Сўнгги йилларда жаҳоннинг барча мамлакатларида 14–34 ёшли ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортиб боряпти. Статистик маълумотларга кўра, кунига 3 минг киши, ҳар йили эса 1 млн.дан ортиқ киши ўз-ўзини ўлдиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан келтирилган маълумотларга кўра, Лотин Америкаси, Араб ва Осиё мамлакатларида суицид кўрсаткичлари нисбатан паст даражада. Ўрта даражага Шимолий Европа, Шимолий Америка, Жануби-шарқий Осиё ва Тинч океанининг Ғарб қисмидаги мамлакатлар киради. Суицид кўрсаткичи Шарқий Европа мамлакатларида юқори. Шу нуқтаи назардан, ривожланган Европа давлатларида мазкур муаммо ўта долзарб ҳисобланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш бирданига рўй бермайди. Ўзини ўлдирган ўсмирларнинг 90 фоизи қайсидир даражада руҳият муаммосига учраганлардир.
Хусусан, бу салбий иллат юртимиз ёшларига ҳам таъсир ўтказмоқда. Яқинда ижтимоий тармоқларда 12 ёшли ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалди. Илгарироқ эса 17 ёшли қиз ҳам ўзини ўлдиргани айтилган эди. Бу қарорга келгунича у қизларнинг қалбида нималар ўтгани ўзига аён. Негадир аксар суицид ҳолатлари балоғат остонасидаги ёшларда кўп учрамоқда. Келинг, бунинг сабабларини ўрганиб кўрамиз:
Сеҳр-жоду. Афсуски, бугун шариатимиз қатъий ман этган сеҳр-жоду билан шуғулланаётган кимсалар кўпайиб боряпти. Сеҳр бор нарса. Бақара сурасининг 1ғ2-оятида Аллоҳ таоло Бобил шаҳрига Ҳорут ва Морут номли икки фариштани синов тариқасида туширгани, улар: “Биз фақатгина синов (воситвси) миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!” деб огоҳлантиргани баён этилган.
Шариат ман этган ҳар бир нарсанинг замирида улкан ҳикмат мужассам экани бугун яна ҳам яққолроқ намоён бўлмоқда. Биргина мисол, Ислом таълимотида беҳуда суратга тушавериш дуруст эмаслиги айтилади. Бугун аксарият сеҳргарлар одамларнинг суратига қараб, уларни жоду қилишмоқда. Шундай экан, беҳуда суратга тушиб, тарқатавермаслик зарур.
Бузғунчилар таъсирига тушиб қолиш. Муқаддас динимизга ёт ғоялар тарғиботчилари ёшлари сеҳр-жоду орқали ўз сафларига қўшишмоқда. Бу жараёнда уларга ёшларнинг ижтимоий тармоқларга қўяётган суратлари қўл келаётганини ҳеч ким инкор этмайди. Шу боис суратларни ижтимоий тармоқларга беҳуда қўйишдан эҳтиёт бўлиш керак.
Фарзанднинг қаровсиз қолиши. Ота ёки она ёхуд иккисининг ҳам йўқлиги бола руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатади. Айни ана шу балоғат ёши қиз боланинг ўта нозик даври бўлиб, ҳам жисмоний, ҳам руҳий томондан ўзгаришлар бўлади. Индивидуал феъл-атвор шаклланади. Кайфияти тез-тез ўзгариб, қайсар, ўжар, жаҳлдор бўлиб қолади. Бу даврда қиз бола онасининг қўллаб-қувватлаши, эътибори ва маслаҳатига муҳтож бўлади. Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Оналар ҳам донолик билан қизларига сирдош бўлиб ёрдам беришлари зарур.
Руҳиятидаги ўзгаришлар. Қиз болалар ҳиссиётга берилувчан бўлгани учун улар кўп тушкунликка (депрессия) тушадилар. Бунинг асосий сабаби, бекорчилик, бемақсад яшаш, организмда гормонлар, моддалар алмашинувидир. Шу даврда онадан сезгирлик талаб қилинади. Олимлар банда бошига мусибат, синовларга дуч келганда ҳадислар айтилган: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм” дуосини ўқиб, сўнг Раббимиздан астойдил ва чин ихлос билан ҳожатларини сўраса, иншоаллоҳ, У Зотнинг изни билан мушкули осон бўлади, дейишган.
Ота-она ўз фарзандини эшитмаслиги, у билан самимий суҳбатдош бўлолмаслиги ёмон. Турли ижтимоий қатламлардан чиққан боланинг тенгдошлари олдида ўксиб қолишининг сабаби, оилавий низо ва босимлар, қўпол муносабат ҳамда беписанд муомала, пировардида номукаммалликни ҳис этиб, шу каби туйғуларни енгиб ўтолмаслик, муаммолар олдида ожиз қолишдир. Асосийси, масалани ташқаридан эмас, ичкаридан туриб асл моҳиятига кирилмаса, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари кўпайиб бораверади.
Диний тушунчаларнинг камлиги. Ўз жонига қасд қилганлар Аллоҳнинг тақдиридан норози, Унинг чексиз илоҳий неъматларига ношукрлик қиладиган, синовларга сабр қилолмайдиган кимсалардир. Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”, дейилади (Нисо сураси, 29-оят). Оятдаги “ўзларингизни ўлдирмангиз!” жумласи бир неча хил тафсир қилинган: “Бир-бирингизни ўлдиришингиз ўзингизни ўлдирганингиз билан баробардир. Зеро, ҳаммангиз бир хил динга мансуб кишиларсиз”.
“Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”. Яъни, ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда.
Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқа муҳаддис алломалар ривоят қилишган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз жонига қасд қилиб ўлган кимса қиёматга қадар ўзини ўзи ана шу азоб билан азоблаб ётишидан огоҳлантирганлар.
Ўткинчи ҳою ҳавас. Балоғат ёшидаги қизларимиз соф ва ишонувчан қалби билан ҳар кимнинг гапига қулоқ солаверадилар. Ўткинчи, алдамчи ҳис-туйғуларни муҳаббат деб ўйлайдилар. Баъзи қизларимиз соддалиги оқибатида номуси топталгандан сўнг бугунги кундаги ижтимоий тармоқлардаги ахлоқсиз видео-роликлар, бемаъни сериалларнинг таъсирида сериал қаҳрамонларига тақлид қиладилар. Динимизда севги ва муҳаббат ҳаром ҳисобланмайди. Аммо икки жинс орасидаги ҳаром алоқалар, шаҳвоният ортидан кўрларча эргашиш эмасдир. Буни шариат ҳаром қилган. Икки жинс ўртасидаги алоқа ва муҳаббатнинг ҳалол ечими – никоҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир-бирини яхши кўрган (йигит ва қиз) иккиси учун (орадаги муҳаббатни зиёда қилишда) никоҳга тенг келадиган (бошқа нарса)ни топа олмайсиз” (Имом Ибн Можа ва Имом Ҳоким ривояти).
Биз оналар фарзандларимиз тарбиясига масъул эканмиз, уларни беэътибор қолдирмаслигимиз лозим. Мактабдаги ҳолатидан хабардор бўлиб туриш керак, икки томонлама тарбия ишларини ҳамжиҳатликда олиб борилиши зарур. Кимлар билан дугона бўлаётгани, телевизорда нималар кўраётгани, телефонда кимлар билан гаплашаётганини назорат қилишимиз зарур.
Ёшларимизнинг таълим-тарбиясига янада жиддий ёндашиш барчамизнинг бурчимиздир.
Робияхон ТОҲИРОВА
Ўзбекистон халқининг
35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ
Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз.
Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:
1) Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.
2) Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.
3) Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.
4) Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.
5) Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.
6) Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.
7) Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.
8) Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.
9) Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.
10) Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.
11) Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.
12) Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.
13) Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.
14) Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.
15) Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.
16) Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.
17) Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.
18) Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.
19) Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.
20) Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.
21) Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.
22) Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.
23) Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.
24) Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.
25) Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.
26) Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.
27) Ўтганларни ҳам қадрлаш – бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.
28) Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.
29) Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.
30) Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.
31) Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.
32) Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.
33) Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.
34) Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.
35) Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.
* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...
*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!
☼ Қуръони карим ояти карималари;
☼ Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;
☼ динимиз асослари;
☼ шариатимиз аҳкомлари;
☼ шарқона одобларимиз;
☼ мазҳабимиз меъёрлари;
☼ жамиятшунослик алоқалари;
☼ одамгарчилик муносабатлари;
☼ инсоний туйғулар;
☼ руҳшунослик сир-асрорлари;
☼ юртимиз урф-одатлари;
☼ ўзбекчилик қоидалари;
☼ маданиятимиз ахлоқлари;
☼ инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;
☼ доно мақолларимиз;
☼ миллий анъаналаримиз;
☼ диний қадриятларимиз;
☼ халқимиз онг-тафаккури;
☼ миллатимиз менталитети,
☼ анъанавий фалсафаси;
☼ ўзбек халқининг илғор қадриятлари;
☼ улуғларимиз ҳикматлари;
☼ доно халқимиз дунёқараши;
☼ мусулмончилигимиз кўрсатмалари
а с о с в а н е г и з л а р и д а
– улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,
– буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,
– меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,
– элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,
– жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,
– замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,
– бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар
дан
улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!
Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз.
Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!
Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!
Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!
Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!
Иброҳимжон домла ИНОМОВ