Маълумки, имомлик шарафли вазифа бўлиб, бундай улуғ ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, хулафои рошидинлар ва табаррук зотлар адо этишган. Бу вазифани чиройли амалга оширган ва бу йўлда қунт билан ҳаракат қилган кишилар катта ажрларга эга бўлади. Баъзи саҳобаи киромлар имомликдаги фазилатни билганлари учун Муҳаммад алайҳиссаломга: “Мени қавмимнинг имоми қилиб тайинланг”, деб айтганлар (Имом Абу Довуд).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ҳам имомлик шарафли вазифа экани ҳақида айтилади. Жумладан, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч киши қиёмат куни қўрқувга тушмайдилар, ҳисоб-китоб қилинмайдилар, Аллоҳ бандаларни ҳисоб қилиб бўлгунча улар мушкли тепаликда бўладилар: Аллоҳнинг розилигини истаб Қуръон ўқиган ва у билан бир қавмга имом бўлган ҳамда улар ундан рози бўлган киши; Аллоҳ розилиги учун беш вақт намозга чақирган киши; ўзи ва Рабби ўртасидаги муносабатни жойига қўйган, ўзи ва хожалари муносабатини яхши қилган қул”, деб айтдилар”.
Айни пайтда унутмаслик керакки, имом-хатиблик ниҳоятда масъулиятли ишдир. Бинобарин, бу вазифадаги киши аввало Аллоҳ таоло, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номидан сўзлашини доимо ҳис этиши керак.
Имом-хатиб инсонларга панду насиҳат қилиб, уларни ҳидоятга бошлайди ва уларга тўғри йўлдан оғишмай, собитқадам юришларида кўмакчи бўлади. Динга хизмат қилиш фазилати ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللَّهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ
“Эй имон келтирганлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).
Имом-хатиблик вазифасида турганлар одамларни яхши амалларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар. Бунда, аввало, ўзлари бошқаларга ўрнак бўлишлари лозим. Сўз билан амални жам қилган имом, солиҳ бандалардан ҳисобланади.
Имом-хатиблар нафақат ибодатда, балки бошқа хайрли ишларда ҳам кишилар эргашадиган ва ўрнак оладиган шахс бўлиши лозим. Зеро, бошқаларга раҳбарлик қиладиган, уларни яхшиликка буюрадиган ва одоб-ахлоққа чорлайдиган шахс, аввало, ўзи ана шу юксак хулқлар билан зийнатланган бўлиши керак.
Ҳар бир имом-хатиб минбарга чиқиб, Қуръони каримдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан ва уламоларнинг ҳикматли сўзларидан насиҳат қилар экан, биринчи галда ўзи ҳар бир айтаётган сўзига эътибор бериши, амал қилиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтганига ўзи амал қилмайдиганларни ояти каримасида бундай итоб қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ كَبُرَ مَقْتاً عِندَ اللَّهِ أَن تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ
“Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир” (Саф, 2-3).
Имом-хатиблар масалаларни китобларда қандай келтирилган бўлса, одамларга шундай етказиши керак. Чунки, инсонлар уч тоифага бўлинади: оми, олим ва толиб. Имом-хатиб мана шу уч тоифа одамнинг ҳар бирига мос равишда мавъиза қила билиши лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизда исломий-диний ташкилотларнинг ягона бошқарув органи бўлиб, мўмин-мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Мана шу нарсани доимо ёдда сақлаш лозим. Имом-хатиблар мўмин-мусулмонлар иттифоқлиги, эътиқодий бирдамлигига раҳна соладиган ёки фитна келтириб чиқарадиган нарсалардан ўзларини эҳтиёт қилишлари зарур. Жамиятда юзага келадиган ихтилофли масалаларда диний идора билан маслаҳатлашган ҳолда жавоб бериш мақсадга мувофиқдир.
Бугун шиддат билан ўзгараётган ҳаёт талаблари борган сари ортиб, қатъийлашиб бормоқда. Мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи олдимизга янги-янги, кутилмаган масалаларни қўймоқда. Бу шиддат эса имом-домлаларни сергакликка, ўз устида тинимсиз ишлашга ундайди. Шунингдек, халқимиз билан мулоқотга киришиш ва уларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, муаммоларига ечим топишда астойдил ғайрат қилиш мажбурияти ҳам давримизнинг талабидир.
2017 йил Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар ҳаётида улкан тарихий воқеа содир бўлди. У ҳам бўлса, муҳтарам Президентимиз уламолар ва имом-хатибларни пойтахтимизда жамулжам қилиб, қалбларининг тўридаги самимий гапларни айтиб, дин пешволари олдида турган муҳим вазифаларни баён қилиб бердилар. Ўз навбатида уламолар ва имом-хатиблар Давлатимиз раҳбарининг бундай эътиборидан руҳланиб, янада куч-ғайрат ва шижоат билан ишлашга аҳд қилдилар.
Бугун хонадонларда, кўча-кўйда ёки таълим масканларида бўладими, қаерда бўлмасин, барчамизнинг келажагимиз бўлган ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, фарзандларни тўғри йўлдан чалғитадиган турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни ҳеч қачон унутмайлик. Бу борадаги бепарволик эл-юртимиз олдида, тарих ва келажак олдида хиёнат эканини англайдиган вақт келди. Бугун фаол изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган, фидоийлик ва ватанпарварлик ҳисси бўлмаган имом-хатиб ҳамда ўз ишига лоқайдлик ва бепарволик билан ёндашадиган диний ходим учун орамизда ўрин йўқ. Шунинг учун ҳам имомлар ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савияси ва дунёқарашини ошириб бориши зарур. Зеро, бугун имом-домлаларга “маърифат ва маънавият тарғиботчилари” дея қаралиб, хизматлари қадр топаётганини ҳар биримиз чуқур англашимиз, шунга муносиб бўлмоғимиз лозим.
Жамиятимизда иллат бўлиб турган жиноятчилик, эстремистик, ақидапараст оқимларга қўшилиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш каби салбий ҳолатларнинг фожиавий оқибатларини эл орасида юриб, кенг жамоатчиликка тушунтириш керак. Халқ билан мулоқот қилсак, албатта уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Муҳтарам имом-хатиблар, халқимизнинг имон-эътиқоди бутунлиги тараққиёт гаровидир. Айниқса, ҳозир бунинг аҳамияти жуда ҳам катта. Чунки ҳозирги замон, аввало, ҳамжиҳатликни, ўзаро аҳилликни талаб этмоқда. Халқимизни имон-эътиқод, адлу инсоф, меҳр-оқибатга ва эл-юрт фаровонлиги йўлида ҳалол меҳнат қилишга даъват этиш, ҳукуматимиз олиб бораётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Юқорида баён этилган ишларда барча имом-домлаларга Аллоҳ таборака ва таолонинг Ўзи мададкор бўлишини сўрайман.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.
Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.
Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.
Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини иймон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) деганлар.
Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.
Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.
Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради. "У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 5-оят).
Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”
Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).
Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тенг. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.
Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД