Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича 2019 йилнинг 4 март куни Малайзия Ислом илмий университети (USIM) раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан Ўзбекистон делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтган.
Ушбу таълим муассасасига 1998 йилда асос солинган бўлиб, Малайзия Ислом илмий университетида 32 йўналишда таълим берилади. Бугунги кунда бу даргоҳда 15 минг талаба таҳсил олади.
Учрашув чоғида USIM ва мамлакатимиз таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда бу каби ҳамкорликнинг самарадорлиги алоҳида таъкидланди. Сўнгги ярим йил ичида USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш соҳасида, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабаларни алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шерикчилик битимлари имзоланди. Шунингдек, Малайзия университети Ўзбекистон миллий университети ва Бухоро давлат университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Натижада жорий йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Урганч давлат университетида Ислом илмий университети етакчи профессорларининг Ислом ҳуқуқи ва банкинг, туризм, менежмент, АКТ ва бошқа йўналишлар бўйича лекциялари ташкил этилди.
Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва “visiting professors” шаклидаги амалиётни давом эттириш мақсадида университетнинг инженерия ва қурилиш факультети деканини Тошкент архитектура-қурилиш институтида мустаҳкам архитектура мавзусида лекциялар курсини ўтказиши учун 2019 йил 27 мартдан 11 апрелгача Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва вилоят бош имом-хатиблиги ҳамкорлигида Каттақўрғон туманида аҳолини қўллаб-қувватлаш ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирлар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида (бунга қадар Қўшработ туманида ўтказилган эди) ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий йўналишлари:
– Хонадонларга кирилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳамда муаммоларни жойида ҳал этиш.
– Инсон қадрини улуғлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва саховат ғояларини кенг тарғиб қилиш.
Жараён аввалида вилоят бош имом-хатиби в.в.б. Н.Абдуманнонов, ўринбосар Х.Саттаров ва ДИҚ вакили С.Боймуродов иштирокида шаҳар ва туман имом-хатиблари ҳамда ҳожи оталар билан йиғилиш ўтказилиб, ишчи гуруҳларга устувор вазифалар белгилаб берилди.
Айни пайтда мутасаддилар томонидан маҳаллаларда сайёр учрашувлар ва маърифий суҳбатлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати