Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2026   |   20 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2026, 20 Зулҳижжа, 1447

Дуо қилишни биласизми?

11.02.2019   58015   8 min.
Дуо қилишни биласизми?

«Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман... »

(Ғофир сураси, 60-оят). 

Дуо сўзи арабчадан таржима қилганда  - илтижо, сўраш, чақириш, тилаш, исташ каби маъноларни англатиб, банданинг Аллоҳ таолога энг яқин ва энг мақбул ҳолати ҳисобланади. Фуқаҳолар дуони ҳам ибодат санашади.

Ҳар куни Аллоҳ таоло ҳузурига биз бандалар томонидан қилинган миллиардлаб дуолар кўтарилади. Аммо, базида кўпчилигимиз «нега дуоларим қабул бўлмаяпти?» дея куюниб, сиқилиб, сабабларини қидира бошлаймиз.  Уламолар, банданинг дуоси Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлишининг ҳам дуо қилишнинг бир нечта қоидаларини келтириб ўтишган:  

  • Ҳалол луқма. Яни дуо қилувчининг егулиги ҳалолдан бўлсин.Саъд ибн Абу Ваққос дуолари ижобат бўлмаганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Шунда жанобимиз унга шундай маслаҳат бердилар: «Эй Саъд, ҳаром (луқмани емак)дан чекингин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирар экан, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас»
  • Ҳалол-пок либос. Яъни либослари ҳалол ва нажосатлардан пок бўлсин. 
  • Аллоҳ таоло дуосини қабул этишига шубҳа қилмаслик.Балки ишонч, кўнгил ҳотиржамлиги билан дуо қилсин. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ижобатига ишонган ҳолингизда Аллоҳга дуо қилинг! Билиб қўйингки, ғофил ва сўраган нарсасига эътибори йўқ кимсаларнинг дуосини Аллоҳ ижобат қилмас!» 
  • Хато ва гуноҳларига янгидан тавба қилиш.Чунки, ташқи томонини поклаб ички дунёси (қалби) нопок ва кир бўлган инсоннинг ҳам дуоси ижобат бўлмайди. 
  • Сўраган нарсасининг талабида шошма-шошарлик қилмаслик.Ижобатига ишонч ва умид билан сабр қилсин. «Дуо қилдим-ку, нега мақсадим хосил бўлмайди?» деб қаноатсиз бўлмасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банданинг дуоси ижобат этилади. Фақат гуноҳни сўрамаса, қариндошчилик риштаси узилишини сўрамаса ва шошилмаса…»
  • «Истибто» қилмаслик.Яъни мақсад ҳосил бўлишига эҳтиёжсизлигини изҳор қилиб «Ижобат бирор кун бўлар», демасин, балки ўз муҳтожлигини тан олган ҳолда ижобатни умид билан, муштоқ бўлиб кутсин.
  • Дуода малолланмалик, чунки малолланувчининг дуоси қабул этилмайди.
  • Ижобатни Аллоҳ таолонинг ихтиёрига ташлаб қўймаслик.Яъни худди ўзини муҳтож эмасдай кўрсатиб, «Хоҳласанг мени кечир, хоҳламасанг кечирма, ихтиёринг» деганга ўхшаш дуо қилмасин. Балки Аллоҳга зорланиб, илтижо билан ялиниб-ёлборсин.
  • Дуода бардавомлик. Дуони кетма-кет, ҳатто етти мартагача бардавом қилсин.

  • Дуодан юз ўгирмаслик. Банда фақат зиёнга кирганидагина эмас, балки неъматларга кўмилиб, роҳат-фароғатда яшаётган чоғида ҳам дуодан юз ўгирмасин.Шундай қилса, бошига мусибат тушганида дуоси тезроқ ижобат этилади.
  • Ҳамд ва саловат. Дуодан олдин Аллоҳга ҳамду сано, Расулуллоҳга саловоту саломлар айтсин.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилишни тавсия этганлар.
  • Иқрорлик. Гуноҳкор, осий эканини эътироф этиб, ихлос билан дуо қилсин.

  • Дуода, оммани, мусулмонлар жамоасини унутмаслик.Улар ҳаққига ҳам яхши дуо қилсин. Шунингдек, ўзини билган ва билмаган барча гуноҳларининг авфини сўраб, барча ҳожатларини раво бўлишини Аллоҳдан талаб қилсин.
  • Дуо сўзларини қўшиқ айтгандек оҳангга солиб талаффуз қилмаслик шарт.

  • «Ғариб (ажабтовур) дуо» қилмаслик.Яъни, «Эй Роббим, менга жаннатнинг ўнг томонидан оқ рангли, чап тарафидан яшил тусли қаср ато этгин» деганга ўхшаш дуолар.
  • Аллоҳ илҳом этган яхшиликларни дуода сўраш.Дуо кўринишини олдиндан тайёрлаб олмасин. Акс ҳолда дуо чин қалб тубидан чиқмайди. 
  • Дуода «таманни»дан сақланиш.Яъни сўраган нарсасини Аллоҳга топширди-да, уни юзага чиқариш ҳаракатига тушмади. Бепарво ҳолда «Аллоҳдан сўраб қўйганман, У албатта беради, бошқа ҳаракатга ҳожат йўқ» деб, дангасалик қилмасин. 
  • Дуодан олдин таҳорат ва ғусл олиш.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилишга ўргатганлар. 
  • Қиблага юзланиб ўзи учун дуо қилишдан бошлаш. 
  • Қўлларини елка рўбарўсига кўтариб, кафтларни юзи томонга қарата очиб дуо қилиш. 
  • Чўккалаб ўтирган ҳолда дуо қилиш. 
  • Дуо вақтида қўлларни тирсак юқорисини кўкрагига ёпиштириб олиш.Ҳудди мискинлар таом сўраб тиланаётган суратда бўлсин. 
  • Дуода товушини баланд кўтармаслик керак. 
  • Дуо сўнггида қўлларини юзига суртиш.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон дуодан фориғ бўлсангиз, юзларингга масҳ қилинглар», деганлар. 
  • Дуода «омийн» деб дуо қилиш керак. 
  • Ижобатни ҳис қилганда Аллоҳга ҳамд айтиш.Ижобат вақти ортга сурилганида ҳам, унинг беҳикмат эмаслигини унутмаган ҳолда ҳамд айтсин. 
  • Дуо учун энг яхши вақтларни танаш.Масалан: жума намозининг азон маҳали, жума кунининг охирги вақтлари, ҳар намоздаги азон ва такбир оралиғи, такбир вақти, чоршанба кун пешин ва аср оралиғи, ҳар кун завол вақти, саҳар вақти, жума кечаси, ражаб ойининг аввалги кечаси, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси, ийд кечалари, айниқса Рамазон ойи ифтор вақтлари ва қалб эриб юмшаган вақтларни ғанимат билиш керак. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тиловат қилди. Тиловатга қулоқ тутган сахобаларнинг қалблари «сариёғ»дек эриб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалблар юмшаган вақтда дуо қилиб қолинглар, чунки у раҳматдир!» дедилар. Аллоҳ таолонинг қудрат ва азаматига шоҳид бўлган вақтлар, беморлик вақтлари, ватанда йироқда бўлган вақтлар, яъни мусофирлик, фарз намозлардан кейинги вақтлар, хатми Қуръон вақтлари, Ихлос сурасини ўқигандан кейин, адади юздан ортиқ мусулмон жамоатида, сажда вақти, тиловатдан кейин, ёмғир вақти, маййит олдида, хўроз қичқирган вақтда, зикр мажлисларида, имом «валаддооллийн» деганда, Каъбани кўрганда кўпроқ дуо қилиб қолсин. Кўрсатиб ўтилган вақтларнинг дуо қилиш учун энг афзал вақтлар экани кўп аҳли илмлар тажрибасида синалгандир. 
  • Дуо учун табаррук жойларни танлаш.Масалан, пайғамбар ва солиҳларнинг дафн этилган маконлари, Масжидул-Ҳаром, хусусан Байтуллоҳ эшиги ва Мақоми Иброҳим оралиғи. 
  • Дуода энг муҳим нарсаларни сўраш.Масалан, мағфират, яъни гуноҳларнинг авф этилиши, офият, яъни дину-диёнатда саломатлик, соғлом ақида, муъафат, яъни Аллоҳ сизни бошқалар зиёнидан, бошқаларни эса сизнинг зиёнингиздан асрашини сўраш мақбулдир. 
  • Қисқа ва лўнда. Дуони учун «жавомеъ», яъни лафзи қисқа, сермаъно сўзларни танласин.Оиша онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «жавомеъ» сўзлар билан дуо қилишни ёқтирар эдилар”. 
  • Энг афзал дуо кишининг ўзи учун, ота-онаси ва фарзанди учун қилган дуоларидир. 
  • Шунингдек, кишининг ғойибона биродари хаққига қилинган дуолар ҳам тез ижобат бўлиши айтилган. 
  • Аллоҳ учун энг маҳбуб дуо:«Эй Аллоҳ, Муҳаммад алайҳиссалом умматини кечиргин, уларга рахм қилгин!» дуосидир. 

Қуйидаги инсонларнинг дуосини ғанимат билиб, улардан дуо олишга шошилиш лозим:

  • Беморнинг дуоси. 
  • Адолатли раҳбарнинг дуоси.Чунки ривоятларда айтилишича: «Андаккина адолат олтмиш йиллик ибодат баробаричадир» 
  • Мусофирнинг дуоси. 
  • Аллоҳ йўлидаги ғозийларнинг дуоси. 
  • Ота-онанинг дуоси 
  • Илмига амал қилувчи тақводор олимнинг дуоси 

Шунингдек мазлумлар дуосидан эҳтиёт бўлиш лозим. Ўзи учун ўлим ва бошқа балоларни сўраб дуо қилиш ҳам асло мумкин эмас. 

Яна, Фарзанд ва аҳлияларининг зиёнига ҳам дуо қилиш, яъни қарғаш яхши эмас. Шундай инсонлар борки ҳатто унга зулм қилувчиларни ҳам қарғаб дуо қилишмайди. Чунки золимдан чекилган азият бу дунёда оғир бўлса-да, охиратда киши фойдасигадир.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Бошқа мақолалар

“Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!”

05.06.2026   15073   4 min.
“Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!”

Бу муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг буюк устози, фазилатли Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзларидир.

У зот бу насиҳатни Шайх Аввомага талабалик йилларининг бошларида айтган эдилар. Бунга сабаб, Шайх Аввома бир кеча Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ўқиган шубҳали бир воқеага аниқлик киритиш учун устозларига мурожаат қилганлари бўлган.


Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейдилар: “Шайх Абдуллоҳ бизга бешинчи курсда ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур “Ал-Ихтиёр” китобидан дарс берар эдилар. Бир куни мен у кишининг ҳузурларига Исломга улкан хизмат қилган буюк имом – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги ғалати бир ривоятни ўқиб келдим.

Ривоятда айтилишича, Имом Бухорийдан бир эчкининг сутини эмган икки гўдак – бир ўғил ва бир қиз – кейинчалик ўзаро никоҳланишлари мумкинми, деб сўрашибди.

Ҳикояга кўра, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уларнинг никоҳланишлари мумкин эмас, деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг, гўёки шаҳар олимлари бу фатвони жоҳиллик деб баҳолаб, Имом Бухорийни сургун қилган эмиш.

Мен бу воқеани Шайх Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳга айтиб берганимда, у зот хотиржамлик ва донолик билан:

Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг, — дедилар”.

 

Шайх Муҳаммад Аввома давом этиб бундай дейдилар:

“Аллоҳга қасамки, бу сўз мен учун улкан сабоқ бўлди. Бу ҳаёт давомида амал қилишим керак бўлган бир мезон, хулқий қоидага айланди. Устозим бутун бошли одоб ва тафаккур дастурини битта жумлада жамлаб бердилар. Мен бу насиҳатни бундан эллик йил аввал эшитганман. Энди эса бошқалар ҳам ундан фойда кўришлари учун келтирмоқдаман”.


Биз учун сабоқ

Бу воқеадан олинадиган биринчи сабоқ шуки, қачонки биз шубҳали ёки билмаган маълумотга дуч келсак, дарҳол илмли ва ишончли кишилар билан маслаҳатлашишимиз керак.

Афсуски, бугунги кунда кўпчилик эшитган ёки ўқиган маълумотини текширишга уринмайди. Бу эса кўпинча жиддий ва аянчли оқибатларга олиб келади. Агар маълумот ўша соҳанинг ишончли мутахассисидан бўлмаса, биз ҳар қандай даъвони кўр-кўрона қабул қилмаслигимиз керак.


Ижтимоий тармоқлар тузоғи

Ижтимоий тармоқлар инсониятга мислсиз даражада кенг ахборот оламини тақдим этди. Бироқ унинг энг катта хавфларидан бири оммавий ёлғон ва дезинформациянинг тез тарқалишидир.

Кўпчилигимиз ўқиган нарсамизнинг барчасига ишонишга мойилмиз. Ҳолбуки, ушбу мақоланинг асосий мақсади айнан бундан қайтаришдир.

Баъзан одамлар хабарнинг мазмунига эмас, уни юборган кишига қараб ишонадилар. Ваҳоланки, у ҳам бу маълумотни бошқа бировдан олган бўлиши мумкин.


“Нусха кўчириш ва жойлаштириш” одати

Бугунги кунда одамларнинг асл манбага мурожаат қилмасдан маълумотларни кўчириб тарқатишлари одатий ҳолга айланган. Бу ҳам нотўғри ёндашувдир.

Бундай одатнинг энг катта зарарларидан бири шуки, хабар бир неча қўлдан ўтгач, унинг асл манбаси ва маъноси бутунлай йўқолиб кетади. Натижада, маълумотнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини текшириш имконсиз бўлиб қолади.

 

Аслида, бу маълумот ишончлими? Балки у бошидан охиригача тўқима ва асоссиздир?

Шу сабабли яна бир бор огоҳлантирамиз:

Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!

Бу насиҳатга амал қилиш бугунги кунда осон эмас. Чунки кўпчилик одамлар уларга етиб келган ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қилишга одатланиб қолган.


Аллоҳ таоло бизга ҳақиқатни англашни, маълумотларни тўғри баҳолашни ва фойдали илмга амал қилишни насиб этсин.


Даврон НУРМУҲАММАД