Зулҳижжа сўзи қандай маънони англатади? “Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради.
Зулҳижжа ойи қандай ой? Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир.
Зулҳижжа ойи қандай фазилатларга эга? Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кун йўқ”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти)
Бу ойда тутилган рўза улуғ ажрларга мушарраф этади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Зулҳижжа ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолони янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!” дердилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Муҳаррам ойининг 1-куни — 2026 йил 16 июнь, сешанба кунига тўғри келмоқда.
Муҳаррам — ҳижрий тақвимнинг биринчи ойи бўлиб, Қуръони каримда зикр қилинган тўрт улуғ ва ҳурматли ойлардан биридир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам янги чиққан ойни кўрганларида шундай дуо қилардилар:
اللَّهُمَّ أَهِلَّهُ عَلَيْنَا بِالْيُمْنِ وَالْإِيمَانِ وَالسَّلَامَةِ وَالْإِسْلَامِ رَبِّي وَرَبُّكَ اللهُ
Ўқилиши:
«Аллоҳумма аҳиллаҳу алайна бил-юмни вал-иймани, вас-салаамати вал-Ислами, Роббий ва Роббукаллоҳ».
Маъноси:
«Эй Аллоҳим! Бу ойни бизларга барака ва имон, саломатлик ва Ислом ойи қилгин! Эй ҳилол, менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир!»
Янги 1448-ҳижрий йилда Аллоҳ таоло хонадонларимизга тинчлик ва барака, қалбларимизга мустаҳкам иймон берсин ва ҳаётимизда бизни солиҳ амалларга муваффақ айласин!
1448 ҳижрий йил — муборак бўлсин!
#ҳижрий_1448_йил #янги_ой_эълони #янги_ҳижрий_йил
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати