Кунлардан бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорий саҳобийлардан бирининг боғига кирдилар. Боғнинг салқинроқ бир жойида суви қуриб қолган бир кичикроқ қудуқ бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб шу қудуққа муборак оёқларини солиб ўтирдилар. Ортларидан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотни қидириб келиб, у киши ҳам оёқларини солиб ўтирдилар, кетларидан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу келиб, худди шундай ўтирдилар. Сўнг Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу келиб қолдилар. Ҳолбуки, у кишига бу қудуқда жой қолмаганлиги учун бошқа жойга ўтирдилар. Аллоҳ таолонинг тақдири билан бу ажралмас уч дўстнинг бир қудуққа оёқларини солиб ўтиришлари ҳикмати уларнинг қабрлари бир жойдалигига боғлиқ бўлди…
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг касалликлари кучайиб кетганидан кейин барча аёлларидан Оиша розияллоҳу анҳонинг уйида қолишга изн сўрадлар. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳо аёлларининг ичида энг ёши эдилар. Аёллари рухсат бергач, ўша уйда турдилар ва шу уйда, олтмиш уч ёшларида вафот этдилар. Дафн этилган жойлари ҳам шу уй бўлди.
Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ўринларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу “Вафот этганимда мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқ томонларига дафн этинглар”, деб илтимос қилдилар. Барча бунга рози бўлди. У зот ҳам олтмиш уч ёшларида вафот этдилар ва васият қилган жойларига, Оиша онамизнинг уйи, Набий алайҳиссаломнинг оёқ тарафларига дафн этилдилар.
Вафотларидан кейин ўрниларига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. У зот ҳам вафот этсалар, Оиша розияллоҳу анҳодан шу уйга қўйилишга рухсат сўрадилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: “Мен бу жойни ўзимга сақлаётган эдим, майли, ўрнимни Умарга бердим” дедилар. Ҳикматни қарангки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам олтмиш уч ёшларида вафот этиб, шу уйга дафн этилдилар. Бу уйда бўш жой қолмаганлиги боис Оиша розияллоҳу анҳо бошқа ерга қўйилдилар.
“Қиёматли дўст – ажралмас”, деб, бекорга айтилмайди. Мана бир минг тўрт юз йилдан ўтибдики, бу уч дўст ҳали ҳам бир уйда, бир жойда, ҳали ҳам биргалар..!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетобликларида ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуга имом бўлиб, меҳробда намозга ўтиб беришни буюрдилар. Абу Бакр жамоат билан намозни бошлаганларида масжидга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кириб келиб, намозга қўшилдилар. Набий Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларини пайқаган жамоат қўл силкиб, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуни огоҳлантирмоқчи бўлишди. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу намозни давом эттиравердилар. Шундай қилишлари ҳам керак эди. Аллоҳ таолога ибодат этувчи ҳар бир киши ён-атрофга қарамаслиги, бошқа нарсаларга чалғимаслиги лозим. Аммо қўл силташлар тўхтамагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларини фаҳмладилар.
Юзларини қибладан бурмаган ҳолда ортга тисарила бошладилар. Биринчи сафга келганларида Расули Муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдинга силжиб, намозни давом эттирдилар. Салом берилгандан сўнг жамоага юзландилар. Намозда қўл кўтариш аёлларга хос хусусият эканлигини, агарда имомга бирор нарсани билдириш керак бўлса,"Субҳаналлоҳ" деб овоз бериш кераклигини айтдилар. Кейин: "Эй Абу Бакр, сенга ишора қилсам ҳам нима учун жойингда туриб, намозни давом эттиравермадинг?" дея сўрадилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Абу Қуҳофанинг ўғлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида намоз ўқиш ярашмайди", деб жавоб бердилар.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси