Бугун, 4 декабрь куни “Вақф: моҳияти ва ижтимоий аҳамияти” мавзусида диний соҳа ходимлари иштирокида видеосеминар ўтказилди. Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан ўқилиб, хайрли дуолар қилинди.
Семинарда “Вақф” тушунчаси, истилоҳий маънолари, вақф мулклари юзага келиши тарихи ва вақф мулкларининг шаръий ҳукмлари ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини тарғиб этиш бўйича маърузалар тингланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ислом динида инсонларни доимо меҳр-мурувватли бўлишга чақирилгани, хайру саховат ёйилган юрт обод бўлиши, қайси жамиятда одамларнинг қўли очиқ бўлса, бундай жамият равнақ топиши, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” фонди олдида ҳам мана шундай мақсадлар турганини таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари вақф тушунчасини кенг ёйиш ва Фонд фаолиятини кенг тарғиб этиш борасида диний соҳа ходимлари олдида турган вазифаларни бирма-бир санаб бердилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов сўзга чиқиб, “Вақф” фондининг мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига тўлиқроқ тушунтириш, Фонднинг ривож топишига барча ўз ҳиссасини қўшиши, инфокиоскалар фаолиятини кенгайтириш ва мўътабар манбаларда келтирилган вақф бобидаги масалаларни баён қилишга катта эътибор қаратиш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари чамаси 100 йил аввал диёримизда вақф мулклари амалда бўлгани, ота-боболаримиз бундай мулкларни тасарруф этишгани, бугунги кунда ушбу қадрият яна қайта тиклангани, бу борада халқимизга оддий шаклда маълумотлар тарқатиш зарурлигини таклиф этди. Фатво бўлими мудири Х.Ишматбеков Ислом динида вақфга оид ҳукмларни баён қилди. “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халилов ўтган давр мобайнида қилинган хайрия ишлари ва келгусидаги режалар ҳақида гапирди. Тошкент шаҳри Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов вақф атамасининг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушуниш кераклиги ва Фонднинг имкониятларини тўла ишга солиш зарурлигини билдирди.
Семинарда Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир Элов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, Мир Араб олий мадрасаси ректори Ҳайдархон Юлдашходжаев, Тошкент шаҳридаги “Бурҳониддин Марғилоний” жоме масжиди имом-хатиби Абдулхамид Турсунов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Семинар якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти, бугунги кунгача амалга оширилган хайрия ишлари, тадбирлар ва лойиҳаларнинг амалий ифодаси акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.
Ўқилган маърузалар ҳақида сайтимизда маълумот бериб борамиз.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Баъзан биргина нотўғри қадам инсоннинг бутун ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин. Афсуски, шундай хатолар борки, уларнинг оғир оқибатлари нафақат инсоннинг ўзига, балки унинг оиласи, фарзандлари ва яқинларига ҳам таъсир қилади. Гиёҳвандлик ана шундай иллатлардан бири бўлиб, у инсонни жисмонан ва маънан емириб, жамият тараққиётига жиддий хавф солади.
Бугун дунё миқёсида гиёҳвандликка қарши кураш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Чунки бу иллат сабаб минглаб инсонлар ўз соғлиғини йўқотмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда, ёшларнинг орзу ва мақсадлари барбод бўлмоқда. Бир қарашда шахсий муаммодек кўринган гиёҳвандлик аслида бутун жамиятнинг дарди ҳисобланади.
Динимиз Ислом инсон ҳаёти, соғлиғи ва ақлини муҳофаза қилишга алоҳида аҳамият қаратади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни ҳалокатга олиб борувчи ишлардан қайтарган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса ҳар қандай маст қилувчи нарса ман этилганини таъкидлаганлар. Зеро, ақл инсонга берилган энг буюк неъматлардан бири бўлиб, уни заифлаштирувчи ёки йўқ қилувчи ҳар қандай восита инсоннинг ўзига ҳам, жамиятга ҳам зарар келтиради.
Гиёҳвандликнинг энг оғир зарбаси инсон саломатлигига тушади. Бу иллат асаб тизимини издан чиқаради, ички аъзолар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, руҳий муаммоларни келтириб чиқаради. Вақт ўтиши билан инсон меҳнат қилиш қобилиятини йўқотади, ҳаётга бўлган қизиқиши сўнади, ўзининг оилавий ва ижтимоий масъулиятини англашдан узоқлаша бошлайди.
Бироқ масаланинг янада хавотирли томони шундаки, гиёҳвандлик фақат бир инсоннинг эмас, бутун оиланинг фожиасига айланади. Ота-оналар фарзанд доғида қолиши, турмуш ўртоқлари орасида меҳр-оқибат сўниши, фарзандлар эътибор ва тарбиядан маҳрум бўлиши мумкин. Бундай муҳитда вояга етаётган болаларнинг келажаги ҳам хавф остида қолади.
Мутахассислар таъкидлашича, гиёҳванд моддалар инсон насли ва соғлиғига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Бу эса келажак авлоднинг жисмоний ва руҳий камолотига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Шу маънода гиёҳвандлик нафақат инсон ҳаётини, балки миллат келажагини ҳам таҳдид остига қўяди. Зеро, соғлом авлод ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги ҳисобланади.
Бугунги кунда ёшларни бу иллатдан асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Аввало, оилада фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиш лозим. Ота-она фарзандининг дўстлари, қизиқишлари ва бўш вақтини қандай ўтказаётганидан доимо хабардор бўлиши керак. Шунингдек, таълим муассасалари, маҳалла ва кенг жамоатчилик ҳам ёшлар тарбиясида фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга.
Ёшлар қалбида эзгулик, Ватанга муҳаббат, ҳалол меҳнатга ҳурмат ва маънавий қадриятларга садоқат туйғусини шакллантириш гиёҳвандликка қарши энг самарали чоралардан биридир. Чунки маънавий бўшлиқ пайдо бўлган жойда турли ёт ғоялар ва зарарли одатлар илдиз отиши осон кечади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, гиёҳвандлик инсон ҳаёти, оила фаровонлиги ва жамият тараққиёти учун жиддий хавф туғдирувчи оғир ижтимоий иллатдир. Унинг оқибатлари бир инсон тақдири билан чекланиб қолмайди, балки бутун миллат келажагига таъсир кўрсатади. Шу боис ҳар биримиз бу балога қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз, фарзандларимизни огоҳлик ва соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашимиз зарур. Зеро, соғлом авлод юртнинг таянчи, миллатнинг келажаги ва Ватан тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.
Нуруллоҳ МАҲКАМОВ,
Чуст тумани бош имом-хатиби.