм йўлидан чалғитмасин.
Ҳеч ким сизни фитнага бошламасин.
Илм билан юксалинг.
Одоб билан безанинг.
Шундай ёш бўлингки, сизни кўрган ота-она: “Аллоҳим, Ўзинга шукур, фарзандимдан розиман Сен ҳам рози бўлгин”, деб дуо қилсин.
Аллоҳ таоло барча ёшларимизни иймони мустаҳкам, илми зиёда, одоби гўзал, ота-онасига садоқатли, Ватанига фойдали ва умматга хизмат қиладиган солиҳ инсонлардан айласин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби