Tўлиқ исми: Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулузза ибн Каъб ибн Луай ибн Фиҳр бўлиб, тўртинчи бобоси Каъб ибн Луайда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан туташади.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласининг Бану Адий уруғидан. Жоҳилият даврида қабиланинг элчиликка масъул кишиси бўлган.
Фил йилидан ўн уч йил ўтиб туғилган. Набий соллалоҳу алайҳи ва салламга нубувват келганида йигирма етти ёшда бўлган ва нубувватнинг олтинчи йили Исломни қабул қилган. Мўминлар амири бўлганида эллик икки ёшда эди. Унинг амирлик даври ўн йилу олти ою тўрт кун давом этган. Олтмиш икки ёшида вафот этган. Отаси Хаттоб Қурайш бошлиқларидан, онаси Ҳамна бинти Ҳошим эди. Аммасининг ўғли Валид ибн Муғира Холид ибн Валиднинг отаси бўлган.
Болалари: ўғли Абдуллоҳ ибн Умар Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг феълларига энг кўп эргашган саҳобалардан. Қизи Ҳафса Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг завжасидир. Умар розияллоҳу анҳунинг Фотима ва Осим исмли фарзандлари ҳам бўлган. Қолган уч фарзандини Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳга энг ёқимли исм “Абдуллоҳ” ва “Абдураҳмон”дир», деган ҳадисларини эшитгач, битта ном билан атаган: “Катта Абдураҳмон”, “Ўртанча Абдураҳмон” ҳамда “Кичик Абдураҳмон”.
Лақаблари: учта лақаби бўлиб, иккитасини Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам қўйганлар. Биринчиси: “Абу Ҳафс” шернинг боласи деган маънони англатади.
“Абу Ҳафс” деб қизи Ҳафсага нисбатан айтилган деган фикр ҳам бор. Иккинчи лақаби “Форуқ”. Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Сен Форуқсан, яъни: Аллоҳ сен орқали ҳақ билан ботилнинг орасини ажратади”, дея марҳамат қилганлар. Учинчи лақаби эса “мўминлар амири”дир.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу баланд бўйли бўлганидан, келаётганини кўрган одам уни отлиқ деб ўйларди. Мушаклари бақувват, мўйлови энли, ўзи оқ-сариқдан келган, чиройли юзли киши бўлган. Юрганида тез, шахдам-шахдам қадам ташларди. Ўктам овозда гапирар, хаёл билан турган одам товушидан қўрқиб кетиши мумкин эди. Бу унинг одамлар орасидаги ҳайбатидан дарак беради.
Исломни қабул қилишидан илгари Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан қувватла!”, деб дуо қилганлар.
* * *
Мусулмонлар сафи кенгайиб бораётганини кузатиб турган Умар (Исломни қабул қилмасидан илгари) Набий соллалоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қарор қилади. Макка кўчаларидан қиличини яланғочлаганича Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг уйлари томон юра бошлайди. Уни саҳобалардан бири кўриб қолиб: “Йўл бўлсин, эй Умар”, деб сўрайди. Умар: “Муҳаммаднинг олдига, уни ўлдираман ва Қурайшни ундан қутқараман”, дейди. Саҳоба Набий соллалоҳу алайҳи ва салламга зарар етиб қолишидан чўчиб: “Бани Абдулмуталлиб бунга йўл қўяди деб ўйлайсанми?” дейди. Бу гапни эшитган Умар: “Қарасам, сен ҳам Муҳаммадга эргашганга ўхшайсан, диндан чиқибсан”, деб таҳдид қилади. Саҳоба: “Йўғ-е, бундай эмас. Лекин, эй Умар, олдин ўзингнинг этагингни йиғиштир, Муҳаммаднинг ҳузурига боришдан олдин синглинг ва куёвингни тарбиялаб ол. Улар Муҳаммадга эргашиб кетишган”, дейди. Бу гапдан Умарнинг тепа сочи тикка бўлади ва синглисининг уйига йўл олади. Саҳоба эса тезда Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, у кишини вазиятдан огоҳлантиради.
Умар синглисининг уйида куёви Саидни ушлаб олиб: “Динингдан қайтиб, Муҳаммадга эргашибсан, шундайми?” деб дўқ уради. Саид: “Тўғри йўл сенинг динингдан бошқа динда бўлса-чи?” деб эътироз билдиргани заҳоти кучли зарба ейди. Умар Саиднинг устига ташланиб, аёвсиз ура бошлайди. Юзига ураётган вақтида Фотима бинти Хаттоб келиб қолади ва Умарни эридан нари қилишга уринади. Фотима акасига: “Акажон, тўғри йўл сенинг динингдан бошқа динда бўлса, нима дейсан?!” дейди дадиллик билан. Натижада бир тарсаки ейди. Шу пайтда бехосдан қўлидаги варақ тушиб кетади. Буни кўрган Умар: “Уни менга узат-чи!” дейди буйруқ оҳангида. Синглиси: “Сен нопоксан, бунда эса Аллоҳнинг каломи бор, уни фақат пок кишиларгина ушлайди, бориб ювиниб кел”, дейди. Умар ювиниб келгач, қоғозни ўқий бошлайди. Бу Тоҳо сураси эди: «То, ҳо. (Эй Муҳаммад!) Биз Сизга бу Қуръонни (дин ишида) машаққат чекишингиз учун эмас, балки (Аллоҳдан) қўрқадиган кишилар учун эслатма сифатида нозил қилдик. (У) Ерни ва юксак осмонларни яратган зот (Аллоҳ томони)дан нозил қилингандир. (У) Арш узра “муставий” бўлмиш Раҳмондир. Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда замин остидаги бор нарса Уникидир. Агар (Сиз) ошкора гапирсангиз ҳам (ёки хуфиёна гапирсангиз ҳам), албатта, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг “Асмои Ҳусно”си (гўзал исмлари) бордир» (Тоҳо, 1–8). Шундан сўнг Умар: “Бу сўзни фақат оламларнинг Раббиси айта олади. Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ. Мени Муҳаммаднинг ҳузурига олиб боринглар”, дейди. Хабоб ибн Арат унинг олдига чиқиб: “У зот соллалоҳу алайҳи ва саллам Арқам ибн Абу Арқамнинг хонадонидадир. Мен сенда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳим, Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан қувватла!”, дея қилган дуоларининг ижобатини кўряпман”, дейди. Умар ибн Хаттоб бу гапдан хурсанд бўлиб кетди ва Арқамнинг уйига бориб эшик қоқади. Умар ичкарига киргач, Пайғамбаримизнинг тиззаларига ўзини ташлайди. Шунда Расулуллоҳ(соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Энди имон келтирасанми, эй Умар”, дейдилар. Умар ибн Хаттоб: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман”, дея шаҳодат калимасини айтади.
* * *
Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам унга жаннат башоратини берганлар. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Набий соллалоҳу алайҳи ва салламни масжиддан изладим. Тополмагач, у зотнинг қаердаликларини сўрадим. Менга ҳозиргина чиқиб кетганларини айтишди. Арис қудуғига етганимда, у зот оёқларини қудуққа солиб ўтирган эканлар. Эшикбон бўлиб туришни мақсад қилдим. Шу пайт Абу Бакр келди. Унга: “Бугун мен эшикбонман. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) рухсат бермагунларича ичкарига кирмайсан”, деб айтдим. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳайрон бўлди ва рухсатни кутиб турди.
Сўнг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бориб: “Эй Аллоҳнинг расули, Абу Бакр сиздан киришга изн сўраяпти”, деб айтдим. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам унинг келганидан хурсанд бўлиб, табассум қилдилар ва: “Киришига рухсат бер ва унга жаннат башоратини ҳам бер”, дея марҳамат қилдилар. Айтганларидай қилдим. Абу Бакр ичкарига кириб, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига ўтирди ва у ҳам оёқларини қудуққа солиб олди. Шу вақт ҳазрат Умар келиб қолди. Энди ичкарига кирмоқчи бўлганида “Бугун мен эшикбонман, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам рухсат бермагунларича ичкарига кириш йўқ”, деб айтдим. Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам унга ҳам ижозат бериб, жаннат хабарини айтдилар».
* * *
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари орасида ўтирганларида: “Абу Бакр қандай ҳам яхши инсон, Умар қандай ҳам яхши инсон”, дея марҳамат қилдилар. Бошқа бир куни Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирибоқ: “Абу Бакр қаерда? Олдимга келсин. Умар қаерда? Олдимга келсин”, деб айтдилар. Олдиларига келганларида эса, иккисининг ҳам қўлидан тутиб: “Қиёмат кунида худди шундай қайта тириламиз”, дедилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бундай ҳикоя қилади: «Қиёмат куни Ислом одам суратида келади. Сўнг одамларга бирма-бир қараб: “Эй Раббим, мана бу менга ёрдам берди, мана бу мени хор қилди”, деб айтади. Сўнгра Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қараб унинг қўлидан тутади ва: “Эй Раббим, мана шу киши Исломни қабул қилгунига қадар мен ғариб эдим”, дейди». Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Тушимда жаннатда эканим кўрсатилди. У ерда катта қаср кўрдим. Шунда мен: “Бу қаср кимники?” деб сўрадим. Менга: “Бу қурайшлик кишининг қасри”, дейилди. “Меникими?” деб сўрадим. “Йўқ, бу Умар ибн Хаттобнинг қасридир”, дейишди».
Яна бир ҳадисда Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Тушимда жаннатда эканим кўрсатилди. У ерда улкан қасрни кўрдим. Қаср олдида бир аёл таҳорат олаётган эди. Ҳалиги аёлдан: “Бу қаср кимники?” деб сўрадим. У: “Умар ибн Хаттобники” деб жавоб берди. “Шунда Умарнинг рашкини эслаб, у ерга кирмай кетдим”, дедилар. Бу гапни эшитган ҳазрат Умар йиғлаганича: “Мен сиздан рашк қилармидим, эй Аллоҳнинг Расули?!” деди».
* * *
Қурайш аёллари Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламдан динни ўрганишаётган эди. Гаплашаётган вақтларида товушларини Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан юқори кўтариб юборишди. Шу пайт ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу эшик тақиллатиб қолди. Унинг овозини эшитгач, аёлларнинг дами ичига тушиб, қўрқиб кетишди. Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам эса кулиб юбордилар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ичкарига кирганида унга: “Биласанми, Умар, анави аёллар менинг ҳузуримда гаплашиб ўтириб, овозларини меникидан баланд кўтараётган эдилар. Сен келишинг билан жим бўлиб қолдилар, нафаслари ичига тушиб кетди”, дедилар. Шунда Умар: “Эй Аллоҳнинг расули, қўрқишларига Сиз ҳақлироқсиз”, деди ва аёлларга қарата: “Эй ўз жонининг душманлари, мендан қўрқасизлар-у, Аллоҳнинг расулидан қўрқмайсизларми?!” деди. Аёллар унга жавобан: “Ахир сен қўполсан-да”, дедилар. Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) кулиб юбордилар ва: “Эй Умар, агар шайтон сенга йўлда дуч келиб қолса, ўзига бошқа йўл топиб кетади”, дедилар.
* * *
Бир ривоятга кўра, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Тушимда мен тарозининг бир палласига, умматим эса иккинчи палласига қўйилди. Мен оғир келдим. Сўнгра Абу Бакр бир паллага ва уммат бир паллага қўйилди. Абу Бакр оғир келди. Сўнг Умар бир паллага ва уммат иккинчи паллага қўйилганди, Умар оғир келди”, дея марҳамат қилганлар.
* * *
“Нима учун тиланчилик қиляпсан?” дея сўради йўлда гадойчилик қилиб ўтирган бир яҳудийдан ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу кунларнинг бирида. Ҳалиги яҳудий: “Жизя тўлаш учун мол йиғяпман”, деб жавоб қилди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Биз сендан ёшлигингда жизя олиб, энди қариб-кексайиб қолганингда тиланчилик қилишга ташлаб қўйибмиз-ку! Йўқ, Аллоҳ ҳаққи, сенга албатта нафақа берамиз”, деди ва қарияга бундан олдин тиланчиликдан тушган нарсаларни эгаларига қайтаришини буюрди ва ўша ондан бошлаб барча Ислом ўлкаларига у ерда яшайдиган барча яҳудий ва насороларнинг қария ва ногиронлари, болалари ва аёлларига моддий ёрдам берилсин, деб амр қилди.
* * *
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу тунлари Мадина кўчаларини айланиб юришга одатланган эди. Ана шундай сайрларнинг бирида гўдак йиғисини эшитиб қолиб, яқинлашди ва ичкаридан эркак кишининг: “Болага нима бўлди? Аллоҳ ҳаққи, уни эмизгин!” дегани ва аёл кишининг: “Бориб болага егулик олиб келинг”, деб жавоб қайтарганини эшитиб қолди. Умар (розияллоҳу анҳу) яна бир кеча уларнинг эшиги олдидан ўтди. Ичкаридан яна эркак кишининг: “Аллоҳ ҳаққи, болани эмизсанг-чи”, деган танбеҳи эшитилди. Умар (розияллоҳу анҳу) учинчи кеча ана шу уйнинг олдида тунаб қолди ва эрнинг ғазаб аралаш: “Сенга ўхшаган онани ҳеч ҳам кўрган эмасман, нима бўлди ўзи?” деб сўрагани, аёлнинг: “Мени тинч қўйинг, Умар ибн Хаттоб фақат кўкракдан ажраган болалар учун маош тўлайди, менинг болам эса эмади”, деганини эшитди. Бу гапдан сўнг ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) йиғлаб юборди. Кўп йиғлаганидан бомдодда имомликка ўтиб беролмади. Бу ҳолга тушунмай турган мусулмонлар намоздан сўнг шавкатли амирнинг: “Эй Умар, Қиёмат кунида шўринг қурийдиган бўлди. Қанчадан-қанча болаларнинг ҳақига зомин бўлдинг”, дея ўзини маломат қилганини эшитишди. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу: “Эй одамлар, Аллоҳ ҳаққи, бугундан бошлаб, болаларингизни сутдан ажратманг. Қиёмат кунида улар туфайли сўроққа тутилмаслигим учун Исломда туғилган ҳар бир гўдакка маош тайин қиламан”, деди.
* * *
Бир куни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Эй одамлар, агар бошим билан дунёга шўнғиб кетсам нима қиласизлар?” деб сўради. Ҳеч ким бирор сўз айтмади. У бу саволини уч марта қайтарди. Шунда одамлар орасидан бир киши туриб: “Агар бошинг билан дунёга шўнғийдиган бўлсанг, сен билан қиличимиз билан тўғрилаб қўямиз!” деди. Шунда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Муҳаммад умматидан Умарни тўғрилаб қўядиган кишини пайдо қилган Зотга ҳамду сано бўлсин”, дея Аллоҳга ҳамд айтди.
* * *
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан мағлубиятга учраган Ҳирақл мусулмонлар амири билан учрашиш учун элчи жўнатади. Элчи Мадина кўчаларидан юриб, мўминлар амирининг қасрини қидира бошлайди. Бир кишидан сўраганида: “Мана шу йўлдан борсанг, уни учратасан”, деган жавобни олади. Йўлда эканида унга бошқа бир киши: “Дарахт тагида ухлаб ётган кишини кўряпсанми, ана ўша мўминларнинг амиридир”, дейди. Шунда элчи бошининг тагига оёқ кийимини қўйиб, терга ботиб ухлаб ётган Умарни кўради ва: “Адолатли ҳукм суриб, хотиржам ухладинг. Биз эса подшоҳлик қуриб, зулм қилдик ва қўрқиб бедор бўлдик. Эй мусулмонлар, шу сабаб бизнинг устимиздан ғолиб бўлдинглар”, деди.
Юлдуз КОМИЛОВА
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналидан
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
КИРИШ
Сиз ҳар тонгда уйқудан уйғонибоқ телефонингизни қидирасизми?
Агар шундай бўлса, сиз кенг тарқалаётган хавфли касаллик қаршисида турибсиз. Бу касаллик – номофобия деб аталади.
Номофобия – инглизча “no mobile-phone-phobia” – телефонсизликдан қўрқиш. Мобил телефонсиз ёки ундан узоқда қолишдан қўрқиш (фобия) ҳисобланади.
МАВЗУНИНГ ДОЛЗАРБЛИГИ
Психологлар номофобияни гиёҳвандлик ёки спиртли ичимликларга қарамлик билан тенг деб баҳолашмоқда.
Бугун дунё бўйича 7,2 миллиарддан ортиқ одам ўз мобил телефонига эга. Бу дунё аҳолисининг 91 фоизини ташкил қилишини ҳисобга олсак, бу касалликка чалиниш сони юқори эканини англаш мумкин.
ХХI аср эпидемияси дея таърифланувчи номофобия яъни телефонга қарамлик касаллиги ҳозирда кўпроқ ёш болалар ва ўсмирларда учрамоқда. Уларда асабийлик, ўжарлик, хотиранинг пасайиши, умуртқа поғонаси, бўйин билан боғлиқ турли хасталикларнинг ривожланиши кўпаймоқда.
Аслида гаджетлар болаларнинг севимли “ўйинчоғи”га айланишига айрим ота-оналарнинг ўзи сабабчи бўлмоқда. Зеро, бу – хархаша, инжиқликлардан халос бўлишнинг осон йўли. Оналар ўз телефонларини болага тутқазадилар ва бемалол бошқа ишлар билан машғул бўлиш мумкин.
Мутахассислар болаларнинг ютуб орқали мультфильмлар томоша қилиши уларнинг ақлий ривожланишига хизмат қилмаслигини, балки боланинг асаб тизими, уйқусизлик, хотиранинг пасайиши каби ҳолатларга сабаб бўлишини айтишади.
Психологлардан бири айтади: “Қабулимга жуда кўп ота-оналар болаларини олиб келишади: уларда дарсларни ўзлаштиришда орқада қолиш, ўртоқлари билан чиқиша олмаслик, бутун дунёдан, воқеликдан узилиш кузатилади.
Энг ачинарлиси, ота-она телефондан фойдаланишни тақиқласа, уларга қўл кўтаришгача бораётган болалар бор. Шунинг учун 15 ёшгача болаларга телефон, гаджетлар олиб бермаслик лозим”.
Телефонга муккасидан кетишнинг инсон саломатлигига бошқа яна кўплаб салбий таъсирлари ҳақида қатор илмий тадқиқотлар, аниқ факт ва далиллар мавжуд. Қуйида сизга уларнинг айримларидан мисолларни тақдим этаман:
КЎЗГА ТАЪСИРИ
Телефон экранларидан узоқ муддат фойдаланиш – кўриш муаммоларини келтириб чиқаради. Чунки аксарият ҳолларда болалар телефон экранига яқин масофадан тикилиб ўйин ўйнайди, видео кўради. Бунда улар мижжа қоқишни унутади ва натижада кўз зўриқишни бошлайди. Бу эса кўз олмасининг ўсиб кетиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, узоқни яхши кўра олмаслик (миопия), ғилайлик, кўзнинг сурункали ёшланиши ёки қизариши, кўз қуриб қолиш синдроми каби муаммоларга олиб келади.
Кўз касалликлари бўйича мутахассис доктор Малик Холид айтади: “Ҳар куни қоронғи хонада ярим соат телефон ишлатган одамнинг кўзларида рак касаллиги келиб чиқиши кузатиляпти. Кўз қизариб пардани ўраб олади, у пардани олиб ташлаш имконсизлиги учун бу дард давосиз қолмоқда”.
РАДИАЦИЯ ТАЪСИРИ
Телефонлардан чиқувчи радио сигналларнинг салбий таъсири кичик ёшдаги болалар учун янада кучлироқ бўлиб, бу уларда кейинчалик иммунитетнинг пасайиши, асаб тизимида муаммолар пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Айниқса, бош мия тўқималари зарарланади. Айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, унинг зарари бирданига эмас, балки орадан 15-20 йил ўтгачгина намоён бўлади. Шу сабабли улар яқин келажакда бош мия ўсмаси билан хасталанган ёшлар сони кескин ошиб кетади, деб ҳисоблашмоқда. Негаки, ҳар куни атиги 15 дақиқа мобил телефонда гаплашишнинг ўзи мияда саратон ўсмаси ҳосил бўлиши учун етарлидир.
Халқаро саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) телефонлардан чиқувчи радиацияни “таҳдидли” деб эълон қилган ҳамда телефондан ортиқча фойдаланиш мия ракини ва бошқа хасталикларнинг хавфини ошириши мумкинлигини аниқлашган.
ДИҚҚАТНИ ЖАМЛАЙ ОЛИШГА, ЭЪТИБОРНИНГ ПАСАЙИШИГА САБАБ БЎЛАДИ
АҚШ Педиатрия Академияси (AAP) тадқиқотчилари, телефон ёш болаларнинг психик ривожланиш босқичини кескин ўзгартириб юбориши, диққатни жамлай олиш қобилияти бузилиши, турли психологик оғишлар юз бериши, ҳатто порнографик қарамлик келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирадилар.
УЙҚУСИЗЛИК, УЙҚУ ТИЗИМИНИНГ БУЗИЛИШИ
Телефон экранидаги ёруғлик мияга турли сигналлар юборади, натижада миянинг уйқуга кириши қийинлашади.
Harvard Medical Schoolда олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, кеч бўлганда телефондан фойдаланиш уйқуни бузади ва инсонларнинг кун давомидаги фаоллигини пасайтиради.
СТРЕСС ВА ДЕПРЕССИЯ
Телефондан ортиқча фойдаланиш, айниқса ижтимоий тармоқларга кўп вақт сарфлаш, стресс ва депрессияни оширади.
Буюк Британия UnHerd сайтининг “Ижтимоий тармоқлардан воз кечиш инсоннинг руҳий саломатлигини яхшилайди” номли эълон қилган мақолада бундай дейилади:
“Бугун ижтимоий тармоқларда қандай маълумотларни кўрганингизни эслашга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, сиз ҳеч нарсани эслай олмайсиз. Буни ижтимоий тармоқлар қисқа ва узоқ муддатли хотирани ёмонлаштириши ҳақидаги илмий тадқиқотлар ҳам тасдиқлайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ижтимоий тармоқлардан воз кечиш туфайли инсоннинг руҳий саломатлиги яхшиланади” (https://unherd.com/2025/08/were-trapped-in-big-techs-mind-maze/).
ЕЧИМ:
Эҳтимол ёшларни бу касалликдан сақлаш учун мактабларни телефондан фойдаланишни қатъий тақиқлаш лозимдир. Зеро, бир қанча давлатларда мактабларда мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган. Масалан, Франция, Финландия, Хитой, Италия ва Португалия каби давлатларда телефондан фойдаланиш тақиқланади.
Хитойда ўқувчилар мактабга телефон олиб боришса ҳам, дарс бошланишидан олдин уни ўқитувчига топширишади.
Франция эса боғча, бошланғич ва ўрта мактабларда смартфонлардан фойдаланишни қонунан тақиқланган. Яна бир маълумот: Яқинда Франциянинг бир ҳудудида тажриба тариқасида нафақат мактабларда, балки жамоат жойларида телефондан фойдаланиш тақиқланди.
ДАВО:
Аллоҳ таоло нимаики дард берган бўлса, унинг давосини ҳам бериб қўйган. Жумладан, ижтимоий тармоққа қарамликнинг давоси ҳам бор. Ҳар қандай дарднинг асосий муолажаси парҳез бўлганидек, интернет қарамлик дардининг муолажаси ҳам “парҳез”дир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бекорчи нарсаларни тарк қилиш, киши Исломининг гўзаллигидандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф киши нафсини тарбиялаш ва унга одоб бериш ҳамда нафсни турли камчилик ва нуқсонлардан сақлашда улкан асос бўлиб хизмат қилади.
Бир маслаҳат, дам олиш кунлари оилавий телефонни бир неча соатга ўчириб қўйиш одатини шакллантиринг. Ахир болалар катталардан ўрнак олишади. Аста-секин бу вақтни ошириб бориш мумкин.
ХУЛОСА
Демак, номофобия:
Жисмоний зарар – семизлик, уйқусизлик, кўзлар зарарланиши, юрак касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари кўпайишига олиб келади.
Ижтимоий зарар – бундай одамлар юзма-юз муносабатлардан қочишади, виртуал ҳаётда яшашади ва воқеликни қабул қилиш қийинлашади. Турли қимор ўйинларига берилиб кетиш, оилавий муносабатларга путур етказиш, ҳаётдан баҳра олишдан маҳрумлик келиб чиқади.
Психологик зарар – депрессияга тушиши, ўз жонига қасд қилиш, доимий қўрқув ва безовталик билан яшашга сабаб бўлади.
СЎНГГИ СЎЗ
Сўзимизни Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматли сўзлари билан якунлаймиз: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати – уни манфаатсиз ишга машғул қилиб қўйганидир”.
Шундай экан, ғанимат умрингизни бекорчи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан ўтказиб юборманг!
Даврон НУРМУҲАММАД