Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилди. Жумладан, муқаддас Динимиз, миллий қадриятларимизни, буюк азиз-авлиёларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича жуда кўп ишлар қилинмоқда.
Юртимиз мусулмонларининг Қуръони каримни ва уни ўрганиш тили бўлган араб тилидан таҳсил олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус Ислом таълим муассасаларида Қуръони карим ва тажвид ҳамда Араб тили пуллик ўқув курслар ташкил этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига мувофиқ Нукус шаҳридаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида ташкил этилган “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг иккинчи давра тингловчилари ўқув машғулотларини тўлиқ тамомлади.
Жорий йилнинг 10 декбрь куни Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида мазкур ўқув курсларининг иккинчи давра тингловчиларига билим юрти томонидан “Қуръони Карим ва тажвид курси”ни якунлаганини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.
Қорақалпоғистон Мусулмонлари Қозиёти матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати