Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Апрел, 2026   |   26 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:44
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:24
Bismillah
15 Апрел, 2026, 26 Шаввол, 1447

Ғафлат уйқуси

24.08.2018   7731   4 min.
Ғафлат уйқуси

Инсоннинг келажак олдидаги энг катта бурчи – фарзанд тарбиясидир. Чунки жамиятнинг эртанги куни фарзандларимизга берган тарбиямизга боғлиқ. Бу шундай масъулиятки, бундан асло ғафлатда қолмаслик лозим.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи касбидандир. Албатта, фарзанди ҳам унинг касбидандир” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Фарзанд инсон касбининг маҳсули каби экан, ундан гўзал ҳосил олиш учун қандай кўчат парвариш қилингани ва қандай ерга экилганига яхши аҳамият бериш лозим. Токи “кўчат”нинг уруғи пучак бўлиб қолмасин. Кейин эса, “уруғ қадалгувчи ер”нинг покизасини танлаш лозим. Кўча-кўйда кўриниб, ташқи гўзаллиги ёқиб қолган аёлга уйланаверишлик фарзанднинг отаси зиммасидаги ҳақга хиёнатдир.

Ана ундан кейин хотин билан қўшилиш Аллоҳнинг зикрисиз бўлмаслиги керак. Доимий парвариш ҳалолликни талаб қилади. Фарзанд туғилгач шариатга мувофиқ чиройли исм қўйиш, фақат ҳалол парвариш қилиш, ақлини таний бошлагач имон калимасини, аста секин сураларни ёдлатиб, ўнг қўлида овқатланиш ва бошқа одобларни ўргатиш лозим.

“Нима эксанг, шуни ўрасан”, деганларидек, ота-она одоб-ахлоқда, аҳилликда ва тақвода умр ўтказсин, токи ўзидан етишиб чиққан мева яхши ҳосил берсин.

Собит Баноний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ривоят қилинишича бир киши отасини бир жойда ураётган эди. Ундан:

  • Бу нима иш? – деб сўрашди. Шунда ота айтди:
  • Уни тек қўйинглар. Мен ҳам шу жойда отамни урган эдим. Энди ўғлимдан қайтди. У мени шу жойда урмоқда. Бу ўшанинг жазоси. Уни маломат қилманглар!

Абу Лайс Самарқандий айтади: “Ким ота-онасига осийлик қилса, боласидан хурсандчилик кўрмайди”.

Одобларнинг энг яхшиси – чиройли ўрнак бўлиш. Бунда ота-онанинг тарбияли бўлиши муҳим. Лекин бу сўзлар бугунги кунларнинг армонлари бўлиб бораётир.

Интернет тармоқларида бир ибратли ҳикояга кўзим тушди. Унда ёзилишича бир ишбилармон тадбиркор одатига кўра ярим тунга яқин уйига келди. Уни кичкинтой ўғилчаси кутиб турар эди.

— Дадажон, сиздан бир нарсани сўрасам майлими? – деб сўради бола.

— Майли, – деди ота.

— Бир соатда қанча пул топасиз?

— Бу сенга нимага керак?

— Билгим келяпти-да.

— Борингки, юз минг сўм топарман, деди ота ўзича хомчўт қилиб.

Бола ҳам ўзича бир нарсаларни ҳисоб қилди ва:

— Ундай бўлса менга эллик минг сўм бериб туринг? – деди.

— Сен мендан пул олиш учун шундай муғомбирлик қиляпсанми?! Бор, хонангга кириб ухлаб, дамингни ол! – жаҳли чиқди отанинг.

Ноилож қолган бола индамасдан хонасига кириб кетди. Чарчаганидан асабийлашган ота бироздан кейин чарчоғи ёзилиб, сал ҳовридан тушди. Кейин ўзига-ўзи: “Ўз боламга шунчалик қаттиққўллик қилиб юбордим. Эҳтимол ўғлим шу эллик минг сўмга ростдан ҳам муҳтож бўлиб қолгандур. Ахир доим ҳам бунақа пул сўрайвермайди-ку” деб, аста ўғлининг хонаси томон юрди. Эшикни очиб сўради:

— Ўғлим, ухламадингми?

— Йўқ, ҳали.

— Кун бўйи ишлар билан овора бўлиб, чарчаган эдим. Турли одамлар билан мулоқотда бўлишга тўғри келади. Шунинг аламини сендан олиб хато қилибман. Мана сенга эллик минг.

Бола хурсанд бўлиб кетди:

— Раҳмат, дадажон! Мен Сизни яхши кўраман!

Сўнг ёстиғининг тагидан яна озгина майда пулларни олди-да, қўшиб санай бошлади. Отанинг яна жаҳли чиқди:

— Шунча пулинг бўлиб туриб яна сўрадингми?!

— Ҳа, дадажон! Бу пулларим етмаётган эди. Мана энди юз минг бўлди. Шу пулни сизга берай, мен учун бир соат ажратинг.

Бугун ғафлат уйқусидан уйғонмоқ керак. Инсон ўз оиласидаги фарзандига бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ. Қаҳрамон шоиримиз айтганларидек:

Марсга тўп отқувчи — сен,

Зуҳрони уйғотқучи — сен,

Уйқуда қотқучи — сен,

Уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.

 

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилди

13.04.2026   7653   2 min.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактабини ташкил этилди. Мазкур муҳим илмий-маърифий лойиҳа буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган «Темурийлар даври хаттотлик мероси — анъаналар давомийлиги» мавзусидаги семинарда эълон қилинди. 
 

Семинар ислом санъати, тарих ва филология соҳаларидаги етакчи мутахассисларни бирлаштириб, хаттотлик санъатининг маънавий ва маданий аҳамиятини кенг муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлди. 

-  Ҳаттотлик мактаби Ислом цивилизацияси марказида очиш ташаббуси 2025 йил 29 январида муҳтарам Президентимиз томонидан таклиф этилганди. Бир йил ўтгач, ушбу ташаббусни барча ҳалқаро ташқилотлар қўллаб-қувватлаб, Темурийлар тамаддунига бағишланган конференция доирасида бу лойиҳага старт берилди. Хаттотлик мактабининг ташкил этилиши мамлакатимизда маданий меросни асраш ва тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир, - деди Ф. Абдухолиқов тадбир иштирокчиларига қаратилган нутқида.


Қайд этилганидек, Темурийлар даврида хаттотлик санъати юксак тараққиёт чўққисига кўтарилиб, маданий юксалиш рамзига айланган. Олимлар тақдим этган маълумотларга кўра, Амир Темур марказлашган давлат барпо этгач, турли ўлкалардан энг моҳир хаттотларни пойтахтга жамлади. Сулс, настаълиқ ва куфий хат турлари ўзининг чўққисига чиқди. Қуръони Каримнинг "Бойсунқур" нусхаси каби улуғвор асарлар битилди.

Халқаро экспертлар ушбу ташаббусни юқори баҳоладилар. Жумладан, IRCICA бош директори Маҳмуд Эрол Қилич ислом хаттотлигининг жаҳон маданиятидаги ўрни, унинг юксак эстетик ва маънавий қиймати ҳақида фикр билдирди. Туркия Қўлёзма асарлар бошқармаси раиси Жўшқин Йилмаз Сулеймания кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзмалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг катта қисми Марказий Осиё тарихи билан боғлиқ эканини таъкидлади. Буюк Британиядаги Al-Furqan Islamic Heritage Foundation директори Сали Шахсувари эса Темурийлар даврини ҳақиқий маърифий ва маданий уйғониш даври сифатида баҳолади.

Таъкидланишича, Хаттотлик мактаби нафақат таълим муассасаси, балки илмий-тадқиқот ва маданий марказ сифатида фаолият юритади. Унинг доирасида мутахассислар тайёрлаш, қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган. 

t.me/islommarkazi 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилди