«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.
Идда муддатлари:
Аллоҳ таоло:
«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўл-са», деган (Бақара, 228).
Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, ери талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим.
Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар.
Аллоҳ таоло:
« Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам», деган. (Талоқ, 6)
Аллоҳ таоло:
«Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар», (Бақара, 234) деган.
Яьни, Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир.
Аллоҳ таоло:
«Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир», деган. (Талоқ, 6)
Бундан ташқари, идда ўтириш шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд. Фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар:
Аллоҳ таоло:
«Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар», деган. (Азҳоб, 49)
Эр-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса аёл идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Оилавий турмуш ҳурмати ҳам йўқ.
Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:
Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.
Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.
Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади.
Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар.
Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро У зот ҳар бир нарсага қодирдир.
Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли
ЎМИ матбуот хизмати
Тошкент шаҳридаги «Ғафур Ғулом» номидаги истироҳат боғида юртимизда соф исломий маърифатни ёйишда беқиёс ўринга эга бўлган «Hilol-Nashr» матбаа-нашриёти ташкил этилганининг 15 йиллигига бағишланган тантанали маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Файзли анжуманда таниқли уламолар, илм аҳли, зиёлилар ҳамда кўп сонли китобхонлар иштирок этиб, нашриётнинг босиб ўтган шарафли йўли ва улкан муваффақиятлари ёдга олинди.
Рақамларда акс этган маърифат нури:
13 миллиондан зиёд ададда диний-маърифий ва илмий китоблар чоп этилиб, халқимиз хонадонларига етказилди;
800 дан ортиқ номдаги сара асарлар 50 дан зиёд муаллифлар билан ҳамкорликда нашр юзини кўрди;
Мусҳафи шариф нашри: 2018 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Қуръони Каримни юқори сифатда чоп этиш йўлга қўйилиб, бугунгача 7 хил шаклда 500 мингдан ортиқ нусхада мўмин-мусулмонларга туҳфа этилди;
Замонавий технологиялар: «Hilol eBook» электрон тизими орқали 600 дан зиёд электрон ва аудиокитоблар ўқувчилар ихтиёрига берилди.
Тадбирда сўзга чиққан устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ домла, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, профессор Шерзодхон Қудратхўжа, устоз Муҳаммад Айюбхон Косоний ҳамда устоз Аброр Мухтор Алий нашриёт асосчиси — фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг бой илмий меросига юксак баҳо бердилар.
Сўзга чиққанлар Шайх ҳазратнинг асарлари халқимиз маънавий ҳаётида, соф ақидани мустаҳкамлаш ва ихтилофларнинг олдини олишда мустаҳкам қалқон бўлганини, чоп этилган 13 миллион китоб миллионлаб қалбларга ҳидоят нурини олиб кирганини алоҳида эътироф этдилар.
Анжуман доирасида нашриёт тарихи ва шайх ҳазратларининг ибратли ҳаётига бағишланган «Бадр» ҳужжатли фильмининг илк лавҳалари намойиш этилди. Шунингдек, алломанинг ҳали чоп этилмаган қўлёзмалари устида илмий ишлар давом этаётгани ва улар ҳам босқичма-босқич халқимизга тақдим этилиши хушхабар қилинди.
Тадбир китобхонлар ўртасидаги викториналар, эсдалик совғалари ва энг муҳими — Қуръони Карим тиловати ҳамда юртимиз тинчлиги, халқимиз маънавий юксалишини сўраб қилинган хайрли дуолар билан якунланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати