Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Апрел, 2026   |   17 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:37
Қуёш
05:58
Пешин
12:31
Аср
17:00
Шом
18:57
Хуфтон
20:12
Bismillah
06 Апрел, 2026, 17 Шаввол, 1447

Она тилим – жону дилим.

21.10.2018   47430   3 min.
Она тилим – жону дилим.

Собиқ тузум хукмрон бўлиб турган 1989-йили Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши Истиқлолга эришиш йўлидаги энг мухим қадам бўлганди. Ватанимиз мустақилликка эришгач она тилимиз ўзининг хақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди,Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жихатдан мустахкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди.Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадхияси, Конституцияси қаторида турадиган,қонун йўли билан химоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди. Истиқлол шарофати билан тилимизга, унинг сайқал топишига эътибор янада ортди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳуббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" дея ёзмаган.

Ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари,  достонларида,  шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари, Чўлпон, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфларнинг ўтли шеърияти она тилимизда ёзилган бебаҳо дурдоналардир.Тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳр-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат шу тил қодирдир. Бизнинг она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги  сўзларнинг  маълум бир меъёрига  келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил хақида шундай ёзадилар: "Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил".

 Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.

Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.

Тонгдек оромбахш, қуёшдек  нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асрабавайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби  она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.

Донишманд ота-боболаримиз азалдан нутқ маданиятига катта эътибор беришган. Улар қолдирган асарларни ўқир эканмиз, ҳар бир сўз ўз ўрнида қўлланганига гувоҳ бўламиз. Сўз ҳиссини доимо билиб яшашимиз керак. Шундай экан, она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

Одилжон Нарзуллаев

Зангиота тумани “Имом Аъзам”Жоме масжиди имом хатиб

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ёлғоннинг инсон саломатлигига таъсири

06.03.2025   10113   3 min.
Ёлғоннинг инсон саломатлигига таъсири

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

АҚШдаги энг нуфузли олийгоҳларидан бири Нотр-Дам университети физиологлари томонидан 18 ёшдан 71 ёшгача бўлганлар иштирокида тадқиқот ўтказилди.

Кўнгилли иштирокчиларнинг ярмига 10 ҳафта давомида ёлғон гапирмаслик “вазифаси” топширилди, қолган ярмига эса ёлғон гапириш ёки ҳақиқатни айтиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмади.

Тажрибадан 10 ҳафта ўтгач, “ёлғон гапиришдан қочган” биринчи гуруҳ иккинчисига қараганда жисмоний саломатлик кўрсаткичлари юқори бўлган. Шунингдек, фақат ҳақиқатни айтган иштирокчилар бу вақт ичида яқинлари билан муносабатлари сезиларли даражада яхшиланган ва ўзларини бахтли ҳис қилишган.

Хусусан, Станфорд университети профессори Даниэл Ланглебен ўтказган тадқиқотларида, ёлғон гапириш инсон миясининг фикрлаш, фикрни жамлаш, хотира, ҳатто шахсий ривожланишга салбий таъсир қилиши аниқланган.


ЮРАК ХУРУЖИ – ИНСУЛЬТ

Мунтазам равишдаги ёлғон инсоннинг асаб тизимига оғир таъсир қилади. Бундай ҳолатнинг содир бўлиши натижасида юрак-қон томир тизими зарар кўради. Натижада, юрак хуружи ва инсульт эҳтимоли сезиларли даражада ошади.

 

УЙҚУСИЗЛИК

Ёлғон натижасида инсон “катта энергия” сарфлайди. Натижада уйқусизлик келиб чиқади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ёлғон гапирадиган одамлар уйқу муаммоларидан кўп шикоят қиладилар.

 

ИММУНИТЕТ ТИЗИМИНИНГ ЗАИФЛАШИШИ

Инсон ёлғон гапириши туфайли қанча кўп асабийлашса, организм шунча кўп стресс реакция билдиради. Стресс гормонларининг мунтазам ишлаб чиқарилиши танани заифлаштиради, бу эса одамни вируслар ва инфекцияларга мойил қилади. Тадқиқотларда ушбу ҳақиқат тасдиқланган: ёлғон гапиришни одат қилган одамларда бош оғриғи, шамоллаш ва ошқозон муаммолари кўпроқ учрайди.

 

ОШҚОЗОН МУАММОЛАРИ

Ёлғон сўзлаш – кортизолни оширади.

Кортизол ички органларни стресс ҳолатига олиб келади. Бу эса қорин оғриғи, диарея, кўнгил айниши ва ошқозон касалликларини келтириб чиқаради. Натижада овқат ҳазм қилиш функцияси бузилади, кислоталик ошиб кетади ва ичакдаги фойдали бактериялар йўқолади.

 

ЁЛҒОНЧИНИНГ ФАРИШТАСИ БЎЛМАЙДИ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бир банда ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги учун у бандадан бир мил масофага узоқлашади”, дедилар.

Тасаввур қилинг, кишини муҳофаза қилиб турадиган, ундан ҳеч ажралмайдиган фаришталар ёлғончидан узоқлашар эканлар. Бу жуда қўрқинчли ҳолат. Бошқача қилиб айтганда, ёлғончининг фариштаси бўлмайди.

 

ЭНГ КАТТА ВА ОҒИР ГУНОҲ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар ва ёнбошлаган ҳолларидан ўтириб олдиларда: “Ёлғон гувоҳлик бериш ёки ёлғон гапириш”, деб қайта-қайта такрорладилар.

 

РОСТГЎЙЛИК – ЖАННАТГА ЕТАКЛАЙДИ

Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг, чунки ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириб, ростгўйликка амал қилади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “сиддиқ” деб ёзиб қўйилади. Ёлғондан сақланинг, чунки ёлғон гуноҳга бошлайди. Гуноҳ дўзахга етаклайди. Киши ёлғон гапириб, унга риоя қилишда бардавом бўлади, ҳатто Аллоҳ ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).


ХУЛОСА

Шундай экан, ёлғон сўзлашни тарк қилишга ҳаракат қилинг. Энг аввало гуноҳдан тийилган, қолаверса, соғлиғингизни сақлаган бўласиз.

 

Даврон НУРМУҲАММАД