Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
"Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсаниз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир" (Иброҳим, 7).
Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда "алҳамду лиллаҳ" дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини адо этишда тил билан айтилган ҳамднинг ўзи кифоя қилмайди. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни адо қилиш жисм неъматининг шукри бўлса, фарзанд неъматининг шукри уларни имон-эътиқодли, пок виждонли, ватанига садоқатли қилиб вояга етказишдир.
Ўтган пайғамбарлардан бири Аллоҳнинг амри билан бир хонадонга ташриф буюриб, уларга ўзини таништирди. Сўнг уларга деди: “Аллоҳ таоло сизларга бир хабарни етказишимни буюрди. У сизларнинг умрингизни икки қисмга бўлиб, бирини роҳат-фароғат, сиҳат-саломатлик, иктисодий кенгчиликда, иккинчисини эса қийинчилик, машаққат, бетобликда ўтказишингизни тақдир килибди. Аллоҳ таоло сизларга танлаш ихтиёрини берди. Қай бирини аввал берсин, кенгчиликними ёки машаққатли ҳаётними?” Эр-хотин куп ўйладилар. Оила раҳбари аёлига ушбу фикрни айтди: «Биз ёш ва қувватлимиз, ҳозир ҳар қандай қийинчиликни енгишимиз осон кечади. Шунинг учун қийинчиликни ихтиёр қилсак-да, кексайганимизда машаққатсиз роҳатда ҳаёт кечирсак!?» деди. Аёли бунинг аксини – аввал енгил ва фаровон ҳаётни танлашни таклиф килди. Кўп мулоҳазалардан кейин эр-хотин бир қарорга келиб пайғамбарга дедилар: «Аллоҳ таоло бизга аввал фаровон ҳаётни инъом килсин». Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасданок Аллоҳ таоло хонадонларига барака берди, иктисодиётлари юксалиб роҳатда яшай бошладилар. Эр-хотин бу берилган роҳат-фароғатнинг шукронаси ўларок, кундузлари рўзадор, тунлари қоим, қуни-қушнилар билан гўзал муносабатда, ғариблар ҳолидан хабар олиб, муҳтожларга ёрдам курсатиб умр гузаронлик килдилар. Берилган неъматни исроф килмай Аллоҳ буюрган ўринга сарф этдилар. Вақт олий ҳакам деганларидек, пайғамбар айтган ҳаётнинг иккинчи кисми, яъни қийинчилик, машаққатли давр етиб келган эди. Оиладагилар «Энди бизнинг машаққатли ҳаётимиз бошланади» дея кута бошладилар. Лекин, айтилган муддат келган бўлсада, ҳанузгача фаровон ҳаётлари тугамас эди. Белгиланган муддатдан икки йил ўтиб яна ўша пайғамбар ташриф буюрди. Оила раҳбари пайғамбарга мурожаат қилиб: «Аллоҳ таоло умримизни икки қисм килиб қуйганлиги ҳақида хабар бергандингиз. Умримизнинг бир кисми ўтиб, иккинчи машаққатли ҳётимиз бошланиши керак эди, лекин ҳануз фаровон ҳаёт кечирмокдамиз. Не сабаб роҳатдаги ҳаётимиз давом этмокда?» деди. Пайғамбар (а.с) «Ҳақиқатда Аллоҳ таоло умрингизни икки кисим – фаровон ва машаққатга тақсимлаган эди. Сизлар Аллоҳнинг берган неъматларини исроф қилмасдан туғри йулда сарф килиб, шукроналикда ҳаёт кечирганингиз учун машаққатли ҳаётингизни ҳам яна фаровон ҳаётга айлантириб берди» деди.
Аллох таоло оятнинг давомида: «Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттикдир" дея огоҳлантирди. Аллоҳ тарафидан берилган ҳар бир нематнинг шукри уни туғри йўлга сарф қилиш орқали амалга ошади. Чунки баъзи нодон кишилар Аллоҳнинг берган неъматларини жоҳиллик қилиб инкор қиладилар. Шунинг учун ўзларига бино қуйиб «Мен бу қулимдаги мол дунёни, мансабни, обрўни ўзимнинг ақл заковатимнинг зўрлигидан, серҳаракатлигим, уддабронлигим эвазига қўлга киритганман», деб ўйлайдилар. Йўлларида учраган, Аллоҳ таоло қайтарган гуноҳ маъсиятларга бор будларини сарф этадилар. Қарабсизки, дунёни ўзидаёқ берилган неъматга шукр қилиб, туғри фойдалана олмагани учун ундан маҳрум булади. Охиратда эса унинг жавоби янада оғир кечади. Ушбу оят тафсирида ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Неъматга куфроналик қилган бандаси учун Аллоҳнинг берадиган азоби икки хилдир. Бири ношукурлиги сабабидан дунёдаёқ берган неъматини ундан олиб қўяди. Иккинчиси эса қиёмат кунида неъматга куфроналик қилгани учун унинг уқубатини бардавом қилиб қўяди» деганлар.
Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга ундайди. Аксинча, шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради.
"Руҳул-баён" тафсирида шундай ривоят келтирилади: "Бир куни Исо алайҳиссалом бир фосиқ билан сафарга чиқдилар. Исо алайҳиссалом сафарда ейишга ўзлари билан уч бурда қотган нон олиб, уларни ҳамроҳларига бериб қўядилар. Йўлда у киши Исо алайҳиссаломга билдирмай ноннинг биттасини еб қўяди. Бир дарахтнинг ёнига етганларида Исо алайҳиссалом нонушта қилиб олишни таклиф қилиб, кишига нонларни халтадан олишни буюрадилар. У икки бўлак нонни чиқаради. Буни кўрган Исо алайхиссалом ундан қолган бир бўлакни ҳам чиқаришни айтадилар. Фосиқ киши эса унда фақат мана шу иккита бўлакдан бошқа йўқ эканини, Исо алайҳиссалом унга фақат иккита нон берганларини айтиб, ҳар қанча талаб қилсалар-да, еб қўйган нонидан тонади.
Нонуштадан сўнг яна йўлда давом этадилар. Сафар давомида ҳалиги киши Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссаломга берган бир нечта мўъжизаларининг гувоҳи бўлади. Исо алайхиссалом унга кўрган мўъжизалари ҳаққи-ҳурмати учинчи нонни қаерга қўйганини айтишни сўрайдилар. У Аллоҳнинг ягоналигига, Унинг қудратига далолат қилувчи қанчадан-қанча мўъжизаларни кўрган бўлсада, барибир ёлғон гапиради, яъни унда фақат иккита нон бўлганига қасам ичади.
Икки ҳамроҳ йўлда кета туриб, тасодифан қум уюми остида ялтираб турган нарсага кўзлари тушади. Яқинига бориб қарасалар, уч бўлак тилло қуймаси экан. Шунда Исо алайхиссалом тиллоларни тақсимлашни таклиф қиладилар ва бир бўлаги менга, иккинчи бўлаги сенга, учинчи бўлаги эса учинчи бўлак нонни олган кишига, дейдилар. Мана шу вақт фосиқ тиллонинг учинчи бўлагига ҳам эга бўлиш мақсадида ноннинг учинчи бўлагини ўзи еганини тан олади. Шунда Исо алайҳиссалом унга: “Аллоҳнинг қанчадан қанча мўъжизаларини кўра туриб тан олмаган нарсангни, арзимас дунё матосига эришиш учун бўйнингга олмоқдасан. Демак, сен Парвардигорнинг неъмати қадрини билмайдиган ношукр бандасан, энди сен билан менинг йўлимиз бошқа-бошқа”, деб фосиқни тарк этиб кетдилар.
Исо алайҳиссаломдан ажраган киши ёлғиз кетаётганида ногаҳон олдидан уч нафар қароқчи чиқиб қолади. Улар уни ўлдириб, тиллоларини бўлишиб оладилар. Шундан сўнг қароқчилардан бири егулик олиб келиш учун яқин қишлокдарнинг бирига кетади. Қолган иккитаси шериклари егулик олиб келгач, уни ўлдириб, тиллосини бўлиб олиш режасини тузиб қўядилар. Таом сотиб олишга кетган қароқчи ҳам шерикларининг таомига заҳар солиб, улар ўлгач тиллоларини ўзлаштириб олишни режалаб қўйган бўлади. Шундай қилиб, таом олиб келган қароқчини шериклари ўлдиради ва ўзлари ҳам таомдан татиб, заҳарланиб ўладилар.
Исо алайхиссалом тасодифан ҳалиги ҳамроҳи ва учта қароқчининг мурдаси устидан чиқиб қоладилар ва Аллоҳнинг берган ҳалол ризқига қаноат қилмаган, берилган неъматларнинг қадрига етмаган, унинг шукрини адо этмаган кишининг ҳоли шудур, деб йўлларида давом этадилар".
Манбалар асосида Давлатёров Муҳаммадсафохон тайёрлади.
Самарқанд ва Бухоро бугун дунё туризмининг энг машҳур йўналишларидан бири ҳисобланади. Бироқ бу шаҳарлар минг йил аввал қандай кўринишда бўлган? Улар қандай иқтисодий қудратга эга эди, қайси халқаро савдо йўлларини боғлаган ва мусулмон цивилизацияси тараққиётида қандай ўрин тутган? Бу саволларга жавоб археологик топилмалар эмас, балки X асрда яшаган араб географи ва сайёҳининг бевосита кузатувларига асосланган асарида мужассам, хабар бермоқда iccu.uz. Энди мазкур нодир манба танқидий матн, қиёсий қўлёзмалар таҳлили ва илмий шарҳлар билан биринчи марта ўзбек китобхонига тақдим этилмоқда.
Глобал миқёсда маданий меросни сақлаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва цивилизациялар тарихи бўйича бирламчи манбаларни қайта тадқиқ этишга қизиқиш кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда яна бир муҳим академик нашр тайёрланмоқда. Машҳур араб географи ва сайёҳи Абу Исҳоқ Иброҳим ал-Истахрийнинг X асрда ёзилган "Китоб ал-масолик вал-мамолик" ("Йўллар ва мамлакатлар китоби") асари танқидий матн ва илмий изоҳлар билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўзбек тилида нашр қилинмоқда.
Нашр Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими томонидан амалга оширилган таржима ва кенг қамровли манбашунослик тадқиқоти натижасидир.
Марказ илмий ходими Равшан Худайбергановнинг қайд этишича, ушбу асар тарихий географияга бағишланган оддий рисола эмас. У X аср мусулмон оламининг сиёсий, иқтисодий ва маданий манзарасини акс эттирувчи энг муҳим бирламчи манбалардан бири ҳисобланади. Истахрий турли мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилиб, шаҳарлар, савдо йўллари, аҳоли турмуш тарзи, иқтисодий муносабатлар ва давлат бошқарувига оид маълумотларни шахсий кузатувлари асосида қайд этган.
Айниқса, асарда Мовароуннаҳр ҳақида келтирилган маълумотлар бугунги тарихшунослик учун алоҳида аҳамият касб этади. Самарқанд, Бухоро ва минтақанинг бошқа шаҳарлари нафақат мусулмон Шарқининг муҳим маданий марказлари, балки Ипак йўли орқали Европа, Яқин Шарқ ва Осиёни боғлаган халқаро савдо тизимининг стратегик нуқталари сифатида тасвирланади.
Бугунги кунда тарихчилар қадимги шаҳарлар тараққиётини археологик маълумотлар, эпиграфик ёдгорликлар ва қўлёзма манбаларни ўзаро солиштириш орқали тикламоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Истахрий асари археологик далилларни тўлдирувчи бевосита катта илмий аҳамиятга эга.
Асар IX–XII асрларда Марказий Осиёда шаклланган ва кўплаб тадқиқотчилар томонидан Биринчи Ренессанс деб баҳоланувчи цивилизацион юксалиш даврини англашда ҳам муҳим манба вазифасини ўтайди. Бу даврда илм-фан, шаҳарсозлик, савдо, маданият ва маърифат юқори тараққиёт босқичига чиққан бўлиб, кейинчалик мусулмон цивилизацияси ва жаҳон илм-фани ривожига кучли таъсир кўрсатган.
Нашрнинг асосий илмий қиймати унинг танқидий матн асосида тайёрланганида намоён бўлади.
Равшан Худайберганов, Марказнинг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими илмий ходими:
– Мазкур асар X аср мусулмон оламининг тарихий географияси бўйича энг муҳим манбалардан биридир. Чунки унда нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросон, Эрон, Ироқ, Арабистон, Кавказ ва бошқа кўплаб ҳудудлар ҳақида ҳам маълумотлар жамланган. Шу боис бу асар бутун мусулмон цивилизациясининг ўша даврдаги ҳолатини ўрганиш имконини беради. Китобнинг илмий аҳамиятини янада оширадиган жиҳат — унинг танқидий матн асосида нашр этилганидир. Одатда қадимий манбалар бир ёки икки қўлёзма нусха асосида таржима қилинади. Натижада айрим матний фарқлар эътибордан четда қолиши мумкин. Ушбу нашрда эса манбашуносликнинг энг муҳим талабларидан бири бўлган қиёсий таҳлил усули қўлланилган.
Маълум қилинишича, тадқиқот давомида асарнинг араб тилида сақланган саккизта қўлёзма нусхаси ҳамда кейинчалик форс тилига қилинган таржиманинг ўнта қўлёзмаси ўзаро қиёсланган. Жами ўн саккизта қўлёзма таҳлил қилиниб, улар асосида муаллиф матнига энг яқин ҳисобланган танқидий матн қайта тикланган.
Манбашунослик нуқтаи назаридан бундай ёндашув халқаро академик амалиётда энг ишончли усуллардан бири ҳисобланади. Турли қўлёзмалардаги матний фарқларни солиштириш орқали асарнинг кейинги асрларда қандай таҳрирлангани, қайси маълумотлар қўшилган ёки ўзгарганини аниқлаш имкони пайдо бўлади.
Нашрнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, барча матний тафовутлар сатр ости изоҳларида келтирилган, тарихий шахслар, этнонимлар, топонимлар ва географик атамаларга оид кенг шарҳлар эса китобнинг изоҳлар қисмида жамланган. Бу жиҳат эса китобни кенг китобхонлар оммаси билан бир қаторда тарихчилар, шарқшунослар, этнологлар, географлар ва иқтисодий тарих тадқиқотчилари учун ҳам муҳим илмий манбага айлантиради.
Мутахассисларнинг фикрича, араб ва форс тилидаги қўлёзмаларни бир вақтнинг ўзида қамраб олган бундай кенг қамровли манбашунослик тадқиқотлари миллий академик муҳитда нисбатан кам учрайди. Шу жиҳатдан мазкур нашр нафақат бир қадимий асарнинг таржимаси, балки Ўзбекистонда манбашунослик мактабини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим илмий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Бугун жаҳонда маданий меросни рақамлаштириш, қўлёзмаларни сақлаш ва уларни халқаро илмий муомалага киритиш долзарб вазифага айланган. Истахрийнинг "Китоб ал-масолик вал-мамолик" асари ҳам ана шу глобал жараённинг бир қисми сифатида Марказий Осиёнинг цивилизациялар тарихидаги ўрнини янада чуқурроқ англашга хизмат қилувчи муҳим илмий манба сифатида эътироф этилмоқда.
Тадқиқот натижаларидан кўринадики, минг йил аввал Мовароуннаҳр бўйлаб сафар қилган муаллифнинг кузатувлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, улар тарихчиларга ўтмишни қайта тиклаш, географларга қадимги ҳудудларни аниқлаш, маданиятшуносларга эса халқлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни тадқиқ этишда ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, "Китоб ал-масолик вал-мамолик" фақат тарихий ёдгорлик эмас, балки Марказий Осиёнинг Биринчи Ренессанс даврини илмий асосда англашга хизмат қилаётган долзарб академик манба сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Дурдона Расулова
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати