
2019 йил 25 март куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий иш қоғоси нусхасига ёзилган бир нечта шахслар тўғрисидаги маълумотлар сохтадир. Унда келтирилган маълумотлар ва ёзувлар қалбакидир.
Бу каби асоссиз уйдирма хабарларни тарқатишдан мақсад Ўзбекистондаги диний соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни ёмонлаб кўрсатиш ва мўмин-мусулмонлар орасига ишончсизлик уруғини сочишдан ўзга нарса эмас.
Инсон дунёга муккасидан кетиб, охиратини унутиб, ҳар қандай қабиҳ ишга қўл урмаслиги керак. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганлар. Яна бир ҳадисда "Ким бизни алдаса, биздан эмас" дейилган.
Азиз юртдошлар, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бундай ёлғон-яшиқларга, миш-миш гапларга учмаслиги, фитналардан огоҳ бўлиши даркор. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадислари моҳиятини чуқур тушуниш лозим.
Баъзи бир ҳасадгўй кимсалар халқимиз орасида норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида, фитна чиқариш илинжида турли уйдирмаларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишдан тап тортишмаяпти. Буларга алданиб қолмаслигимиз керак. Шундай ёлғон хабарларни тайёрлаш ва тарқатиш қонун билан тақиқланади, Ислом динида эса қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни юртимиз зиёратчилари ҳажнинг энг муҳим фарзини адо этиш мақсадида Арафот майдонига бориб жойлашди.
Ҳадисларда келтирилишича, Арафот улуғ манзиллардан бири бўлиб, бу ерда қилинган дуолар шак-шубҳасиз қабул бўлади. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, бундан унумли фойдаланмоқда.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларимиз хотиржам ибодат қилишлари учун кенг ва шинам чодирлар тайёрланган, совуткич ва музлаткичлар узлуксиз ишламоқда, уч маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва салқин ичимликлар мунтазам тақдим этилмоқда.
Ҳожиларимиз Арафотда дуои хайрлар, ибодатлар билан бўлиб, пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқийдилар. Дуо ва тазарруларда бардавом бўладилар. Аллоҳ таолодан юртимиз тинч, халқимиз ҳаёти янада фаровон бўлишини, фарзанду аржумандларимиз бахту саодатини сўраб илтижолар қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати