Мавлид – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари, туғилган жойи ва замони, Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллуди муносабати билан ўтказиладиган маросимга берилган ном. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилишларига бағишланган манзумалар ва насрий асарлар ҳам мавлуд деб аталади. Шу нуқтаи назардан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилган куни “мавлид”, туғилган ойи “мавлид ойи”, туғилган кечаси “мавлид кечаси” деб аталади. Асли “мавлид” бўлган мазкур калима тилимизда “мавлуд” шаклида ҳам қўлланилади.
“Мавлид” кечаси қандай кеча? У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келган кеча бўлиб, “Қадр кечаси”, “Меърож кечаси”, “арафа кечаси”, “жума кеча” каби муборак кунлар ва кечалар сирасида ўзига хос аҳамиятли кечадир. Ҳатто Қадр кечасидан-да эътиборли кеча дегувчилар ҳам бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган куни қайси кун эканини у зотнинг ўзлари айтганлар. Хусусан, ҳадиси шарифлардан бирида у зотдан нега душанба куни рўза тутишларининг сабабини сўрашганида, “Мен душанба куни туғилдим ва Қуръони карим менга душанба куни нозил бўлди”, деб жавоб берганлари айтилади...
ЎМИ Матбуот хизмати
"...Огоҳ бўлинг, Аллоҳни эслаш билан қалблар ором олади" (Раъд сураси, 28-оят).
"Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этаман..." (Бақара сураси, 152-оят).
"...Аллоҳни кўп эсловчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) эсловчи аёллар - улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир" (Аҳзоб сураси, 35-оят).
"...Эй имон келтирганлар! Аллоҳ доим ёдингизда бўлсин" (Аҳзоб сураси, 41-оят).
"Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин!.." (Мунофиқун сураси, 9-оят).
"Бирон нарса ҳақида: "Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман", дея кўрманг! Илло, "Иншааллоҳ (Аллоҳ хоҳласа)" (денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Роббингизни зикр қилинг (яъни, "иншааллоҳ", денг) ва: "Шояд, Роббим мени бундан ҳам яқинроқ Тўғри йўлга ҳидоят этса", денг!" (Каҳф сураси, 23-24-оятлар).
"...(Тонгда уйқудан) турган пайтингизда, Роббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг! Шунингдек, тундан (маълум вақт ажратиб) ва юлдузлар юз ўгиргач (ботган, саҳарда) ҳам, Унга тасбеҳ айтинг!" (Тур сураси, 48-49-оятлар).
"Эй имон келтирганлар! Бирон тўдага тўқнаш келсангиз, сабот (ва матонат) билан турингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз!" (Анфол сураси, 45-оят).
Саҳиҳ ҳадисда айтилади: "Парвардигорини эсловчи билан эсламайдиган одамнинг ўхшаши ҳудди тирик билан ўлик кабидир".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: "Ёлғиз ҳолда қолганлар ўзиб кетдилар", дедилар. Саҳобалар: "Улар кимлар, эй Аллоҳнинг элчиси", деб сўрашди. Шунда у зот: "Аллоҳни кўп эслайдиган эркаклар ва кўп эсламайдиган аёллардир", деб жавоб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: "Сизларга амаллардан энг афзалининг хабарини берайми? Бу амал Раббингиз олдида энг пок, сизлар учун олтин-кумушни инфоқ қилишдан ҳам яхшироқ, душманга, йўлиқиб, ғазот қилишдан ҳам афзалроқдир", дедилар. Саҳобалар: "Ҳа, айтинг, ё Аллоҳнинг элчиси", дейишди. У зот: "Бу (амал) Аллоҳни эслашдир", деб жавоб бердилар.
Яна бир ҳадисда: "Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Ё Аллоҳнинг элчиси, Ислом буюрган амаллар менга кўплик қилмоқда. Ёшим ҳам улғайиб қолди. Шунинг учун мен маҳкам ушлашим керак бўлган амални айтинг", деди. Шунда у зот алайҳиссалом: "Тилинг доим Аллоҳнинг зикри билан нам бўлсин", дедилар.
"Ўкинма" китобидан