Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Октябр, 2025   |   10 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:03
Қуёш
06:21
Пешин
12:17
Аср
16:18
Шом
18:07
Хуфтон
19:19
Bismillah
02 Октябр, 2025, 10 Рабиъус сони, 1447

Ҳадис шарҳи: Мол – дунё фитнами?

02.08.2018   15500   4 min.
Ҳадис шарҳи: Мол – дунё фитнами?

“Каъб ибн Иёз (р.а.) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.)­нинг бундай деб айтаётганларини эшитдим: “Ҳар бир уммат учун фитна бор, менинг умматим фитнаси мол-дунёдир” (Имом Термизий).

Шарҳ. Имом Термизий саҳиҳлигини айтган ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз (а.с.) мол-дунё мавзусига эътибор қаратганлар. Шарҳчилар ҳадисдаги “фитна”ни залолат ва маъсият, яъни адашиш ва Ҳаққа осийлик деб изоҳлашган. Яъни, бу умматни ҳақ йўлдан оздириб, диндан узоқлаштирадиган энг муҳим омил моддият ва молдир. Ислом душманларининг ошкора ва махфий ташкилотлари мусулмонларни йўлдан тойдириш учун кўпинча моддият ва мол-дунёдан тузоқ сифатида фойдаланишмоқда. Буни кузатиб туриб, Аллоҳ таолонинг: “Кофир бўлганлар мол-мулкларини Аллоҳ йўлидан тўсиш учун сарфлайдилар” (Анфол, 36), деган огоҳлантирувининг амалдаги исботини кўрамиз. Пайғамбаримиз (а.с.)нинг юқоридаги ҳадислари билан ғайбдан хабар беришларига яна бир карра имон келтирамиз.

Айни пайтда, бу ҳадисни нотўғри талқин қилмаслик керак. Ислом дини аслида бойлик ва моддий куч-қудратга қарши эмас. Аксинча, мусулмонларни меҳнат қилишга ва пул топишга тарғиб этадиган кўплаб ҳадислар бор. Динимизнинг муҳим қисми бўлмиш закот, ҳаж, садақа каби фарз ва мандуб амалларни бажариш учун, албатта, мол-дунёга эга бўлиш керак. Шунингдек, “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”, “Аллоҳнинг наздида кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва суюклироқдир”, “Тақводор кишига бойликнинг ҳеч бир зарари йўқдир” каби ҳадислар мусулмонларни меҳнатга, моддий жиҳатдан бақувват бўлишга ундайди.

Шундай экан, мол ва моддиятни ёмонлашдан мақсад, агар ҳушёр, сергак бўлинмаса, ахлоқий ва диний жиҳатдан тубанлашишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришдир. Унутмайликки, тараққиёт, ривожланиш йўқчилик ва эҳтиёждан келиб чиққани каби, қолоқлик ва танбаллик ҳам бойлик келтирган тўкинлик, исроф сабабли юзага келади. Бунга энг ёрқин мисол Саодат асри ва ундан кейинги саҳобалар давридир. Ўша пайтда очликдан силласи қуриб, қорнига тош боғлаб юрган одамлар қисқа муддатда дунёнинг уч қитъасига Аллоҳнинг ҳақ динини етказишди. Замонлар ўтиб, бутун дунё хазиналари мусулмонларга қараб оқа бошлаганида эса, одамлар бамай­лихотирликка ва дангасаликка берилишди. Оқибатда илм-фан, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда дунёга устозлик қилган мусулмон олами тараққиётдан орқада қолган, қарам ва боқиманда ҳолга тушиб қолди.

Шундай экан, азалий ва абадий ҳақиқатларни етказувчи бўлган Пайғамбаримиз (а.с.)нинг мол-дунё борасидаги тутум­ларини ушбу ҳадисдан билиб олсак бўлади: «Одамлар мол-дунё борасида тўрт қисмдир: бир банда бор, Аллоҳ унга мол ва илм берган, у моли хусусида Аллоҳдан қўрқади ва уни силаи раҳм учун сарфлайди. Молидаги Аллоҳнинг ҳаққини билади ва уни адо этади. Мана шу одам энг юксак мартабага эришади.

Яна бир банда бор, Аллоҳ унга илм бергану аммо мол бермаган. У яхши ниятда: “Агар молим бўлса эди, фалончига ўхшаб хайрли йўлларга сарфлардим”, деб орзу қилади. Аллоҳ унинг ниятини қабул қилади ва олдингилар билан тенг ажр беради.

Учинчи (хил) банда бор, моли етарли, лекин Аллоҳ унга илм бермаган. У молини шаҳват ва бузуқлик-фитна йўлларига сарфлайди. На Раббидан қўрқади ва на силаи раҳм қилади. Молидаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди. Бу энг ёмон мартабадир.

Тўртинчи (хил) кимса бор, Аллоҳ унга мол ҳам, илм ҳам бермаган. Аммо у исрофчиларга ҳасад қилиб: “Қанийди, менинг ҳам пулим бўлсайди, фалончига ўхшаб сарфлаб, унга ўхшаб яшардим”, дейди. У ҳам нияти сабаб ўша исрофгарлар билан гуноҳда тенг шерик бўлади».

Манба:irfon.uz

 

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар

Ким УСТОЗ?

30.09.2025   5223   9 min.
Ким УСТОЗ?

Аллоҳ  Таоло оламларни  бунёд этгандан cўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни яратди. Одам Ато қовурғасидан Момо Ҳавони яратиб, улардан фарзандларини кўпайтирди.

 

Ривоят этилишича, одамзотнинг кўнглига 3 нарса урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. 

Биринчиси эр учун – аёл, аёл учун – эр. Чунки аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби, аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан.

Инсон кўнглига урмайдиган иккинчи нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан.  Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам, Одам Ато ва Момо Ҳаво  илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён.

Башарият фарзанди учун учинчи улуғ  нарса бу китоб экан. Зеро Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказганлари, мусулмонлар дилига сингдирганлари маълумдир.

Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар.

Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи – Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний қадриятларимиз эса буларнинг   ҳаммаси – ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан қиммат, бебаҳо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!

 

Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан,  демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга  қаратилган таълим-тарбия»«маориф» деган маъноларни англатади.

Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат ИЛМ мавзусига доир масалалардан иборатдир.

Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикмати ила ихтиёр этди.

Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.

Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси  бешикларидан бири бўлганини халқаро  жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда...

Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига  айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг ҳизматлари беқиёс экани бизга улкан  ғурур ва ифтихор бағишлайди.

 

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони Каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-ҳунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони Каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

 

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.

Бизнинг доно халқимиз

«Устоз – отангдек  улуғ»,

 

«Уста борида қўлингни тий,

Устоз борида – тилингни»,

 

«Уста бўлсанг, устозингни унутма!»,

 

«Устозингга тик қарасанг – тўзасан,

Ҳурмат қилсангаста-аста ўзасан»,

деб бежизга айтмаган.

 

Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг ЭНГ Биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса,

“Аллоҳ Одам (алайҳис салом)га барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди”  (Қуръони Карим Бақара сураси 2/31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида ЭНГ Буюк Устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР !

Ҳар бир инсон зоти учун эса ЭНГ Биринчи Устози – унинг  ОТА-ОНАСИДИР ! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

Шунинг учун ҳам ўзининг қадр-қимматини билган, ўзининг кимлигини тушуниб етган ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.   

Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар...

Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига серқиррали эътиборимизни беришимизда қуйидаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимизни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.

Каломуллоҳ Қуръони Каримнинг ояти муборакларига ва Жаноби Пайғамбаримизнинг муборак ҳадиси шарифларига биноан «устоз»нинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Миралишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

    Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.

 

Шунчалик улуғ (!) даражага устознинг мавқеи кўтарилган.

“Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз УСТОЗ деб тушунишимиз лозим!

Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» деб улуғлайди.

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий

Сайр айламакни қилди ихтиёр.

Мулозимлар ила чиқдилар йўлга

Ва кичик болага келдилар дучор.

 

Ўшанда Навоий  отидан тушиб,

Ўша ёш болага қилибди таъзим.

Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол 

Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

 

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,

Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?

Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,

Салом бериши душвор!»

 

Навоий дебдики: “Мен кўрган бола

Устозим  боланинг бобоси эди.

Олисларда қолиб кетган дамларнинг

Узоқлардан келган садоси эди…

 

Устозим мен учун отадан улуғ!

Шунингчун болага қилдим мен таъзим.

Устозимдан қолган неварасига

Салом бермаслигим  гуноҳу азим!

 

Доно халқимиз ўз мақолларида ҳам “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор...

Зеро бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла ИНОМОВ