“Айтинг: “Осмонлар ва Ердаги нарсаларга (ибрат назари билан) боқингиз!” (Юнус, 101)
Уламолар, инсон зоти учун Аллоҳ таоло томонидан яратилган ҳар бир нарсада ибрат ва тафаккур намунаси мужассамдир, одам боласи уларни кўрганда фикр юритиб “ибрат назари билан боқмоғи” лозим дейишади.
Бизга тортиқ қилинган она заминимиз Ер сайёраси ҳам унча катта бўлмаган юлдуз – Қуёш атрофида айланувчи 8 та сайёрадан бири бўлиб, галактикамиздаги юлдузларнинг тахминий сони эса 200-400 миллиард атрофида деб баҳоланади.
Астроном олимларнинг таъкидлашича бизнинг галактикамиз – Сомон Йўли, спиралсимон галактика типига кирар экан. Ўз навбатида галактикаларнинг ҳам бир нечта типлари мавжуд. Америкалик олим Эдвин Хабблнинг фикрига кўра, коинотда эллиптик, линзасимон, спиралсимон ва нотўғри типдаги галактикалар бор.
Тадқиқотчилар Коинотнинг замонавий астрономик методлар ёрдамида тадқиқ қилиш мумкин бўлган қисмини Метагалактика деб атайди. Унинг ўлчами ва ҳажми кузатув асбобларининг имкониятлари кенгайиши билан ортиб бораверади.
Бугунги кунда Метагалактиканинг ўлчами реликт нурланиш асосида аниқланган ва барча йўналишда 14 миллиард парсек, содда қилиб айтганда 46 миллиард ёруғлик йилига тенг деб қаралади. Айни дамгача олимлар томонидан аниқланган Ердан энг узоқда жойлашган объект (2016 йил аниқланган) ГН-з11 галактикаси ҳисобланади. Унинг қизилга силжиши з=11,1 га тенг ва бу тахминан 13,4 миллиард ёруғлик йилига тенг бўлган масофа демакдир.
Мутахассисларнинг фикрича замонавий телескоплар мавжудлигига қарамасдан галактикаларнинг аниқ сонини аниқлаш мушкул вазифа ҳисобланади, чунки биз Коинотнинг фақатгина бирор бир кичик қисминигина тўғридан-тўғри кузатишимиз мумкин холос. Бази олимларнинг сўнги маълумотларига қараганда Коинотдаги галактикаларнинг сони тахминий 100-200 миллиардга етади.
Германияда суперкомпютер ёрдамида ўтказилган тажрибалар асосида аниқланган қиймат эса янада ката – 500 миллиард! Табиийки, бу рақамлар абсолют аниқ эмас, балки тахминий рақамлардир.
Шу ўринда табиий бир савол туғилади: олимлар галактикалар сонини қандай аниқлашади? Гап шундаки, Хаббл космик телескопи каби кучли телескопларда Коинотнинг маълум бир қисми чуқур ўрганилади. Бунинг учун Хаббл телескопи танланган жойга юзлаб соатлар давомида қаратилиб, Коинотнинг ушбу қисмига “чуқур” кириб боради. Шу йўсинда олинган тасвирлар асосида галактикаларинг умумий сони тахминан аниқланади. Катта эҳтимоллик билан айтиш мумкинки, Коинотдаги галактикаларнинг кўпчилиги карлик (митти) галактикалар ҳисобланди. Масалан, Маҳаллий галактикалар тўдасига кирувчи галактикалардан 3 таси йирик спиральсимонлардир: Андромеда, Сомон Йўли ва Учбурчак. Қолган барчаси карлик ва нотўғри галактикалардир.
Демак, бугунги кунда кузатиладиган галактикаларнинг умумий сони биз қўллаётган замонавий телескопларнинг кучига жудаям боғлиқ бўлиб, агар келажакда кузатув асбоблари янада такомиллашса, Коинотдаги биз кузатишимиз мумкин бўлган объектларнинг ҳам сони янада ошиши аниқ. Шуни инобатга оладиган бўлсак, галактикаларнинг сони ҳам 500 миллиарддан анча кўплигига шубҳа йўқ.
Аслида 500 миллиард галактика ҳам етарли даражадан ортиқ. Масалан, агар сиз уларни санаб чиқаман десангиз “нон-стоп” режимида тахминан 15845 йил (тасаввур қилинг, эрамиздан аввалги сўнги тош давридан бошлаб ҳозиргача) вақт сарфлашингизга тўғри келади! Яъни ўртача 80 йил умр кўрадиган инсон бутун умрини тўлалигича фақатгина галактикаларни санаб чиқишга сарфлаган тақдирда ҳам у бугунги кунда маълум бўлган галактикаларнинг 0,005 фоизини санашга улгурарди, холос.
Ушбу мақолани ўқиш жараёнида ҳаёлингиздан беихтиёр шунча юлдузлар, осмон жисмлари ва галактикалар қандай қилиб ҳеч қандай воситасиз коинотда муаллақ, бир-бирига урилмасдан турибди ва чексиз ададдаги бу жисмларни ким яратган деган саволлар келиши мумкин. Бу савол соҳа олимларини ҳам чуқур ўйuа толдирмоқда. Таъкидлаш жоизки, юқоридаги маълумотлар дунёнинг энг ривожланган давлатларидаги энг замонавий тадқиқот марказларида олиб борилган изланишлар хулосасидир. Аммо, бундан қарийб бир ярим минг йил аввал ҳеч қандай телескоп ва компютер бўлмаган даврда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган Китоб – Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Осмонлар ва Ердаги нарсалар Унинг мулкидир. Ҳамма(си) Унга бўйсунувчидир. (У) Еру осмонларнинг Яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақатгина унга) «Бўл!» деса, бас, у бўлади. (Бақара, 116, 117)
Яна:
“(Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир”. (Бақара, 255)
“Осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик фақатгина Аллоҳга тегишлидир. Хоҳлаган нарсани яратади, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.” (Моида, 17)
“Ерда, хоҳ осмонда бирор зарра миқдорида ёхуд ундан кичикроқ нарса ҳам Раббингиздан четда қолмайди, балки (у) аниқ битик (Лавҳул-маҳфуз)да бордир.” (Юнус, 61)
Энди Оли Имрон сурасининг қуйидаги икки оятига эътибор беринг:
“Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир.” (Оли Имрон, 190)
“Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни бе-ҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан”. (Оли Имрон, 191)
Мазкур оятларда Аллоҳ таоло Осмонлар ва Ернинг нима сабабдан яратилгани ва улар нима вазифани бажаришини очиқ-ойдин баён этмоқда.
Миллиардлаган галактика, ундан ҳам кўп юлдузлар ва ҳатто она заминимиз ҳам биз бандаларнинг ақл юритиб, тафаккур қилиб ва натижада Аллоҳ таолога итоат этмоғимиз учун яратилгандир!
Мақолани интернет манбалар асосида
Саидаброр умаров тайёрлади
#Хатмона_2025 #Битирувчилар
Шу йил 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2021-2025 ўқув йилида таълим олган талабаларининг “Хатмона – 2025” битирув тадбири бўлиб ўтди.
Давлат мадҳияси янграгач, битирувчи курс талабаси Саидбурхон қори Фазлиддиновнинг Қуръон тиловати ва хайрли дуолари билан тадбир бошланди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб битирувчиларни табриклади. Сўнг Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг битирувчиларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчиларни табриклаб сўзга чиқди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровнинг битирувчиларга табрик сўзлари ҳам етказилди.
Маълумот ўрнида, Тошкент ислом институтини 2024-2025 ўқув йилида 78 нафар талаба тамомламоқда. Шундан 8 нафари аёл-қизлар саналади.
Oliymahad.uz