Алжирда Қуръони карим мўъжизаларига бағишланган халқаро симпозиум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда International Quran News Agency.
Ташкилотчиларнинг фикрларига кўра, Қуръони каримнинг ҳақиқийлиги замонамизнинг турли хил кашфиётлари ва илмий ютуқлари билан ўз тасдиғини топмоқда.
(Қуръони карим оятларида баён этилган илмий мўъжизалар билан боғлиқ янгиликлар кундан-кунга кашф этилиб, унга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда.)
“Қуръони карим ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” симпозиуми иштирокчилари илмий клуб ташкил этиб, унда Қуръони карим ва Суннатдаги илмий мўъжизаларнинг шарҳини амалга ошириш, шунингдек янги мажлисларни ўтказиш таклифини илгари суришди.
Семинарда Алжир ва хорижий мамлакатларнинг турли университетлари (Фаластин, Тунис, Буюк Британия ва бошқалар) дан тадқиқотчилар иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати