Жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари Туркия Республикасининг Истамбул шаҳрида Евросиё Фатво кенгашининг III-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш “Замонавий даврда фатво мавзусида дуч келинаётган муаммолар ҳамда долзарб иқтисодий масалалар” мавзуси остида бўлди.
Мазкур йиғилишда Европа, Россия, Кавказ, Марказий Осиё, Афғонистон каби бир қатор давлатлардан Фатво масалалари бўйича мутасадди уламолар иштирок этишди. Ўзбекистондан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков қатнашди.
Йиғилиш кун тартибидан:
- ҳозирги кунда диний масалаларга жавоб беришда учраётган услубий муаммолар;
- қонуний жиҳатдан тартибга солинган масалаларда фатво бериш сиёсати;
- баъзи замонавий иқтисодий масалалар ва уларнинг шаръий аҳкомлари каби мавзулар ўрин олган эди.
Йиғилишнинг биринчи кунида кун тартибидаги биринчи ва иккинчи масала юзасидан уламолар ўзаро фикр алмашдилар. Жумладан, ҳозирги замонда Фатво бериш масаласида баъзи бир кишилар томонидан бирор-бир мазҳабнинг усулий қоидаларига риоя қилмаган ҳолда, умумий қоидалардан келиб чиқиб фатво бериш мўмин-мусулмонлар орасида зиддиятли ҳолатларни келтириб чиқараётганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Хусусан, интернет тармоғи орқали аҳолидан берилаётган саволларга жавоб бераётган кимсалар савол бераётган жиҳатнинг ижтимоий, иқтисодий аҳволини ҳатто диний савиясини ҳам билмай туриб жавоб беришлари тўғри эмаслиги айтиб ўтилди.
Иккинчи куни ҳозирги замонда учраётган баъзи иқтисодий-тижорий масалалар (олтин асосидаги вексель савдоси ва уни ижарага олиш-бериш, форекс, рақамли криптопуллар савдоси, тармоқли савдо ва ҳ.к.з) устида баҳс ва мунозара олиб бордилар ҳамда уларнинг шаръий ҳукмлари бўйича бир тўхтамга келдилар.
Эслатиб ўтамиз, Евроосиё фатво кенгаши 2016 йилнинг октябрь ойида Евроосиё Ислом кенгашининг IX-йиғилишида таъсис этилган. Унинг асосий вазифаси евроосиё ҳудудида истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ҳаётида учраётган диний масалаларни ҳамкорликда ҳал этишдан иборатдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Хорижий талабалар таълимини ривожлантириш марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган араб тили бўйича малака ошириш дастури якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курси араб тили ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик ёндашувлар ва тил ўқитишнинг илғор методикаларини ўрганишга қаратилди.
Дастур якунида ўтказилган тантанали маросимда марказ раҳбари, профессор-доктор Наҳла ас-Саидий иштирокчиларга сертификатларни топширди. У мазкур ташаббус Ал-Азҳарнинг араб тилини халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган лойиҳалари доирасида амалга оширилганини таъкидлади.
Тадбир давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Наҳла ас-Саидий Тошкент ислом институти билан академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма дастурларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ташаббусини илгари сурди.
Ўз навбатида, Тошкент ислом институти вакиллари дастур юқори савияда ташкил этилгани учун Ал-Азҳар университети раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати