Инсоннинг келажак олдидаги энг катта бурчи – фарзанд тарбиясидир. Чунки жамиятнинг эртанги куни фарзандларимизга берган тарбиямизга боғлиқ. Бу шундай масъулиятки, бундан асло ғафлатда қолмаслик лозим.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи касбидандир. Албатта, фарзанди ҳам унинг касбидандир” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).
Фарзанд инсон касбининг маҳсули каби экан, ундан гўзал ҳосил олиш учун қандай кўчат парвариш қилингани ва қандай ерга экилганига яхши аҳамият бериш лозим. Токи “кўчат”нинг уруғи пучак бўлиб қолмасин. Кейин эса, “уруғ қадалгувчи ер”нинг покизасини танлаш лозим. Кўча-кўйда кўриниб, ташқи гўзаллиги ёқиб қолган аёлга уйланаверишлик фарзанднинг отаси зиммасидаги ҳақга хиёнатдир.
Ана ундан кейин хотин билан қўшилиш Аллоҳнинг зикрисиз бўлмаслиги керак. Доимий парвариш ҳалолликни талаб қилади. Фарзанд туғилгач шариатга мувофиқ чиройли исм қўйиш, фақат ҳалол парвариш қилиш, ақлини таний бошлагач имон калимасини, аста секин сураларни ёдлатиб, ўнг қўлида овқатланиш ва бошқа одобларни ўргатиш лозим.
“Нима эксанг, шуни ўрасан”, деганларидек, ота-она одоб-ахлоқда, аҳилликда ва тақвода умр ўтказсин, токи ўзидан етишиб чиққан мева яхши ҳосил берсин.
Собит Баноний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ривоят қилинишича бир киши отасини бир жойда ураётган эди. Ундан:
Абу Лайс Самарқандий айтади: “Ким ота-онасига осийлик қилса, боласидан хурсандчилик кўрмайди”.
Одобларнинг энг яхшиси – чиройли ўрнак бўлиш. Бунда ота-онанинг тарбияли бўлиши муҳим. Лекин бу сўзлар бугунги кунларнинг армонлари бўлиб бораётир.
Интернет тармоқларида бир ибратли ҳикояга кўзим тушди. Унда ёзилишича бир ишбилармон тадбиркор одатига кўра ярим тунга яқин уйига келди. Уни кичкинтой ўғилчаси кутиб турар эди.
— Дадажон, сиздан бир нарсани сўрасам майлими? – деб сўради бола.
— Майли, – деди ота.
— Бир соатда қанча пул топасиз?
— Бу сенга нимага керак?
— Билгим келяпти-да.
— Борингки, юз минг сўм топарман, деди ота ўзича хомчўт қилиб.
Бола ҳам ўзича бир нарсаларни ҳисоб қилди ва:
— Ундай бўлса менга эллик минг сўм бериб туринг? – деди.
— Сен мендан пул олиш учун шундай муғомбирлик қиляпсанми?! Бор, хонангга кириб ухлаб, дамингни ол! – жаҳли чиқди отанинг.
Ноилож қолган бола индамасдан хонасига кириб кетди. Чарчаганидан асабийлашган ота бироздан кейин чарчоғи ёзилиб, сал ҳовридан тушди. Кейин ўзига-ўзи: “Ўз боламга шунчалик қаттиққўллик қилиб юбордим. Эҳтимол ўғлим шу эллик минг сўмга ростдан ҳам муҳтож бўлиб қолгандур. Ахир доим ҳам бунақа пул сўрайвермайди-ку” деб, аста ўғлининг хонаси томон юрди. Эшикни очиб сўради:
— Ўғлим, ухламадингми?
— Йўқ, ҳали.
— Кун бўйи ишлар билан овора бўлиб, чарчаган эдим. Турли одамлар билан мулоқотда бўлишга тўғри келади. Шунинг аламини сендан олиб хато қилибман. Мана сенга эллик минг.
Бола хурсанд бўлиб кетди:
— Раҳмат, дадажон! Мен Сизни яхши кўраман!
Сўнг ёстиғининг тагидан яна озгина майда пулларни олди-да, қўшиб санай бошлади. Отанинг яна жаҳли чиқди:
— Шунча пулинг бўлиб туриб яна сўрадингми?!
— Ҳа, дадажон! Бу пулларим етмаётган эди. Мана энди юз минг бўлди. Шу пулни сизга берай, мен учун бир соат ажратинг.
Бугун ғафлат уйқусидан уйғонмоқ керак. Инсон ўз оиласидаги фарзандига бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ. Қаҳрамон шоиримиз айтганларидек:
Марсга тўп отқувчи — сен,
Зуҳрони уйғотқучи — сен,
Уйқуда қотқучи — сен,
Уйғон ўзинг, уйғон ўзинг.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,
Асака тумани “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими
Маккаи мукаррамага етиб келган навбатдаги зиёратчиларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ишчи гуруҳи аъзолари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний ҳамда масъул мутасаддилар томонидан алоҳида эҳтиром ва самимият билан кутиб олинди.
Юртдошларимиз замонавий ва янги қурилган меҳмонхоналарга киришлари биланоқ, уларга зам-зам суви, хурмо, турли ширинликлар, гулдасталар ҳамда эсдалик туҳфалари тақдим этилди.
Кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва эътибордан мамнун бўлган зиёратчилар Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, бу каби меҳр ва эҳтиромни муқаддас Маккаи мукаррамада ҳам чуқур ҳис қилаётганларини изҳор этдилар.
Шу тариқа, юртимизда устувор аҳамият касб этаётган инсон қадри ва инсонга эътибор тамойили нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ юртларда ҳам амалий ифодасини топаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати