Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Апрел, 2025   |   21 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:13
Қуёш
05:37
Пешин
12:27
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
19 Апрел, 2025, 21 Шаввол, 1446

Ҳеч бир ҳолатда канда қилманг

18.02.2019   13805   3 min.
Ҳеч бир ҳолатда канда қилманг

«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус, 12).

«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади…»
Абу Лайс Самарқандий тафсирида: “Агар бандага касаллик, камбағаллик ва бало каби ёмон кўрадиган нарсалари тегса, банда ётган ҳолида ҳам Аллоҳга илтижо қилади. Касали енгилроқ бўлса ўтирган ҳолида дуо қилади, агар касаллигидан асорати қолган бўлса, юриб турганда ҳам дуо қилади”, деган.

Маҳмуд Замахшарий оят тафсирида: «Бу оятда дуо қилувчининг уч ҳолатини айтиб ўтишдан нима фойда дейилса, мен айтаманки, бунинг маъноси “Зарар кўрган инсон токи ўша зарари йўқолмагунча Яратганга дуою илтижо қилишдан тўхтамайди. У бизга ҳар қанақа ҳолатида ҳам, тура олмай ётиб қолганда, тик тура олмай ўтириб қолганда ёки тик тура олади-ю, аммо юришга тоқати йўқ бўлса ва баъзиси эса тўшакка “мих­ланиб” қолиб ётганда ҳам дуо қилаверади. Бу билан банда ўзига енгиллик ва соғлиқ сўрайди ва мусибатни ўзидан даф қилишга ҳаракат қилади».

«Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчиларга ўз қилмишлари зийнатли қилиб қўйилди».
Фахриддин Розий тафсирида бундай дейилади: “Бу оятда бало, мусибат тушганда инсон сабрсиз бўлиши, роҳат-фароғатда бўлганда оз шукр қилиши баён қилинган. Агар инсон бошига бирор ташвиш тушса, уни ўзидан узоқлаштиришини, мусибатни неъматга алмаштиришини Аллоҳ таолодан сўраб жидду жаҳд билан туриб, ўтириб, ётиб зорланиб дуо қилади. Агар Аллоҳ ундан мусибатни даф этиб омонлик ва офият берса, шукрдан юз ўгиради. Бошига тушган у мусибатни эсламайди ва неъматлар қадрини билмайди. Худди бошига тушган мусибатни кетказиш учун дуо қилмаган инсондек бўлиб олади. Ақлли инсон бало-мусибатга сабр қилиши, ҳузур-ҳаловат ва неъматларга эришганда шукр қилиши вожиб бўлади. Киши қийинчилик вақтида дуоси қабул бўлиши учун роҳат-фароғатда бўлган вақтида кўп зорланиши ва дуо қилиши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Хурсандчилик кунларида Аллоҳни танисанг, қийин кунларда Аллоҳ сени танийди”» (Ҳоким, Найсабурий).
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таолога хурсандчилик кун­ларингда дуо қилгин, қийин кунларингда қилган
дуоингни қабул қилади”, дедилар.

Суҳайб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Мўмин кишининг ҳолига ажабланасан. Аллоҳ унга нимани қазо қилса, яхшилик бўлади. Агар унга ғам етса, сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бу ҳолат мўминдан бошқага бўлмайди”» (Имом Муслим).


Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
Маҳмуд Замахшарий, Ибн Касир,
Олусий ва Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир 

18.04.2025   2004   3 min.
Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир 

Шу йил 16-17 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Обиджон Кадировлар Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида бўлишди. 

Ташриф аввалида Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ва  вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмоновлар ҳамроҳлигида Шаҳрисабз “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйига бориб, зарурий маҳсулотлар хайриялар қилинди. 

Шунингдек, Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси устоз ва талабалари билан учрашув ўтказилди.Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов маъруза қилиб, ёшликда илм олишнинг фазилати, илм нафақат тараққиёт, балки маънавий камолотнинг ҳам асоси эканлиги борасида батафсил тўхталиб ўтди. 

Шундан сўнг Шаҳрисабз шаҳридаги “Сирожиддинхон Бурҳониддинхон ўғли” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Қашқадарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж-2024” зиёратчилари ва маҳалла раислари билан учрашув ўтказилди.

Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги муаммоли хонадонларга кириб, улардан ҳол-аҳвол сўрадилар. Ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар ва  ижтимоий ҳимояга муҳтожлар билан маънавий-маърифий суҳбатлар қилинди. Келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Муаммолари ўрганилиб, таклиф, фикр, мулоҳазалари тингланди. Умумий ҳисобда 150 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб борилди. 

Ногиронлиги бўлган ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган оилаларга кирилиб, улардан кўнгил сўралди, совға-саломлар берилди, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди. Ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди.

Қашқадарё вилоятининг шаҳар ва туман бош имом-хатиблари Шаҳрисабз шаҳридаги масжидларда пешин намозини адо қилиб,  йиғилган қавмга “Юртимизда бўлаётган ислоҳотлар”, “Инсон қадри улуғ”, “Интернетдаги хатарлардан огоҳ бўлайлик”, “Ёт ғоялар таъсиридан сақланайлик”, “Тинчлик олий неъмат”, “Шукроналик фазилати”, “Масжидларни обод қилиш”, “Ислом - бағрикенглик дини”, “Фарзанд тарбиясига барчамиз масъулмиз”, “Ёшлар - келажагимиз”, “Ҳусни хулқ”, “Қўни-қўшничилик одоблари” каби долзарб мавзуларда маърузалар қилишди. 

Тадбирлар давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалий тарғиб қилинди. Шаҳрисабз шаҳридаги барча масжидлар ҳудудида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқаздилар. Зеро, Ислом динида ҳам дарахт экиб боғ яратиш савобли амаллардан ҳисобланади.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти). 

Албатта, бу каби тадбирлар  юртимизда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги 
Матбуот хизмати

Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир  Меҳр-мурувват ва илиқ таассуротларга бой тадбир 
Ўзбекистон янгиликлари