Бугун, 8 январь куни Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Сафар доирасида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан диний кадрлар тайёрлаш, уларнинг касб-маҳоратини ошириш, халқаро конференция ва семинарлар ўтказишга оид диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги “Йўл харитаси”ни имзолаш, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ва ал-Азҳар университети ректори билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон делегацияси ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасаларда кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида такдимотлар ўтказиши мўлжалланган.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон – Қуръони карим нозил бўлган ой бўлгани учун, айнан Қуръони каримни бошқа ойларга нисбатан кўпроқ ўқиш тавсия қилинади. Зеро, Қуръони карим энг улуғ, энг афзал зикрдир. Бундан ташқари тасбиҳ (Субҳааналлоҳ), таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), истиғфор (Астағфируллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳам энг афзал зикрлар саналади. "Аллоҳ, Аллоҳ", деб юриш ҳам зикрнинг энг тилга осон кўринишидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази