Бугун, 10 декабрь куни Париж шаҳрида Халқаро мусулмонлар форуми ўз ишини бошлади. Нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ушбу халқаро анжуманнинг бош мавзуси Ислом дини ва глобаллашув муаммоларига бағишланган бўлиб, сўзга чиққан нотиқлар томонидан ҳозирги глобаллашув жараёнлари турли минтақаларга ўзининг ижобий ва салбий таъсирини кўрсатиб келаётгани, мана шундай мураккаб даврда юзага келаётган муаммо ва таҳдидларга биргаликда курашиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
Халқаро форум ишида Россия мусулмонлари диний идораси раиси Равил Гайнутдин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбой ҳожи Ораз, Қирғизистон муфтийси Махсатбек Токтамушев ҳамда бир қатор давлат ва дин арбоблари маъруза билан иштирок этдилар.
Анжуман доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан Халқаро мусулмонлар форумининг мазмун-моҳияти юзасидан берилган саволларга диний етакчилар томонидан батафсил жавоблар берилди.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб эълон қилинган «Маҳалла ободлиги ва меҳр-оқибат ойлиги» доирасида хайрли ва савобли тадбирлар изчил давом этмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири Дин ишлари бўйича қўмита, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ҳамда Хўжайли туманидаги «Пирим эшон» жоме масжиди ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиси Б.Разов, қози ўринбосари А.Джолаушиев, Хўжайли тумани бош имом-хатиби И.Шерниязов, шаҳар ва туман бош имомлари ҳамда жорий йилда Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган ҳожи оталар иштирок этдилар.
Саховатпеша ҳомийлар кўмаги билан ташкил этилган ушбу акция доирасида туманнинг 14 та маҳалласида яшовчи 70 дан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Хонадонларга ташриф буюрилиб, фарзандлар учун мактаб формалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди, диний соҳа вакиллари ва ҳожи оталар фуқаролар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладилар.
Халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бу каби хайрия тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати