Ҳосид ҳар куни кимнидир чақиб турмаса, ҳасад қилмаса туролмайди. Бу шундай дардки, ўзи бировга қишда қор бермайди, ўзгалар берганини эса кўролмайди. Гоҳо ўзига-ўзи ҳасад қилур, бу дардга уни кибру ҳаво солур. Ҳасад заҳрини солишга кимса топилмаса, ўзини-ўзи чақур. Нақадар аянчли!
Дунёда юрак хасталигидан оғриганларнинг аксари ҳасад сабаб ушбу дардга йўлиқади, ёруғ олам нурига ҳасад-ла боқиб, жон таслим қилади.
Аллоҳнинг қудрати билан чаённинг болалари ўз оналарини еб каттарар экан. Ҳасад ҳам, ҳасадчини еб битирар экан.
Эй азиз фарзанд! Ўзингни ҳасаддан сақла, ҳасад шундай дардки, у гўё аччиқ алаф кабидир, у алаф асалга қўшилса, унинг таъми ва рангини бузади. Ҳасад қалбнинг ва имоннинг кушандасидир. Бу дунёда ҳавас билан яшагин, ҳасад билан эмас. Шунда орзуингдаги бахтга эришасан.
Илону чаёндек чақма ҳар кимни,
Боласи чаённи ейди қилиб ем.
Қалбингда тўпласанг лим-лим ҳасадни,
Бир кун келиб, ўзинг йиғлайсан юм-юм.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шу йилнинг 26-27 октябрь кунлари Хоразм вилоятида имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-амалий семинар ташкил этилади. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош имом-хатиблари иштирок этади.
Семинарда ўзаро тажриба алмашиш, тарғибот ишларини олиб бориш, имом-хатиблар касб-маҳоратини ошириш, аҳоли билан мулоқот қилиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда хайрия тадбирларини амалга оширишдаги замонавий услуб ва ёндашувлар билан ўртоқлашилади.
Иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти вакиллиги фаолияти, янгича иш юритиш тартиби, таъсирчан тарғибот тадбирлари, рақамли молия-хўжалик фаолияти, сифатли медиа контент тайёрлаш ва фуқаролар мурожаати билан ишлашдаги илғор тажрибалари тақдимот қилинади.
Семинар қатнашчилари вилоятдаги “Фахриддин ар Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти, замонавий таълим-тарбия усуллари ва ўқув-методик жараёнлари билан атрофлича танишиб, талабалар билан дилдан мулоқот қиладилар.
Тадбирлар давомида бош имом-хатиблар ўзларига бириктирилган Хоразм вилоятининг туман-шаҳарларида кенг аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказадилар. Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги масжидлар ҳолати ва имом-хатиблар фаолиятини ривожлантириш юзасидан тавсиялар берадилар.
Илмий-амалий семинар давомида саховат, мурувват ва меҳрибонлик уйлари, зиёратгоҳлар ва охирги йилларда қайта қурилган масжидларга ҳам зиёратлар уюштирилади.
Тадбирлар якунида тўпланган билим ва кўникмалар, янгича иш услублари ва эришилган натижалар муҳокама қилиниб, илғор тажрибалар кенг оммалаштирилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати