Мино Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи бўлиб, у Масжид ал-Ҳарам шимолидан 7 км узоқликда жойлашган. Иброҳим алайҳиссалом шу ерда шайтонга тош отганлар ва қурбонлик қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам видолашув ҳажини адо этганларида тош отиб, қурбонлик сўйганлар. Ва: “Мана шу ерда қурбонлик қилдим. Минонинг барча ерида қурбонлик сўйилур”, деганлар.
Ҳожилар Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни бомдод намозини адо этиб бўлгач, Минога йўл оладилар ва Арафа кунининг бомдод вақтигача шу ерда истиқомат қиладилар. Сўнгра Арафотга кетиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни яна Минога қайтадилар ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттирадилар.
Юртимиздан жўнаб кетган ҳожилар ҳам Набий алайҳиссаломнинг суннати санийяларига амал қилиш ниятида шундай улуғ, муборак масканга йўл олдилар. Бу ерда ибодатнинг мағизи бўлган дуо билан машғул бўлиб, юртимиз, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги сўраб дуолар қиладилар.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг дуолар мақбул бўладиган лаҳза ва маконларда қилаётган дуои-хайрларини қабул этсин. Сўрайдиганларидан афзалини берсин.
ЎМИ матбуот хизмати
#xabar #haj2025
Шу йил 12 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчиликларидаги ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳлари эсон-омон она диёримизга етиб келдилар.
Нурли юзи, қувноқ кўзида Ватан соғинчи намоён бўлган ҳожилар жамоасини таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида эҳтиром ила кутиб олишди.
Ҳожиларимиз муборак заминда Ҳақ таолонинг фарзи – Ҳаж амалини чиройли адо этиб, соғу саломат ўз юртига етиб келганлари ва яқинлари дийдорига етишганлари учун шукроналар айтиш баробарида эл-юрт ҳаққига хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати