Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (Тавба сураси, 128-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни асосий сифатларидан бир нечтасини зикр қилиб, у зотни янада яхшироқ танишимиз учун хитоб қиляпти.
1) Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган.... яъни, ўз ичингиздан чиққан, кўз олдингизда улғайган, худди сизлар каби инсон фарзандидан бўлган, сизлар каби еб-ичадиган, ухлаб дам оладиган, бозорларда юрадиган, хурсандчилик ва машаққат таъмини биладиган, барча инсоний ҳислатларга эга бўлган кишини Пайғамбар қилиб юбордик.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларни огоҳлантириш ва ҳаққа чақириш учун ер юзига қанча Пайғамбар юборган бўлса, уларнинг барчасини шу инсонларнинг жинсидан танлаб олган. Бу ҳам беҳикмат эмас, албатта. Чунки Пайғамбарлар инсонларни ҳаққа даъват қиладиган кишилардир. Ҳақ эса ҳар бир даврда кишиларга оғир ва машаққатга ўхшаб кўринади. Агар Пайғамбар фаришталар ёки инсон жинсидан бошқа бўлган махлуқотлардан бўлганда, даъватга ижобат этишдан бош тортганлар ўзларига яна баҳоналар топишиб: “Албатта, бу Пайғамбар биз каби одам эмас. Унинг тоқати етган нарсага бизнинг тоқатимиз етмайди”, деган гапларга ўхшаш баҳоналар топардилар.
Шунинг учун Аллоҳ таоло бундай баҳоналарга узр қолдирмаслик учун барча Пайғамбарларни, хусусан Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам инсон фарзандидан танлаб олди. Бироқ, ҳидоятдан бош тортган кишилар ўзларига тасалли бериш учун бошқа бир баҳонани топдилар. “Улар: “Бу не Пайғамбарки, таом еб, бозорда юрадир?! Унга бир фаришта туширилса эди, у билан огоҳлантирувчи бўлар эди” (Фурқон сураси, 7-оят) дедилар.
Аллоҳ таоло уларнинг бу сўзларини беҳудалигини билдириб Муҳаммад алайҳиссаломга бундай хитоб қилди: “Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикин?! Бизга учрашдан умидсиз бўлганлар, бизга фаришталар туширилса ёки, Роббимизни кўрсак эди, дерлар. Батаҳқиқ, улар ўзларидан кетдилар ва катта туғён-ла туғён қилдилар” (Фурқон сураси, 20-21 – оятлар).
Аслида, ҳидоятга келишни истаганлар учун Пайғамбарнинг қайси жинс вакилидан бўлиши ёки ким бўлиши муҳим эмас эди. Бироқ, ҳавойи нафсига қаттиқ боғланиб қолган бу кимсалар баҳона излардилар холос. Биз билмаган нарсаларни билувчи Роббимиз барча Пайғамбарлар қаторида Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам худди биз каби инсон фарзандидан танлади. Бу ҳақда Қуръони каримнинг бошқа оятида бундай дейилади: "Сен: "Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман...." деб айт”, дейилади (Каҳф сураси, 110-оят)
2) ...сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган,... яъни, сизларнинг дунё ва охират ҳаётидаги машшаққатингиз, қийинчиликингиз унинг ҳам қалбига ҳафалик киритадиган Расул келди.
Бу сифат ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақадар ғамхўр зот бўлганларини билдиради. У зот инсонларни дунёда ҳам, қабрда ҳам, охиратда ҳам машаққат чекмаслигини чин дилдан истар эдилар. У зотнинг ҳар бир амаллари, гап-сўзлари, ҳаттоки, ибодатлари ҳам енгиллик асосида эди. Енгиллик у зотнинг суннатларидан эди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Уч кишидан иборат гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: “Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилинган”, дедилар. Улардан бири: “Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман”, деди. Бошқаси эса: “Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман”, деди. Яна бошқа бири: “Мен аёллардан четланаман, абадул-абад уйланмайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб: “Шундоқ, шундоқ, деган сизларми?! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчи ва энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим ҳам очиқ бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматимга ёки одамларга машаққат бўлмаганида, ҳар бир намозда мисвок ишлатишни буюрар эдим”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Таровеҳ намози ҳақидаги воқеани эслайлик. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаларнинг бирида масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у зотга қўшилиб намоз ўқишди. Келгуси куни ҳам намоз ўқигандилар, одамлар кўпайиб кетди. Сўнгра одамлар учинчи ёки тўртинчи куни ҳам тўпландилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурига чиқмадилар. Тонг отганида у зот: “Сизлар бажарган нарсани кўрдим. (таровеҳ) намози фарз бўлиб қолишидан хавотирга тушганим мени сизларнинг олдингизга чиқишдан ман қилиб қўйди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига назар солсак, бундай воқеаларнинг кўпини кўришимиз мумкин. У зот умматларига машаққат бўлиб қолишидан чўчиб ўзлари учун яхши кўрган амалларини тарк қилганлар. Инсонларни ибодатда машаққатга тушишлигига рози бўлмаган зот ҳаргиз дунё ва охират ҳаётида машаққат чекишларига рози бўлмайдилар.
3) ...сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, яъни, сизларни охиратдаги аламли азоблардан қутулиб, абадий саодат бўлган жаннатга, ундаги беҳисоб неъматларга, Аллоҳ таолонинг розилигига, дийдорига етишингиз учун, ниҳоятда ҳарис бўлган Набий келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта мақсадлари инсонларни абадий саодатга етишлари, дунё ва охират хорлигидан омонда бўлиши эди.
Кунларнинг бирида у зот бундай дедилар: “Мен билан сизларнинг ҳолатингизни бир мисол билан тушунтирай. Бир киши кечқурун ўт ёқди. Аланга баландлаб теваракни ёритгач, атрофдаги парвоналар ва ҳар хил ҳашоротлар ўзларини алангага ура бошлади. Ҳалиги киши уларни қутқариш учун алангадан узоқлаштиришга уринади, лекин улар алангага кириш учун тиришишади ва кишидан устун келишади... Мен-у сизларнинг мисолингиз мана шудир. Мен сизларнинг камарларингизга ёпишиб алангадан узоқлаштириш учун: " Алангага кирманглар, бу ёққа келинглар!... Алангага кирманглар, бу ёққа келинглар!... дейман, сизлар бўлсаларинг, мендан устун келиб, қўлимдан чиқиб кетяпсизлар ва алангага шўнғияпсизлар" (Саодат асри қиссалари, 4-китоб. Аҳмад Лутфий)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йил давомида инсонларни Аллоҳнинг Каломи ила огоҳлантириб, “Алангага кирманглар, бу ёққа келинглар!”... дея чорлаган бўлсалар, у зот вафотларидан сўнг ҳам то қиёматга қадар ўз суннатлари ва ҳадислари ила жаннат сари, абадий саодат сари чорлайверадилар.
4) ...мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди. Бу оятни эса ортиқча шархлашга ҳожат йўқ. У зотнинг меҳрибонликлари бутун оламларга эди. Бу оламда яшаб турган инсон фарзандидан тортиб кичик бир хашоратларгача, ҳайвонларга-ю набототларга меҳрибон эдилар. У зот нафақат тирикларга, балки ўликларга ҳам марҳамат қилардилар. У зот ҳаттоки кофирни ўлигини таҳқирлашга ҳам рухсат бермасдилар. У зот ҳайвонларни юзига уришдан, уларни эрмак учун боқишдан, уларга озор беришдан қайтарар эдилар. Хоссатан мусулмонларга нисбатан ниҳоятда меҳрибон ва марҳаматли эдилар. У зот мусулмонни ранжитишни, уни ёмон кўришни, ғийбат қилишни, молига ва жонига, обрўсига ҳам тажовуз қилишдан қайтарардилар. У зотнинг меҳрибонликлари шу қадар эдики, ҳаттоки, вафот этиб кетган одамни ортидан ёмон гап гапиришга рухсат бермагандилар.
У зот ҳақида гапириш мароқли. У зотни эслаш инсонга ҳузур беради. У зотни таърифлаш учун эса на қоғозимиз ва на сиёҳимиз етади. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таърифларини, тавсифларини Роббимизнинг Ўзи келтирган. Бизни эса у зотни яхши кўришга буюрган. У зотни яхши кўришнинг аломати эса фақатгина у кишига эргашишлик, у зот яхши кўрган нарсаларни яхши кўриб, у зот ёмон кўрган нарсалардан четланишлик билан бўлади. Бундан бошқаси эса ёлғон муҳаббат, оддий даъво бўлади, холос. Уламолар айтганларидек: “Ҳабибинг ёқтирмаган нарсани яхши кўришинг муҳаббатинг рост эмаслигини билдиради”.
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлиш бахтини насиб қилсин. Гарчи у зотни бу дунёда кўриш насиб қилмаган бўлса-да, абадий ҳаётда бирга бўлишдек неъмат билан сийласин. Омин.
Ёрбек ИСЛОМОВ
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу мавзуда салафларимиздан келган бир қанча таъсирли ривоятлар бор. Қуйида уларнинг айримларини келтираман:
1. Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Мен хушуъни Исроил ибн Юнусдан ўргандим. Биз унинг атрофида эдик, у ўнг томонида ким бор, чап томонида ким борлигини билмасди — охират ҳақида тафаккур қиларди".
2. Юсуф ибн Асбат раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ менга хуфтон намозидан сўнг: "Таҳорат идишини (обдаста) бергин", деди. Унга бердим. У ўнг қўли билан олиб, чап қўлини ўнг қўлининг устига қўйди ва тафаккурга чўмди. Мен ухлаб қолдим, сўнг саҳарда турдим — қарасам, идиш ҳали ҳам қўлида. "Тонг отди", дедим. У эса бундай деди: "Сен идишни берган пайтингдан буён шу ҳолда охират ҳақида тафаккур қилдим".
3. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан ривоят:
У Суҳайл ибн Адийни сукунатда, тафаккурда кўриб:
"Қайси нуқтага етдинг?" деб сўради.
У: "Сирот кўпригидаман", деб жавоб берди.
4. Муҳаммад ибн Васеъ раҳимаҳуллоҳдан ривоят:
Басралик бир киши Абу Зарр вафотидан кейин унинг хотини Умму Заррга бориб, унинг ибодатини сўради. У бундай деди: "Абу Зарр кун бўйи уйнинг бир четида тафаккур қилиб ўтирарди".
5. Умму Дардо (Абу Дардонинг хотини) айтади:
"Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг энг афзал ибодати — тафаккур ва ибрат олиш эди".
6. Сиррий Сақатий раҳимаҳуллоҳ айтади:
"Ҳар куни бурнимга қарайман — юзим қорайганми, деб. Таниш жойда ўлишни ёқтирмайман — ер мени қабул қилмай қўйса, шарманда бўлишдан қўрқаман".
7. Абу Шурайҳ раҳимаҳуллоҳ ҳақида:
Бир куни у юриб кетаётган эди, тўхтаб, кўйлагини бошига ташлаб, йиғлашга тушди.
Уни кўриб: "Нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрашди.
У бундай жавоб берди: "Ўтган умримни, кам амалимни, яқинлашган ажалимни тафаккур қилдим".
8. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни йиғлади. Сабабини сўрашди. У бундай деди: "Дунё ва унинг шаҳватлари ҳақида ўйладим. Улар тугамай туриб, аччиқ алам билан алмашади. Агар бунинг ўзида ибрат бўлмаса ҳам, ақлли киши учун унда панд насиҳат бор. Энди ўз ҳолингизга қаранг, аҳли оилангиз, яхши кўрган кишиларингиз билан бугун жам бўлиб турибсиз, эртагачи? Эртага эса, албатта улардан ажралиш бор".
9. Довуд Тоий раҳимаҳуллоҳнинг ҳолати:
У тўлин ой кечаси уйнинг томига чиқди. Осмонга қараб Осмон ва ернинг яратилиши ҳақида тафаккурга чўмди ва йиғлай бошлади. Шунчалик қаттиқ таъсирландики, томдан қўшнисининг ҳовлисига йиқилиб тушганини сезмай қолди. Қўшни уни ўғри деб ўйлаб, қиличига ёпишди. Аммо келиб қараса — Довуд экан. "Қандай қилиб томдан тушиб кетдинг?" - деб сўради. Довуд: "Қандай йиқилганимни сезганим йўқ", деб жавоб берди.
10. Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳақида:
У дўстлари билан ўтирган эди, чироқ ўчиб қолди. Ҳамма ёқни зулмат қоплади. Кейин чироқни ёқишди. Қарасалар, Суфённинг кўзларидан оқаётган ёши юзи ювяпти. Ундан: "Сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан?" деб сўрашди.
У: "Шу онда қабр зулматини эсладим…", деб жавоб берди.
Хулоса:
Салафи солиҳлар ҳар бир ҳолатда тафаккур қилганлар — таом еганда, юрганда, ётганда, ҳатто сув идишини ушлаб турган пайтда ҳам охиратни эслаб йиғлардилар. Улар учун тафаккур — ибодатнинг қалби эди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ