Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Апрел, 2026   |   2 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:11
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:12
Хуфтон
20:31
Bismillah
20 Апрел, 2026, 2 Зулқаъда, 1447

Ҳеч бир ҳолатда канда қилманг

18.02.2019   19948   3 min.
Ҳеч бир ҳолатда канда қилманг

«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус, 12).

«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади…»
Абу Лайс Самарқандий тафсирида: “Агар бандага касаллик, камбағаллик ва бало каби ёмон кўрадиган нарсалари тегса, банда ётган ҳолида ҳам Аллоҳга илтижо қилади. Касали енгилроқ бўлса ўтирган ҳолида дуо қилади, агар касаллигидан асорати қолган бўлса, юриб турганда ҳам дуо қилади”, деган.

Маҳмуд Замахшарий оят тафсирида: «Бу оятда дуо қилувчининг уч ҳолатини айтиб ўтишдан нима фойда дейилса, мен айтаманки, бунинг маъноси “Зарар кўрган инсон токи ўша зарари йўқолмагунча Яратганга дуою илтижо қилишдан тўхтамайди. У бизга ҳар қанақа ҳолатида ҳам, тура олмай ётиб қолганда, тик тура олмай ўтириб қолганда ёки тик тура олади-ю, аммо юришга тоқати йўқ бўлса ва баъзиси эса тўшакка “мих­ланиб” қолиб ётганда ҳам дуо қилаверади. Бу билан банда ўзига енгиллик ва соғлиқ сўрайди ва мусибатни ўзидан даф қилишга ҳаракат қилади».

«Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчиларга ўз қилмишлари зийнатли қилиб қўйилди».
Фахриддин Розий тафсирида бундай дейилади: “Бу оятда бало, мусибат тушганда инсон сабрсиз бўлиши, роҳат-фароғатда бўлганда оз шукр қилиши баён қилинган. Агар инсон бошига бирор ташвиш тушса, уни ўзидан узоқлаштиришини, мусибатни неъматга алмаштиришини Аллоҳ таолодан сўраб жидду жаҳд билан туриб, ўтириб, ётиб зорланиб дуо қилади. Агар Аллоҳ ундан мусибатни даф этиб омонлик ва офият берса, шукрдан юз ўгиради. Бошига тушган у мусибатни эсламайди ва неъматлар қадрини билмайди. Худди бошига тушган мусибатни кетказиш учун дуо қилмаган инсондек бўлиб олади. Ақлли инсон бало-мусибатга сабр қилиши, ҳузур-ҳаловат ва неъматларга эришганда шукр қилиши вожиб бўлади. Киши қийинчилик вақтида дуоси қабул бўлиши учун роҳат-фароғатда бўлган вақтида кўп зорланиши ва дуо қилиши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Хурсандчилик кунларида Аллоҳни танисанг, қийин кунларда Аллоҳ сени танийди”» (Ҳоким, Найсабурий).
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таолога хурсандчилик кун­ларингда дуо қилгин, қийин кунларингда қилган
дуоингни қабул қилади”, дедилар.

Суҳайб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Мўмин кишининг ҳолига ажабланасан. Аллоҳ унга нимани қазо қилса, яхшилик бўлади. Агар унга ғам етса, сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бу ҳолат мўминдан бошқага бўлмайди”» (Имом Муслим).


Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
Маҳмуд Замахшарий, Ибн Касир,
Олусий ва Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ийжоб ва қабулни гувоҳлар эшитмай қолгани учун никоҳни қайта ўқиладими?

20.04.2026   3322   1 min.
Ийжоб ва қабулни гувоҳлар эшитмай қолгани учун никоҳни қайта ўқиладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Келин ва куёвга етарли гувоҳлар иштирокида никоҳ ўқилса-ю, лекин қандайдир сабаблар билан гувоҳлар келин ва куёвнинг никоҳнинг тузилишига розиликлари ҳақидаги гапларини эшитмай қолган бўлса, ўқилган ушбу никоҳ боғланадими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Никоҳ вақтида гувоҳ сифатида балоғатга етган мусулмонлардан камида иккита эркак ёки бир эркак ва икки аёл бўлиши, шарт ҳисобланади. Шунингдек, мазкур никоҳнинг дуруст ва ҳақиқий бўлиши учун ушбу гувоҳлар келин ва куёвнинг ийжоб ва қабулини, яъни уларнинг мазкур никоҳга розиликларини билдирувчи сўзларини эшитишлари ҳам лозим бўлади.
Гувоҳлар никоҳда иштирок этсалар-у, уларнинг гапини эшитмасалар ёки фақат бир томоннинг гапини эшитсалар ё бир гувоҳ келиннинг бошқа гувоҳ куёвнинг гапини эшитиб, наригининг гапини эшитмаса, никоҳ дуруст бўлган ҳисобланмайди. Бундай ҳолатда никоҳни қайта ўқиш керак бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар