Куни кеча, Ўзбекистон делегацияси таркибида Миср давлатида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва ал-Азҳар университети томонидан Шайх Солиҳ Аббос ўртасида “Йўл харитаси” имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Эндиликда, ҳар йили Ўзбекистондаги масжидларда меҳнат қилаётган йигирма нафар имом Миср давлатидаги малака ошириш курсларида таълим олади. Миср давлатида имомлар учун икки ойлик малака ошириш курслари ташкил этилади. Имомларга икки ой давомида ал-Азҳар университетининг фазилатли шайхлари, таниқли уламолари ва етук олимлари томонидан диний фанлар бўйича ўқув машғулотлари олиб борилади.
Малака ошириш курслари сўнгида имомларга Қуръон қироати, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) олиши белгилаб қўйилган.
Миср сафари давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўтказилаётган “Дўстлик” фестивали юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Қўмита раҳбарияти, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ҳамда Биродар шаҳарлар альянси вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Унда фестивалнинг асосий мақсад ва вазифалари, дастур доирасида режалаштирилган маданий-маърифий, илмий-амалий ҳамда оммавий тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, фестивалнинг асосий тадбирларидан бири ҳисобланган I халқаро “Биродар шаҳарлар форуми”га тўхталиб ўтилиб, мазкур тадбир 24–25 июль кунлари қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳри мезбонлигида бўлиб ўтиши, унда 30 га яқин давлатдан 100 га яқин хорижий меҳмонлар, олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари бир майдонда жамланиши ҳақида батафсил ахборот берилди.
Анжуманда фестивалнинг мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва халқ дипломатиясини ривожлантиришдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 30 июль санаси Халқаро дўстлик куни сифатида эътироф этилган. Шу муносабат билан ҳар йили ушбу сана бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати