Ислом динимизда илмга қаттиқ эътибор берилган ва унга тарғиб этилган. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёлга фарз деб эълон қилинган.
Инсон ҳаётда тўғри йўлни илм орқали топа олади.
Буюк ватандошимиз Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ” деган гапларида улкан маъно бор.
Илм – сарф этилгани сари тугамайдиган, аксинча ошиб, мустаҳкамланиб борадиган ноёб неъматдир. Молу дунё эса ишлатилгани сари тугаб бораверади.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло иймонли олимларнинг мартабаларини баланд қилишини, Ўзидан бандалари орасида олимлар кўпроқ қўрқишини айтган.
Ҳадиси шарифларда илм ўргатувчиларнинг ҳаққига ҳамма нарса, ҳатто денгиздаги балиқлар, инидаги чумолилар ҳам истиғфор айтиши таъкидланган.
Банда ибодатини ҳам фақат илм асосида адо этади. Чунки қандай намоз ўқиш, қандай рўза тутиш, қандай закот бериш ва қандай ҳаж қилиш илм орқали ўрганилади.
Олимлар, муаллимларнинг мартабалари бу дунёда ҳам, охиратда ҳам баланд бўлади.
Энди юқоридаги расмга изоҳ берсак: бу автобус Мексикада бўлиб, унинг ярми мактаб автобуси кўринишида, ярми эса қамоқхона автобуси кўринишида бўялган. Ёнига “Таълим бошланган жойда зўравонлик, безорилик тугайди” деб ёзиб қўйилган.
Нозимжон Иминжонов
Тошкент ислом институтининг битирувчи босқич талабалари учун пойтахтимиздаги муҳташам Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига маърифий саёҳат ташкил этилди.
Талабалар марказнинг бой кутубхонаси, Қуръон зали ва бошқа бўлимларида бўлиб, асрлар оша сақланиб келаётган ноёб қўлёзмалар ҳамда нодир тарихий манбаларни ўз кўзлари билан кўрди. Устозлар А.Ғиёсов, М.Яшнаров ва мутахассис З.Юнусов ҳамроҳлигида ўтган саёҳат давомида ҳар бир экспонатнинг илмий ва маънавий аҳамияти ҳақида қимматли маълумотлар берилди.
Бундай маърифий саёҳатлар бўлажак мутахассисларнинг билим доирасини кенгайтириш билан бирга, уларнинг қалбида миллий ва диний қадриятларимизга бўлган чексиз фахр туйғусини уйғотишга хизмат қилади.
Тошкент ислом институти
Матбуот хизмати